Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2021, Тошкент вақти: 13:26

Ўзбекистон хабарлари

Сеул расмийси Тошкентда музокаралар ўтказди

Ўзбекистонга ташриф буюрган Жанубий Корея президентининг махсус вакили Ан Санг Су раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида музокаралар ўтказди.

“ЎзА” агентлигининг хабар қилишича, мулоқотлар чоғида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ривожи ва истиқболига оид масалалар юзасидан фикр алмашилган.

10 август куни эса Жанубий Корея президентининг махсус вакили Оқ саройда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабулида бўлди.

Мазкур учрашувда ҳам икки давлат ҳамкорлигига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Кун янгиликлари

Сурхондарёда келган сел туфайли Тошкент-Термиз автомагистрали вақтинча ёпиб қўйилди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 май куни тушдан кейин Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудидан ўтган М-39 автомагистралининг 1385-километрида кучли ёмғир ёғиши сабабли сел тошқинлари юзага келган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кечаги куннинг ўзида йўлнинг белгиланган қисмига бир нечта махсус техника сафарбар этилганини билдирган.

“Ушбу соатларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлиги остида йўлни тош ва лой массасидан тозалаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.

ФВВ қайдича, сел ҳодисаси натижасида ҳеч ким жабрланган эмас, йўлнинг сел туфайли тўсилган қисми эса яқин соатларда транспортлар ҳаракати учун очилиши маълум қилинган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 95 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 10 май ҳолатига кўра, 95 минг 72 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг Навоий вилоятидан бошқа барча ҳудудларида жами 313 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 372 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 90 минг 664 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 3 минг 744 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 664 нафарга етганини билдирган.

Бу орада вазирлик 10 май куни мамлакат ҳудудлари бўйлаб COVID-19 га қарши жами 50 минг 581 доза вакцина қўлланилгани, булардан 1-босқич эмланганлар сони 17020 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 33561 нафарни ташкил қилганини маълум қилган.

Шу тариқа, ССВ маълумотига мувофиқ, бугунги кунгача Ўзбекистонда жами 1 миллион 173 минг 978 доза вакцинадан фойдаланилган бўлиб, 1-босқичда эмланганлар сони 1миллион 57 минг 94 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 116 минг 884 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги алифбо таҳририга оид қонун лойиҳаси муҳокамаси яна 6 ой давом этади

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамасини жорий йилнинг 1 ноябригача давом эттиришга қарор қилган. Бу ҳақда Давлат тилини ривожлантириш департаменти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур қарор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ҳар томонлама пухта, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ва таклифларини чуқур ўрганган ҳолда такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Департамент келажак 6 ой давомида масъуллар томонидан қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига бағишланган илмий анжуманлар, маъруза ва семинарлар ўтказилиши, алифбога шаклий ўзгаришлар киритилиши муносабати билан талаб этиладиган харажатлар миқдори ўрганилишини, оммавий ахборот воситаларида такомиллашаётган алифбонинг турли (фонетик, график, техник, имло) хусусиятларига доир туркум кўрсатув ва мақолалар ташкил этилишини урғулаган.

“Илмий анжуманларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар турли соҳа олим ва зиёлиларидан иборат экспертлар гуруҳи иштирокида ўтказиладиган конференцияда кўриб чиқилиб, якуний хулосага келинади ҳамда лойиҳа билан биргаликда Ҳукуматга киритилади”, дейилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти хабарномасида.

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги версияси лойиҳаси шу йил 16 март куни муҳокамага қўйилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилиб, regulation.gov.uz сайтида ёйинланган қонун лойиҳаси муҳокамаси 31 мартгача давом этиши кўзда тутилганди. Янги алифбодан 28 ҳарф, битта ҳарфлар бирикмаси ҳамда тутуқ белгиси ўрин олган.

Департамент 15 кунлик муҳокама давомида лойиҳани 26 мингдан зиёд киши кўриб, 1035 та фикр қолдиргани, таклифларнинг 56 фоизи (547 таси) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилинишига оид экани, таклиф ёзганларнинг 32 фоизи (302 нафари) эса амалдаги алифбода қолишни ёқлаганини очиқлаган.

Аксилмонополия қўмитаси 34 та кластерни чигит нархини келишиб оширганликда гумонлаяпти

Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан иш қўзғатган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган қўмита матбуот хизматига кўра, бу қарорга МҚКҚ пахта ёғи нархлари кескин ошганлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижасида келган.

“Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрел ойи давомида биржа савдоларига 40 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан техник чигит савдоларга қўйилганлиги ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилганлиги аниқланган”, дейилган аксилмонополия қўмитаси хабарномасида.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархининг ошишига асосан кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит таъсир кўрсатаётганини қайд этган МҚКҚ айни пайтда айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари ҳам вазиятдан фойдаланган ҳолда пахта чигити нархини асоссиз оширишгани, бу эса пахта ёғи нархига ҳам ўз таъсирини кўрсатганига эътибор қаратган.

Аксилмонополия қўмитаси мулозимлари Газета.uz нашрига мазкур кластерлар вакиллари буйруқни бажариб, ўз хатоларини тўғрилашлари кераклигини урғулаган.

“Қўмита уларнинг келишув йўли билан тузилган шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Агарда талаб бажарилмаса, маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин”, дея иқтибос келтирган МҚКҚ вакиллари сўзларидан онлайн нашр.

“Сардоба иши” бўйича 17 кишига ҳукм ўқилди. Улар 4 йилдан 10 йилгача қамалди (ВИДЕО)

Сардоба тошқинида вайрон бўлган аҳоли пункти, 2 май, 2020, Сардоба, Сирдарё.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 10 май куни «Сардоба иши» бўйича 17 кишига ҳукм ўқиди.

Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” бош директорининг собиқ ўринбосари М. Холматов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00

“UzGIP” МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган С. Рудневга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида 133 800 000 сўм жарима жазолари тайинланди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колонияларда ўташ белгиланди.

“Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК раҳбари лавозимида ишлаган С. Абдуназаров 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилини. Унга ҳам 133 800 000 сўм жарима тайинланди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колонияларда ўташ белгиланди.

Сардоба: “Бу ерлар олдин жаннат эди” – омон қолганлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00

Бундан ташқари TO’PALANG HDP IRRIGATION SYSTEMS” собиқ раҳбари Б. Асадов, мазкур ташкилотда турли лавозимларни эгаллаганлар - Л. Тожиддинов, К. Рўзиев, А. Шукуров, (“Омад дубл” МЧЖ собиқ раҳбари И. Каттабеков ва унинг қўл остида ишлаган Ў. Хамраев, Ш. Мамиров, “Sariosiyo qurilish” раҳбари ва мансабдорлари С. Муродулоев, А. Муродуллаев, “Trans servis kompleks” собиқ директори Ф. Махмудов,унинг ўринбосари З. Жабборов ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилиб, жаримага тортилди.

Сув хўжалиги вазирлиги Сув ресурслари васувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ш. Кучкаров Жиноят кодексининг 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш) да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида 22 300 000 сўм жарима жазоси тайинланиб, дастлабки қамоқда сақланган 126 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ 6 865 000 сўм жарима жазоси қолдирилди

“Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси собиқ бошлиғи Ф. Данабоев 5 йилга, “Сардоба”нинг бош муҳандиси бўлган С. Каххоров 4 йилга қамалди.

Олий суднинг билдиришича, уларга нисбатан маҳкама жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Шунингдек, судланувчилардан ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш оқибатида ҳамда “Сардоба” сув омбори ўпирилиши натижасида етказилган зарарларни ундириш чоралари белгиланди.

2020 йилнинг 1 май тонгида содир бўлган Сардоба сув омбори тўғонининг қулаши Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат ва энг драматик техноген фалокатга айланди. Уч йил олдин қуриб битирилган тўғоннинг ëрилиши ўн минглаб одам ҳаëтини остин-устун қилди¸ мамлакат иқтисодига миллиардлаб зиëн етказди.

Озодлик бу фалокат ва унинг оқибатлари тўғрисида қатор мақолаларни ҳамда видеолавҳаларни ўз вақтида эълон қилган.

Рамазон ҳайитида ўзбекистонликлар қаторасига 4 кун дам олади

Ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси пандемия муносабати билан ҳайит намозларини ўқишни номозхонлар зиммасидан соқит қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан, Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2021 йилда 13 май – пайшанба кунига тўғри келади.

Президент қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 14-15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари ҳисобланади.

“Рамазон ҳайити карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилади”,-дейилади Адлия вазирлиги билдирувида.

Ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси пандемия муносабати билан ҳайит намозларини ўқишни номозхонлар зиммасидан соқит қилган эди.

Жорий йилги ҳайит намозининг ўқилиши ёки яна мусулмонлар зиммасидан соқит қилиниши ҳозирча номаълум.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил қилинади

Бухородаги корхоналардан бири.

Вазирлар Маҳкамаси 10 май куни “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ҳамда “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида”ги низомларни тасдиқлади.

Низомга асосан ёш тадбиркор сифатида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган, юридик шахс ёки таъсисчи мақомига эага, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон фуқаролари тан олинади.

Ёшлар саноат зоналари фақат муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида ташкил этилади.

Патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартаплар, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил қилиш устуворликка эга бўлади.

Саноат зоналарида яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган бўлиши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон коронавирус кучайган Ҳиндистон ва Туркияга авиақатновларни чеклади

Республика махсус комиссияси Истанбул шаҳридан Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларига авиақатновларни 2021 йил 5 майдан 1 июнга қадар тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бундан ташқари Ҳиндистон ва Туркияга сайёҳлар учун мўлжалланган барча чартер қатновлар жорий йил 10 майдан бошлаб эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.

Айни пайтда Тошкент-Истанбул йўналишида авиақатновларни вазиятдан келиб чиқиб, жорий йил 10 майдан бошлаб талабдан келиб чиққан ҳолда бсоқичма-босқич камайтиришга қарор қилинди.

Республика махсус комиссиясининг билдиришича, қарор Ўзбекистонга коронавирус инфекциянинг янги штаммларини кириб келишини олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Айни пайтда Ҳиндистон коронавирус тарқалиши бўйича жаҳонда АҚШдан кейинги иккинчи ўринни, Туркия эса бешинчи ўринни эгалламоқда.

Истанбулда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар Тошкентга олиб келинди

Истанбул манзараси.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида оғир аҳволда қолган олти нафар ўзбекистонлик Тошкентга олиб келингани тўғрисида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, улар Истанбулга ишлаш учун борганлар, лекин пандемия даврида молиявий қийин вазиятга тушиб қолганлар ҳамда коронавирусга ҳам чалиниб, даволаниб чиққанлар. Шундан сўнг улар Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

“Ўзбекистон фуқаролари – Т.И, М.Ю ва уларнинг фарзандлари Ватанга қайтарилди”,-дейилади хабарда.

Агентлик аввалроқ Россияда қийин аҳволда қолган 9 нафар ўзбекистонлик Тошкентга бепул олиб келингани тўғрисида билдирган.

Зангиотадаги болалар боғчаси мудираси 1 миллиард сўмга яқин пулни ўғирлаган

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 16-сонли болалар боғчаси мудираси деярли 1 миллиард сўмни талон-торож қилганликда айбланмоқда.

Тошкент вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, мазкур боғча мудираси 37 та ходимининг пластик карточкасини ноқонуний равишда тортиб олиб, табелларга сохта маълумотларни киритиб, жами 983,5 миллион сўм бюджет маблағини ўзлаштириб юборган.

Прокуратура, бундан ташқари, Оққўрғон туманидаги 2,6,10,12-сонли болалар боғчалари раҳбарлари ҳам тарбияланувчилар учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилганини аниқлаган.

Билдирилишича, жами 11 та боғча раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

2021 йилнинг 24 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳақда бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов Ўзбекистонда 2020 йилда манзилли дастурларни амалга ошириш учун ажратилган 10 триллион сўмнинг 845 миллиард сўми талон-торож қилингани ҳақида гапирган эди.

Фарғона расмийлари немис аскарлари акс этмиш плакатни тайёрлаганларни жазоламоқчи

Фарғона шаҳри дарвозаси

Фарғонадаги “Ватанпарварлар боғи”да 9 май арафасида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” сўзлари остида Вермахт аскарлари расми туширилган кўчма плакат ўрнатилган.

Вилоят ҳокимлиги масъули Файзулло Қосимов “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги натижасида мазкур плакатнинг боғ ҳудудига ўрнатилишини “ёқимсиз ҳолат” деб атаган.

Мулозимга кўра, ҳозирги пайтда бу масалани вилоят ҳокимлиги ўргана бошлаган.

“Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расмни олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади”, дея қайд этган Ф. Қосимов.

Фарғона вилояти ҳокимлиги масъули айни пайтда мазкур кўчма плакат “Ватанпарварлар боғи”дан олиб ташлангани, ўрнига II жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилишини қўшимча қилган.

Шодиевлар ширкати “Пахтакор”ни Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайтариб берди

Миллиардер Фаттоҳ Шодиев оиласига қарашли экани айтиладиган SFI Management Group МЧЖ “Пахтакор” футбол клубининг ўз тасарруфидаги барча акцияларини Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказиб берди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрлар иддаосига кўра, ширкат йил бошидан буён “Пахтакор”га ҳомийлик қилган эмас.

“Пахтакор” футбол клуби акцияларининг 80 фоизи Ўзбекистон президентининг 2017 йил 21 августидаги қарори билан SFI Management Group МЧЖга “ноль” қийматда ўтказиб берилган, бунинг эвазига ширкат беш йил мобайнида камида 200 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятларини ўз зиммасига олганди. Бизнес режада клубга оид бино ва иншоотлар халқаро талабларга мос тарзда қурилиши, реконструкция қилиниши ва капитал таъмирдан чиқарилиши кўзда тутилганди.

Президент қарорига мувофиқ, “Пахтакор” устав жамғармасининг 20 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида қолдирилган эди. SFI Management Group клуб акцияларининг 80 фоизини топширгани ортидан пойтахт ҳокимлиги “Пахтакор” акцияларининг 100 фоизига эга бўлиб қолди.

Ўзбекистон ҳукумати 2017-2018 йилларида Шодиевлар ишончли бошқарувига берилган қатор йирик корхоналарни (Ўзбекистон металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзиккиламчиранглиметалл” заводи ва б.) қайтариб олгани Озодлик аввалроқ хабар қилган.

АҚШ долларининг расмий курси яна 10,5 минг сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 10 майидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, душанбадан АҚШ долларининг расмий курси аввалги курсга нисбатан 18 сўм 36 тийинга кўтарилиб, 10 минг 511 сўм 84 тийинни ташкил этади (ваҳоланки, 7 май ҳолатига кўра ҳам доллар курси 10 минг 493 сўм 48 тийинга тенг бўлган эди). Умуман олганда, ўтган ҳафта мобайнида Ўзбекистонда АҚШ доллари курсида кетма-кетига бир неча кун пасайиш кузатилганди.

Айни пайтда 10 майдан евронинг расмий курси ҳам олдинги курсга нисбатан 55 сўм 75 тийинга қимматлаб, 12 минг 697 сўм 25 тийинга тенг бўлади (7 май ҳолатига кўра, евро курси 12 минг 641 сўм 50 тийинга тенг бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

COVID-19 ни даволаш бўйича хусусий касалхоналарга берилган ҳуқуқ муддати узайтирилди

Ўзбекистонда нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқи 2022 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан тегишли ташкилотлар таклифини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

Қайд этилишича, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга хизмат кўрсатиш, коронавирус инфекциясига ПЗР ва экспресс-тест текширувлари ўтказиш фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тегишли талаблар асосида амалга оширилади.

Қарор билан нодавлат тиббиёт ташкилотларига Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари билан тузадиган шартномаларига мувофиқ, даволаш ишларини амалга ошириш ва санитария қоидаларига риоя қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни мунтазам топшириб бориш вазифаси юклатилган.

Айни пайтда хусусий касалхоналарга коронавирус инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш ишларини www.bemor.ssv.uz дастурида олиб бориш мажбурияти асосида амалга ошириш белгиланган.

Ўзбекистонда ўтган йили ишсизлар сони 1,5 миллиондан ошди

Ўзбек-Қирғиз чегарасининг Қирғизистон томонида иш берувчиларни кутаётган ўзбекистонликлар.

Ўзбекистонда 2020 йил якунларига кўра, ишсизлар сони 1 миллион 550 минг кишини ташкил этгани ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 14 миллион 800 минг кишига етган. Улардан 13 миллион 200 мингги, яъни 89,5 фоизи иш билан таъминланган, 1 миллион 550 минг аҳоли ишсиз. Бу меҳнатга яроқлиларнинг 10,5 фоизини ташкил этади.

2019 йил якунларига қараганда, Ўзбекистонда ишсизлар сони 2020 йилга нисбатан 223 минг 100 кишига оз бўлган ва бу 9 фоизни ташкил қилган.

Давлат статистика қўмитаси ишсизлар сонининг кўпайишига пандемия туфайли жорий этилган чекловлар сабаб бўлганини билдирмоқда.

Ўзбекистон вилоятлари орасида ишсизлик бўйича Самарқанд биринчи ўринни эгалламоқда. Мазкур вилоятда 174,5 минг киши ишсиз. Кейинги 4 ўринда Фарғона (152,2 минг), Андижон (150,6 минг), Қашқадарё (147,5 минг) ва Тошкент вилоятлари (140,9 минг) бормоқда.

Иш билан таъминланган 13 миллион 200 минг аҳолининг 2 миллион 490 мингги давлат секторида, 10 миллион 700 мингги эса хусусий секторда ишлайди.

Айни пайтда 2020 йилда 2019 йилга нисбатан давлат секторида ишлайдиганлар сони 33,7 минг кишига кўпайган, хусусий секторда ишлайдиганлар сони эса 335,3 минг кишига камайган.

Ўзбек киноклассикаси -“Сен етим эмассан” ва “Генерал Раҳимов” Ўзбекистонга қайтарилди

"Сен етим эмассан", "Маҳаллада дув-дув гап", "Тошкент -нон шаҳри" каби фильмлар режиссери Шуҳрат Аббосов 2018 йилнинг 25 апрелида Тошкентда вафот этган эди.

Собиқ СССР пайтида “Ўзбекфильм” томонидан суратга олинган “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби “дурдона кинофильм”лар 9 майдан бошлаб “илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши режалаштирилмоқда”. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Билдирилишича, “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби ўзбек киносининг ўз вақтида машҳур бўлган 16та кинофильми Маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кино фондларидан рақамлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон телеканаллларида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Матонат” ҳужжатли фильми, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Унутилмас қаҳрамонлар” туркумидаги 8 та ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилади.

Мазкур туркум доирасидан биринчи ўзбек снайпер аёли Зебо Ғаниева, иккинчи жаҳон уруши жангоҳларини суратга олган илк ўзбек оператори Қудрат Суюнов, қаҳрамон Мамадали Топволдиев тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар бор.

Ўзбекистон автомобиль экспортининг 95 фоизи Қозоғистонга тўғри келмоқда

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 1-чорагида хориж давлатларига умумий қиймати 87 миллион 400 минг долларлик енгил автомашина экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан 50,9 миллион долларга кўпдир.

Давлат статистика қўмитасининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилишича, мазкур экспортнинг 95 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Мазкур мамлакатга Ўзбекистон умумий қиймати 82 миллион 600 минг долларга тенг бўлган 8 468 дона автомобил сотган.

Экспортнинг қолган қисми Украина (1,5 миллион доллар), Афғонистон (1,3 миллион доллар), Қирғизистон (963,3 минг доллар), Озарбайжон (444,7 минг доллар), Россия (313,0 минг доллар) ва Тожикистон (134,4 минг доллар” тўғри келган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳираси сўнгги 5 ой ичида биринчи марта кўпайди

Беш ойдан бери камайиб бораётган Ўзбекистон халқаро олтин-валюта захираси январь ойидан бири биринчи марта кўпайди, аммо 2021 йилнинг бошидаги миқдорга етгани йўқ.

Марказий банкнинг билдиришича, 7 май ҳолатига кўра, 34 миллиард 191 миллион 200 минг долларга етган. Бу апрель ойига нисбатан 1,5 миллиард долларга кўпроқ, бироқ январь ойидагига қараганда камроқдир.

2021 йилнинг 1 январидаги маълумотларда, олтин-валюта захираси 34 миллиард 904 миллион доллар эди. 1 апрелда эса захира 32 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилганди.

Марказий банкнинг билдиришича, май ойида олтин-валюта захирасининг кўпайишига олтин нархи тушишининг тўхтагани сабаб бўлди. Бугунги кунда захирадаги олтин миқдори 9,5 тоннага ошиб, 11,7 миллион унцияга етди.

Коронавирусга қарши эмланганлар 1 миллиондан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 1 миллион 46 минг 668 нафарга етди. Бу ҳақда 7 май куни кечқурин ССВ хабар қилди.

Эмланганларнинг энг юқори кўрсаткичлари Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган. Тошкентда 80 минг 920 киши коронавирусга қарши эмланган.

Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш 1 апрель куни бошланган эди.

27 апрелдан боғча ходимлари, ўқитувчилар ва сурункали касаллиги бор шахсларни коронавирусга қарши эмлаш бошланди.

Айни пайтда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси вакилларини COVID-19га қарши эмлаш жараёни бошланди.

Делегация вакиллари Россиянинг Sputnik V вакцинаси билан эмланаётгани хабар қилинди. Режага кўра, жами 250 нафар спортчи ва мураббийлар эмланиши лозим.

Мирзиёев ва Путин бир-бирини Ғалаба байрами билан табриклади

Мирзиёев Бош вазир пайти Путин билан учрашувида олинган сурат.

7 май куни Шавкат Мирзиёев билан Владимир Путин ўртасида ўтган телефон мулоқотида икки давлат раҳбари фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклади.

Телефон мулоқоти “ҳар доимгидек самимий, дўстона ва ишчан руҳда ўтгани”ни ёзган President.uz хабарига кўра, икки президент бир-бирини “самимий қутлаб, эзгу тилаклар изҳор қилганлар”.

“Елкама-елка туриб бирга қаҳрамонона жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларимизнинг буюк жасорати миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди”, дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда хабарда Мирзиёевнинг Москвада ўтадиган Ғалабанинг 76 йиллигига бағишланган парадга бориш-бормаслиги очиқланмаган.

Ўтган йили пандемия сабаб 24 июнга қолдирилган Ғалаба парадига Мирзиёев борган эди.

Бу йил Ўзбекистон қўшниларидан Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ғалаба парадига бормаслиги айтилмоқда.

Буни Кремль матбуот котиб Дмитрий Песков матбуотга маълум қилди.

Песковга кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қизил майдонда бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда иштирок этади ва унинг Путин билан учрашувида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можаро ҳам муҳокама қилинади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам Ғалаба парадига бормаслиги айтилган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йили Қизил майдондаги парадга боришдан бош тортганди, бу йил унинг бориш-бормаслиги номаълум.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Россияга темир йўл қатновини тикламоқчи

“Ўзбекистон темир йўллари” халқаро темир йўл қатновларини босқичма-босқич тиклаш бўйича Қозоғистон ва Россия темир йўл маъмуриятларига мурожаат юборди.

"Ушбу мурожаат ҳар икки давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва яқин келажакда амалга оширилиши мумкин”, дейилади ширкат хабарида.

Расмий хабарга кўра, темир йўл қатновлари пандемия сабаб 2020 йилнинг мартида тўхтатилган ва кейинги бир йил давомида фақат Москвадаги ватандошларни олиб келиш учун махсус поездлар ташкил қилинган.

Айни пайтда шу давр мобайнида мамлакат ичкарисида янги йўналишлар очилган.

Жумладан, Термиз – Хива – Термиз, Андижон – Нукус – Андижон, Тошкент – Наманган – Андижон, Андижон – Наманган – Тошкент, Андижон – Хива – Андижон, Тошкент – Олот – Тошкент, Тошкент – Шовот йўналишларида поездлар қатнови йўлга қўйилган.

Расмийларга кўра, “Афросиёб” тезюрар поездлари йўналишларини ҳам кўпайтириш режаланган.

Режага кўра, “Бухоро – Мискин” янги темир йўл линиясида электрлаштириш ишлари якунига етгач, ушбу поездлар Хива шаҳрига қатнайди.

Covid-19: Бир кунда яна икки бемор вафот этди, қурбонлар сони 662га етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги бир кунда коронавирусга чалинган беморлардан икки нафари вафот этган, касалликдан ўлганлар сони 662 нафарга етган.

7 май ҳолатига кўра, 400га яқин янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 93978ни ташкил этади.

ССВга кўра, касалликдан соғайганлар жами 89703 нафарга етган ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизга тушган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3648 нафар бемор даволанмоқда.

Ҳиндистон ва Туркиядан келганлардан тилхат олинади

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ҳиндистон ва Туркиядан Ўзбекистонга учиб келаётган ҳар бир шахс уй ёки меҳмонхона широитида карантинда бўлишлари юзасидан тилхат тўлдиришади.

Шунингдек, улар карантин қоидаларини бузган тақдирда жавобгарликка тортилиши борасида огоҳлантирилади.

Ушбу икки давлатдан келган йўловчилардан аэропортда ПЗР тест олинади ва бу бепул амалга оширилиши белгиланган.

Расмий маълумотга кўра, ПЗР тестлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

ССВга кўра, ПЗР тест таҳлили 18 соат ичида мусбат чиққан тақдирда белгиланган тартибда даволаш ишлари ташкиллаштирилади.

ПЗР тест таҳлили натижаси манфий чиққан тақдирда шахс 14 кунлик карантинда бўлиши давом эттирилади.

ССВ: COVID-19 дан бир кунда уч киши вафот этди, қурбонлар сони 660 нафарга етди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан уч нафари вафот этган, шу тариқа COVID-19 қурбонларининг умумий сони 660 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, 2021 йил 6 май ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 93 минг 597 нафарни ташкил этган.

ССВ кеча Ўзбекистоннинг истисносиз барча ҳудудларида 421 киши коронавирус юқтириб олганини билдирган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 363 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 89 минг 338 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда муолажа олаётган беморлар сони 3599 нафарга етганини қўшимча қилган.

Мирзиёев келгусида ҳокимлардан ҳам чет тилини билиш талаб қилинишини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда, Газета.uz хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Йиғилишда президент хорижий тилларни ўрганиш бўйича қишлоқ хўжалиги каби кластер тизимини жорий қилиш зарурлигини таъкидлаган.

“Ишга қабул қилишда чет тилини билиш мажбурий бўлади. Ҳокимлар ҳам энди чет тилини билиши керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Унга кўра, чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилади.

Аввалроқ Озодлик президент Мирзиёев 6 май кунги видеоселекторда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилишини очиқлагани ҳақида хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG