Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:27

Тергов қоидалари ислоҳ қилинади


24 август куни президент Барак Обама маъмурияти АҚШ ҳукуматининг ўтмишда ва келажакда террорчиликда гумон қилинаётганларга нисбатан муносабатига оид қарорларни қабул қилди.

Хусусан, Жорж Буш президентлиги даврида Марказий разведка бошқармаси терговчилари террорчиликда гумон қилинаётганларни сўроқ қилишда йўл қўйилган қонунбузарликларга оид жиноий ишнинг очилиши ана шундай чораларнинг бири бўлди.

Адлия вазирлигининг исми ошкор бўлишини истамаган расмийсига кўра, президент Жорж Буш маъмурияти даврида терговчилар разведка бошқармасига ишлаган мутахассислар томонидан гумон қилинаётганларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатларни текшириш вазифаси федерал прокурорга топширилган.

Буш маъмурияти йилларида президент ва унинг мулозимлари терговчилар томонидан сўроқ қилишнинг қўпол кўринишлари, жумладан, гумонланаётгандан муҳим кўрсатмаларни олиш мақсадида унинг бошини сувга тиқиш каби усулларни ёқлаган эди.

Ўтмишдаги бу каби ҳаракатлар жиноий иш доирасида тергов қилинишига оид хабар Марказий разведка бошқармасининг сўроқ қилиш усулларига оид махфий ҳисоботнинг ошкор этилиши билан бир пайтда пайдо бўлди.

Бу ҳисобот 2004 йилда тайёрланган, лекин Америка фуқаровий эркинликлар уюшмаси ҳукуматни судга бериб, бу ишни ютгунга қадар махфийлаштирилган эди.

Ҳисоботда келтирилишича, МРБ зобитлари ва пудратчилари гумонланаётганлардан кўрсатма олиш учун уларни тўппонча ва электр дрели билан қўрқитишган. Терговчилар, шунингдек, 11 сентябр воқеаларини уюштирганликда айбланган Холид Шайх Муҳаммадга бола-чақасини ўлдириш билан таҳдид қилишган. Яна бир гумонланаётган кўз олдида оила аъзоларини зўрлаш билан қўрқитилган. Яна бир ҳолатда маҳбус сўроқ қилинаётган камерага қўшни хонада тўппонча отилган.

Маҳбусни ўлдириш билан қўрқитиш АҚШнинг қийноқларга қарши қонунини бузиш ҳисобланади.

Обама маъмурияти бундан кейин ҳар бир терговчи АҚШ армиясининг қонун-қоидаларга оид махсус қўлланмасига амал қилиши лозимлигини таъкидлади. Бу қўлланмада терговчи сўроқ пайтида гумонланаётганга нисбатан қандай усулларни қўллай олиши ёки қўллай олмаслиги батафсил кўрсатилган.

Унда хусусан кейинги йилларда қўлланган усуллар, масалан, маҳбусларни яланғоч қилиб ечинтириш, ҳарбий итлар билан қўрқитиш, ўта иссиқ ёки совуқ шароитларда ушлаш ва бошини сувга тиқиш каби ҳаракатлар таъқиқланган.

Бир неча ой аввал президент Обама МРБ томонидан махфийлаштирилган Буш даврида “такомиллаштирилган сўроқ техникаси” деб талқин қилинган усулларга рухсат берилганига оид ҳужжатни ошкор қилди.

У ўша пайтда адлия вазирлиги кўрсатмаларига амал қилган МРБ ходимлари жазоланмаслигини айтган эди. Душанба куни эълон қилинган жиноий иш доирасида ҳам қўпол сўроқ усулларига яшил чироқ берган Оқ уйнинг собиқ расмийларининг жавобгарликка тортилиши кутилгани йўқ.

МРБ раҳбарияти душанба куни эълон қилинган ҳисоботни изоҳлаганича йўқ.

Ўтмишда МРБ зобитларининг қонунбузарликларига оид тафсилотларни ошкор қилиш билан биргаликда Оқ уй маъмурияти келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга оид тадбирларни ҳам белгилаб олмоқда.

Бу тадбирлардан бири ўлароқ Оқ уй томонидан бевосита назорат қилинадиган ва ҳукуматнинг турли идоралари мутахассисларидан иборат тергов бўлими тузилмоқда.

Оқ уй матбуот вакили Билл Бёртон янги бўлим “Маҳбусларни қонунга мувофиқ сўроқ қилиш бўлими” деб аталиши ва Федерал қидирув бюроси тасарруфида бўлишини маълум қилди.

Террорчиликда гумон қилинаётганларни тергов қилишда МРБнинг роли камаяётгани, Бёртонга кўра, бу агентликнинг разведка маълумотларини тўплаш ишларидаги аҳамиятини камайтирмайди.

- Шубҳасиз, олиб бориладиган терговларда МРБ муҳим рол ўйнайди. У шу пайтгача разведка маълумотларини тўплашда самарали ишлаб келди. Федерал қидирув бюроси олиб борадиган ишларнинг ярми равзедка маълумотларини тўплашдан иборатлигини кўпчилик билмайди. Тузилаётган янги бўлим бу турли элементларнинг битта гуруҳ доирасида бирлаштирилиши ва ўз вазифаларини самарали амалга оширишларига имкон беради. Равзедка бошқармаси ходими бу бўлимда бошлиқ ўринбосари даражасидаги вакилига эга бўлади, яъни унда МРБнинг ўзига яраша ўрни бўлади, деди Оқ уй расмийси.

Бёртон Обама маъмурияти Буш давридаги каби террорчиликда гумон қилинаётганларни учинчи давлатларга юбориш амалиётини давом эттириши, лекин маҳбуслар қийноқларни қўлловчи давлатларга жўнатилмаслигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG