Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Ўзбеклар жасади ахлатдан топилди


Ўзбекистонлик тўрт мардикор жасади ахлатхонадан топилган.
Ўзбекистонлик тўрт мардикор жасади ахлатхонадан топилган.

Россия матбуотига кўра¸ Новосибирскда ўзбекистонлик олти мардикорни ўлдириб¸ жасадларни ахлатга ташлаганини тан олган икки шахс қўлга олинган. Қотиллик юзасидан тергов жараëни бормоқда.

Новосибирск шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига асосланиб Сибиркрай.ру ахборот агентлиги тарқатган дастлабки хабарга кўра, 27 июл куни терговчилар ахлатхонадаги қотиллар кўрсатган жойдан тўрт одамнинг ярим ириган жасадларини топган. Уларнинг Ўзбекистон фуқаролари жасадлари экани тахмин қилинмоқда.

Орган ходимлари мазкур жиноятга алоқадорликда гумон қилинган икки шахсни қўлга олган. 1987 ва 1975 йилда туғилгани айтилаётган бу шахслар муқаддам судланган бўлиб тергов пайтида улар бир ой олдин ишлаш учун Новосибирск вилоятига келган олти нафар Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганини тан олган.

Россия федерацияси прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитасининг Новосибирск вилоят туманлараро тергов бошқармаси бўлими бошлиғи Виталий Свирин Озодлик билан суҳбатда топилган жасадлар шахсини аниқлаш юзасидан иш олиб борилаётганини айтди.

- Бу қотиллик атиги бир кун олдин маълум бўлди. Шу боис¸ ҳозирда вазият атрофлича ўрганилаяпти. Шахсларни аниқлаш, жиноятчи ва жабрланувчилар ўртасидаги муносабат ҳақида кейинроқ маълумот берилади, деди Новосибирск вилоят туманлараро тергов қўмитаси расмийси.

Хабарларга кўра, жиноятчилар ўзбекларни улар билан бирга ўтириб¸ ароқ ичишгандан кейин ўлдирган. Қўлга олинганларнинг айтишича, битта ўтиришда улар икки ўзбекни ўлдириб¸ жасадларни ахлатхонага яшириб келишган. Сўнг ўтириш тугагунча¸ қолган яна икки ўзбекни ўлдиришган. Бошқа ўтиришда эса¸ улар яна икки ўзбекистонлик жонига қасд қилишган. Маълум бўлишича, ўлганларнинг ҳаммаси Новосибирскда ишсиз ва ҳужжатсиз қолган ўзбекистонликлар бўлиб¸ боз устига улар бошпанасиз ҳам бўлган.

Новосибирсклик Андрей Ивановнинг Озодликка айтишича, ҳозир шаҳарда ўзбекларни ҳар қадамда учратиш мумкин ва улар асосан бозорда мева савдоси¸ ҳамда қурилишда ишлайди. Ўзбеклар маҳаллий аҳоли қилишни хоҳламайдиган ва кам маош тўланадиган ишларга жалб этилган¸ дер экан Иванов, маҳаллий аҳолининг ўзбеклар ҳақидаги фикри турлича эканини қўшиб ўтади.

- Биринчидан, ўзбеклар билан бирга ишлаганларнинг уларга нисбатан муносабати яхши. Айниқса, қурилиш соҳасида улар жуда яхши ишлашади. Баъзилар меҳнат муҳожирларига нисбатан салбий муносабатда. Ҳатто уларга беҳурмат бўлган одамлар ҳам бор, дейди Новосибирскда яшовчи Андрей Иванов.

Яқинда Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу йилнинг биринчи ярмида мамлакатда миллий нафрат ва ксенофобия асосида ўлдирилган мигрантлар сони ўтган йил шу даврига нисбатан сезиларли камайганини маълум қилди.

Бироқ Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Баҳром Ҳамроев¸ меҳнат мигрантлари, жумладан ўзбекистонликларнинг ашаддий миллатчилар қўлида қурбон бўлиш ҳолларининг камайганига оид хабарни бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумот олиши қийинлашгани билан изоҳлайди.

Айни пайтда Баҳром Ҳамроев¸ сўнгги пайтларда Россияда Ўзбекистон фуқароларининг бедарак йўқолиши ҳоллари кўпайганини алоҳида таъкидлайди.

- Охирги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари умуман йўқолиб қолаяпти. Уларни ҳеч ким тополмаяпти. Уларнинг оилалари милиция ходимларига мурожаат қилганда¸ аризани қабул қилади ва ҳеч бир натижа чиқмайди. Олти–саккиз ойлаб йўқолиб қолган Ўзбекистон фуқаролари умуман топилмаяпти. Буни қандай баҳолаш мумкин? 28–30 ёшдаги Ўзбекистон фуқаролари, йигитлар умуман дом-дараксиз йўқолиб кетган, дейди россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев.

Расмий маълумотларга кўра¸ 2008 йилда Россияда рус миллатчилари томонидан 80 нафар муҳожир ўлдирилган, 195 нафари жароҳатланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, жорий йил бошидан бери Россияда 11 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлдирилган, олти нафари жароҳатланган.
XS
SM
MD
LG