Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

"Ўғлимда айб йўқ"


Туркиялик Фатҳуллоҳ Гулен бошида турган "нурчи"лик оқимига алоқадорликда айбланиб, сўнгги ойларда Ўзбекистонда 100 га яқин киши маҳкамага тортилди.
Туркиялик Фатҳуллоҳ Гулен бошида турган "нурчи"лик оқимига алоқадорликда айбланиб, сўнгги ойларда Ўзбекистонда 100 га яқин киши маҳкамага тортилди.

Самарқанд шаҳрида “нурчилик”да айбланиб узоқ муддатларга қамалган 11 кишининг исмлари аниқ бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.

Самарқанд вилояти жиноят ишлари суд ҳукми билан етти йилдан ўн бир йилгача қамоқ жазосини ўташга маҳкум қилинган бу йигитларнинг ёши 19 дан 31 гача.

Нурчиликда айбланган Ҳасан Каримов, Бахтиёр Фаттоев, Нусратулла Ибодуллоев, Баҳодир Ҳамроевлар 11 йил, Солижон Ширматов, Баҳодир Муҳаммадиев, Шуҳрат Ҳодиевлар 9 йил, Жамшид Облоқулов, Аббос Тоҳировлар 8 йил ва Раҳматулла Ибодуллаев, Фозил Икромовлар 7 йил умумий тартибдаги колонияда жазо муддатини ўтайдиган бўлди.

Айблов хулосасига кўра, бу йигитлар Ўзбекистон ЖКнинг “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш”- 244-моддаси биринчи банди, “ Экстремист, сепаратчи, фундаментал диний ва бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш”- 244-моддаси иккинчи банди билан айбландилар.

Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашуровнинг айтишича, бу йигитларнинг ҳаммаси интеллектуал салоҳияти кучли бўлган, зиёли шахслар бўлган:

- Дарҳақиқат¸ мен улар билан айнан таниш бўлмасам ҳам, лекин дўстларим орқали уларни таниймиз. Жуда ўқимишли¸ намозхон¸ тоза¸ ҳалол болалар, деб эшитганмиз. Мустақиллик даврида турк лицейлари очилган даврда шу турк лицейларини битирган болалар. Самарқандда ресурс марказига ўхшаган нодавлат нотижорат марказ ташкил қилганлару¸ талантли болаларни ўқишга тайëрлаганлар¸ дейди Комилжон Ашуров.

Тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган 28 ёшли Баҳодир Муҳаммадиевнинг онаси Ҳожар опанинг Озодлик радиосига айтишича, унинг ўғлининг “нурчи”ликда айбланиши тамоман асоссиз ҳолдир. У ўғлининг жуда ҳам билимга чанқоқ бола бўлганлигини, Самарқанддаги турк лицейини аъло баҳолар билан битирганини таъкидлар экан, Баҳодир “Сайҳун” ўқув марказида бор-йўғи бир йил ишлаганидан кейин бошқа ишга ўтган пайтда қамоққа олинганини айтади:

- Ўғлим тўрт эмас¸ фақат беш баҳога турк лицейини тугатди. 2000 йил ҳеч қандай пулсиз¸ ўз кучи билан Самарқанд давлат университетига кирган бўлса¸ 2004 йилда тугатди. Тўрт йил давомида оддий ишчи оила бўлсак ҳам, болам қийналмасин деб, ҳаракат қилдим. Ўқиш даврида ҳам тиниб ўтирган эмас. Жуда ҳам билимга чанқоқ¸ фақат ўз устида ишлайдиган бола¸ дейди Ҳожар опа.

Унинг сўзларига кўра, айбловлар унинг ўғлига ва бошқа йигитларга тергов пайтида қиноқлар остида тан олдирилган. Лекин судда улар бу айбловларни инкор қилишди.

Айблов хулосасига кўра, Самарқанддаги “Сайҳун” ўқув марказини ташкил қилган бу ёш зиёли йигитлар диний гуруҳ тузган. Лекин, Ҳожар опанинг айтишича, бу йигитлар бир-бирларини ҳатто танимасликлари ҳам суд мажлисида аён бўлди:

- Гуруҳ тузилди¸ ташкилот тузилди, деяпти. Бу бўлмаган гап. Додимни кимга айтай? Судда 11 нафар бола бир-бирини танимаса. Ўғлим олти-еттитасини танимайман¸ дейди. Булар бир-бирини танимаса¸ қандай қилиб ташкилот тузади? Ташкилот деганнинг ҳам масъулияти бўлса керак¸ каттаси иш буюрса керак, тўғрими? Қоидаси шунақа бўлади-да. Ўғлимни бошидаëқ қўрқитишган. Нима деса деган¸ бу хулосада бор. Лекин судда: “Ҳурматли суд, менинг умуман айбим йўқ, мен умуман китоб тарқатмаганман, бировга китоб бермаганман¸ бировдан китоб олмаганман, менинг айбим йўқ”, деб айтган¸ дейди Ҳожар опа.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг авгус ойидан бошлаб нурчиликда айбланиб 100 яқин одам маҳкамага тортилди. Бу йигитларнинг ҳаммаси турк лицейининг битирувчиларидир. Уларга Туркияда Саид Нурсий асос солган “нурчилик” диний оқимининг фаоллари деган айбловлар қўйилди.

Айблов манбаларида айтилишича, бу диний экстремистик оқим бўлиб, ислом давлати қуришни тарғиб қилади. Бироқ шу пайтгача бу айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонлик йигитлар оддий илм-фан кишилари эканлигини, уларнинг асосий мақсади, диний тарғибот эмас, балки мамлакат ривожига ҳисса қўшиш эканлигини суд залларида айтиб келдилар.

- Шу пайтгача ўғлимни синдиришди, деб хафа бўлиб кетган эдим. Майли, жони омон бўлсин. Олдимга келиб ишламаса ҳам майли. Шунчалик совудим мен, биласизми... Ўғлим “Ватан учун¸ унинг гуллаб-яшнаши учун жонимни фидо қилишга тайëрман” деб судда ҳам айтди. Хатларида ҳам айтган. “Аяжон¸ мени кечиринг, агар гуноҳим бўлса¸ мени оқ қилинг”, деган. Биласизми¸ шунчаликка борган. Ўғлимда айб йўқ¸ дейди кўз ëшларини тўхтата олмаган Ҳожар опа.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда ўтган йили зиёли қатламини йўқ қилишни ниятида ишга тушган қатағон машинаси бугун ҳам шиддат билан ишламоқда:

- Биласизми¸ бу репрессив машина. Буни Сталин пайтидаги репрессия билан ўлчаш мумкин. Ўша репрессия пайтида ҳам энг интеллектуал¸ ўқимишли одамларни отишган¸ қамашган. У ерда оддий одамлар бўлмаган. Репрессия шунақа нарсаки¸ давлат раҳбари раз диктаторми - диктаторлигини қилади. Бу табиий нарса. Мана шунақа одамларни қамаш билан бошқаларни қўрқитиш масаласини кўтаради. Мен ўзининг талабини қўядиган¸ талабчан¸ ҳукуматга¸ судга талаблар қўйиш – бунақа нарса йўқ. Одамлар шу пайтгача қўрқувда. Бу қўрқитишнинг усулининг бири¸ дейди Суръат Икромов.

Сўнгги маълумотларга кўра, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди куни кеча турк лицейини битирган Рустам Қувондиқовни ҳам “нурчилар” диний оқимига алоқадорликда айблаб, етти йилга озодликдан маҳрум этган.
XS
SM
MD
LG