Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Иқтисод ўсаётган бўлса халқ нега қашшоқ?


Ўзбекистон расмийларига кўра, 2009 йил бирнчи ярим йиллигида аҳоли даромади 25 фоизга ўсган.
Ўзбекистон расмийларига кўра, 2009 йил бирнчи ярим йиллигида аҳоли даромади 25 фоизга ўсган.

Ўзбекистон расмийлари 2009 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат иқтисодида ўсиш бўлгани, аҳоли даромади 25 фоизга ошганини айтаётган бўлса-да, кузатувчилар бу маълумотларга ишончсизлик билан қарамоқдалар.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ўтган ярим йилнинг ижтимоий-иқтисодий якунларига бағишланган йиғинида мамлакатда нафақат барқарор иқтисоднинг йўлга қўйилишига, балки юқори даражада иқтисодий ўсишга эришилгани айтиб ўтилди.

Келтирилган расмий рақамларга кўра, мамлакат ялпи даромади ўтган йили 8,2 фоизга ўсган, саноатнинг ўсиш даражаси 9,1 фоизни, жумладан, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 13,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4,6 фоизни ташкил этган, хизматлар кўрсатиш 18,5 фоизга ўсган. Аҳолининг реал даромадлари эса одам бошига йил давомида қарийб 25 фоизга ошган.

Лекин мустақил кузатувчиларга кўра, ҳукумат келтираётган бу рақамлар Ўзбекистондаги асл вазиятни акс эттирмайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти яқинда Ўзбекистонда қашшоқлик ҳақида ҳисобот билан чиққан эди. Ташкилот раиси Абдужалил Бойматовнинг таъкидича, келтирилган расмий рақамлар Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳвол борасида улар эга бўлган маълумотларга тамомила зиддир.

- Ўзбекистон статистик маълумотларининг нотўғрилигини халқ ҳам билади. Иқтисодий ўсиш бўлса¸ нега Ўзбекистон халқи ичида ҳар йили чет элларга - Россияга¸ Қозоғистонга кетаëтганлар борган сари кўпаяяпти? Нега бунақа бўлаяпти? Иқтисодий ўсиш бўлаëтган мамлакатда бунинг акси бўлиши керак. Чет элга чиқадиган меҳнат муҳожирларининг сони камайиши керак-ку¸ - дейди Абдужалил Бойматов.

Вазирлар Маҳкамаси йиғинида Ўзбекистонда аҳолининг иш билан бандлиги даражасини ошириш энг муҳим вазифа экани ва ҳисобот даврида ярим миллиондан зиёд ишчи ўрни, жумладан, қишлоқ жойларида 328 мингта, корхоналар ва касаначилик соҳасида 52 мингта иш ўрни ташкил этилгани ҳам гапирилди. Тошкентлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев кузатишлари бунинг аксини кўрсатмоқда.

- Тошкентликлар орасида ишсизлик даражаси анча баландлиги кўзга ташланаяпти ва одамларнинг ичида машҳур бўлган корхоналарнинг ëпилишига норозилик кайфияти етарлича сезилиб туради. “Одамларнинг аҳволи яхшиланаяпти ëки бозорда нарх-наволар тушиб бораяпти” деб айтишимиз мумкин эмас¸ - дейди Комрон Алиев.

Аммо, Комрон Алиев Ўзбекистон ҳукумати айтаётган ўсиш мамлакат табиий бойликлари, газ, олтин, пахта экспорти ҳисобидан бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмайди.

Ўзбекистон жаҳоннинг энг йирик олтин экспорт қилувчи давлатлари ўнлигига киради. Пахта ҳам Ўзбекистон экспортининг асосий қисмидир. Ўтган йили Ўзбекистон 3,4 миллион тонна пахта ҳосили олганини эълон қилди. Лекин расмийлар олтин ва пахтадан тушадиган даромад ҳақидаги маълумотларни сир сақлайди ва бу Ўзбекистонда очиқ мубоҳаса қилинмайди.

- Ўзбекистоннинг бойликлари қаëққа кетаяпти? Ундан кимлар даромад кўраяпти? Нега Ўзбекистон халқи борган сари қашшоқлашиб бораяпти?

Ўзбеклар Қозоғистон ва Россиядан ташқари Европа мамлакатларига¸ Араб мамлакатларига¸ Жанубий Кореяга кетишаяпти. Ишонасизми¸ Атлантика окенаидаги кичкина-кичкина давлатларга ҳам ўзбеклар етиб борган. Мана Тували деган битта мамлакат бор экан. Мен шу давлатни билмас эдим. Ирландияга келиб билдим. Ўша ерга ҳам ўзбекалр бориб ишлаяпти.

Иқтисодий ўсиш бўлаëтган бўлса¸ газдан¸ нефтдан фойда келаëтган бўлса¸ автомобиллар четга сотилаëтган бўлса¸ кимлар фойда кўраяпти бундан? - дейди Абдужалил Бойматов.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 27 миллион аҳолининг учдан бири қашшоқлик чизиғидан пастда кун кечиради. Баъзи бошқа манбалар эса ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи қашшоқлиги ва уларнинг кунлик харажати бир АҚШ долларидан камроқ эканини айтишади.
XS
SM
MD
LG