Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:32

АҚШнинг бош банкири лавозимида қолди


АҚШ президенти Барак Обама собиқ президент Жорж Буш томонидан Марказий банк раислигига тайинланган Бен Бернанкенинг бундан буён ҳам мамлакатдаги молиявий аҳволни барқарорлаштиришга ҳаракат қилишига ишонади.
АҚШ президенти Барак Обама собиқ президент Жорж Буш томонидан Марказий банк раислигига тайинланган Бен Бернанкенинг бундан буён ҳам мамлакатдаги молиявий аҳволни барқарорлаштиришга ҳаракат қилишига ишонади.

АҚШ президенти Барак Обама мамлакат молиявий бозоридаги барқарорликни сақлаб қолиш уриниши ўлароқ Марказий банк раиси Бен Бернанкени ўз лавозимида иккинчи муддатга қолдиришга қарор қилди.

Бу қарорнинг қабул қилиниши Оқ уйнинг келаси 10 йил ичида давлат бюджети дефицити 9 триллион АҚШ долларига етиши ва мамлакат иқтисоди 2 фоизга қисқариб, ишсизлик 10 фоизни ташкил этишига оид бешоратларни эълон қилиши билан бир вақтга тўғри келди.

Обама ўз қарорини шахсан эълон қилиш ниятида таътилини тўхтатиб туришга мажбур бўлди.

- Менинг ёнимда турган одам - Бен Бернанке Марказий банкни мамлакатимиз ва бутун жаҳон юз тутган энг ёмон молиявий бўҳронлардан бири даврида бошқарди. Буюк депрессия бўйича мутахассис сифатида Бен яна бир депрессиянинг олдини олиш учун масъул бўлишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Лекин унинг билими, характери, жасорати ва топқирлиги бунга эришишга ёрдам берди. Шунинг учун уни Марказий банк раислигига қайтадан тайинлаяпман, деди Обама.

55 яшар Бен Бернанке республикачи бўлиб, 2006 йилнинг февралида собиқ президент Жорж Буш томонидан Марказий банкка раис этиб тайинланган.

Молиявий бўҳрон бошланганидан буён у АҚШда устама фоиз кўрсаткичларини нолга яқин нуқтагача тушириб, молия бозорини юз миллиардлаб долларлар билан суғориш орқали рецессиянинг чекинишига эришди. Обама унинг хусусиятларини санар экан, ана шу каби чораларни назарда тутди.

Президентдан кейин сўз олган Бернанке унга нисбатан билдирилаётган ишонч учун миннатдорчилик билдирди.

- Марказий банк бошқа сиёсий идоралар сингари кейинги бир-икки йил ичида мисли кўрилмаган муаммоларга юз тутди. Биз вазият тақозо қилгани боис жиддий ва ҳар томонлама ўйланган чораларни қўлладик. Лекин барқарор молиявий ва иқтисодий муҳитни тиклаш мақсадимиз ўзгаргани йўқ. Ўшанда америкаликлар учун имкон очилади ва уларнинг меҳнатсеварлиги тегишли тарзда тақдирланади, деди АҚШ Марказий банки раиси.

Обаманинг қарори Конгресс ва Оқ уй бюджет дефицити ҳамда давлат қарзига оид сешанба куни эълон қилган прогнозлар сабаб бўлган ташвишларни бироз юмшатди.

Оқ уй эълон қилган янги маълумотларга кўра, келаси ўн йил ичида АҚШ давлат бюджети дефицити 9 триллион АҚШ долларига етади. Бу эса аввал тахмин қилинганидан 2 триллион долларга кўпроқдир.

Сешанба куни эълон қилинган ҳисоб-китобларда Қўшма Штатларнинг давлат қарзи 2019 йилгача икки баробарга ошиши тахмин қилинаяпти. Ҳозирда Американинг қарзи 11 триллион долларни ташкил этади. Булар жумласига бошқа давлатлардан олинган қарзлар ва ҳукуматнинг АҚШ давлат заҳираларидан ишлатган маблағлар киради.

Айни пайтда Конгресснинг Бюджет бўйича қўмитаси жорий йилда мамлакат иқтисоди 2,8 фоизга қисқаришини айтмоқда. Бу эса аввал башорат қилинган рақамлардан анча юқорироқдир.

Конгресс қўмитаси, шунингдек, келаси йили ишсизлик даражаси 10 фоизга яқинни ташкил этишини тахмин қилмоқда. Июл ойида Америкадаги ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилди.

Эълон қилинган янги рақамлар Американинг молиявий аҳволига оид баҳсларни кучайтириши ва президент Барак Обама маъмурияти бошламоқчи бўлган ислоҳотлар танқидчиларининг тегирмонига сув қуйиши айтилмоқда.

Сешанба куни ўз қарорини эълон қиларкан, президент Обама соғлиқни сақлаш ислоҳотларига оид режаларидан қайтмаслигини яна бир бор таъкидлади.
XS
SM
MD
LG