Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:04

Курдлар мухторият президентини сайламоқда


Ироқ шимолидаги Курдистон мухтор округида президентлик ва маҳаллий парламентга сайловлар ўтказилмоқда. Хабарларга кўра, мухторият аҳли сайловда фаол овоз бермоқда.

Курдистон мухтор округининг Эрбил, Даҳук ва Сулаймония вилоятларида овоз бериш ҳуқуқига эга икки ярим миллионга яқин фуқаро рўйхатга олинган. Маҳаллий ахборот агентликлари 25 июл кунги сайловда овоз берувчиларнинг фаоллиги юқори даражада эканини хабар қилмоқдалар.

Минтақа деярли барқарор бўлишига қарамай, сайлов давомида хавфсизликни таъминлаш учун хавфсизлик кучларининг 20 мингга яқин аскари сафарбар қилинган. Овоз берувчиларга эса сайлов участкаларига яёв боришга ёки ҳукумат томонидан ажратилган махсус автобусларда боришга рухсат берилган.

Ироқлик курдлар илк маротаба тўғридан-тўғри мухторият президентини сайламоқдалар.

Президентликка беш номзод даъвогарлик қилмоқда ва амалдаги президент Масъуд Барзанийнинг бу сайловдаги имкониятлари юқори баҳоланмоқда:

- Курдистон халқининг президент ва маҳаллий парламент аъзоларини сайлаётганини кузатишдан биз мамнунмиз. Ишончимиз комилки, бугунги сайловлар Бағдод билан мавжуд тафовутларни бартараф этишга, миллий бирдамлик, курд ва араблар, қолаверса, Ироқдаги бошқа этник гуруҳ вакиллари ўртасида қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди сайлов участкаларидан бирида овоз берган Масъуд Барзаний.

Аксар курдлар Ироқ пойтахти Бағдодда ҳам овоз бердилар. Пойтахтда овоз берган Муҳаммад Али исмли сайловчи гапиради:

- Мен курдман, Сулаймония шаҳриданман. Менинг оилам мазкур шаҳарда овоз берди. Мен Бағдодда ишлаганим боис шу ерда овоз беришга ва бу демократик жараёнларнинг бир бўлаги бўлишга қарор қилдим, деди курд сайловчиларидан бири.

Маҳаллий парламентга ўтказилаётган сайловда эса Курдистон Демократик партияси ва Ватанпарвар иттифоқи коалициясининг яхши натижага эришиши кутилмоқда.

Айни пайтда Курдистон мухтор округидаги сайловлар Бағдод ва Киркук расмийлари ўртасида ҳудуд ва нефтдан тушган даромадни тақсимлаш борасида қизғин тортишувлар бораётган даврга тўғри келди.

Кўпгина курдлар Бағдоднинг нефт заҳираларини қандай ўзлаштириш ва ундан тушаётган даромаднинг нималарга сарфлаш лозимлиги борасидаги режаларига қарши чиқмоқдалар.

Курдистон мухтор округи жорий йилнинг июн ойидан бошлаб қўшни Туркияга нефт сота бошлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 6 да ёпилади ва сайлов натижаларининг келаси ҳафта давомида эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG