Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:45

Қирғизистон Ўзбекистонни айланиб ўтмоқчи


Қирғиз-ўзбек чегарасидаги машмашалар, афтидан, қирғиз расмийларининг жонига теккан кўринади.
Қирғиз-ўзбек чегарасидаги машмашалар, афтидан, қирғиз расмийларининг жонига теккан кўринади.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов Ўзбекистоннинг Сўх анклавини айланиб ўтувчи автойўл қурилишини бошлаш ҳақида қарор имзолади.10 йилдан бери пайсалга солиб келинган бу йўлнинг 2011 йили ишга туширилиши кутилмоқда.

Қиймати 15 миллион сўмни ташкил қилган бу лойиҳани амалга ошириш учун ҳукумат республиканинг 2009 йил бюджетига ўзгартиш киритиш каби оворагарчиликдан ҳам чўчимаяпти.

Қирғизистон ҳукумати мазкур қарорнинг Қирғизистон транспорт мустақиллигини таъминлаш ҳамда Боткен вилоят маркази билан бир неча аҳоли пунктлари ўртасида узлуксиз автомобил қатновини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини айтмоқда.

- Бу Ўзбекистон анклавларини четлаб, Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган йўл бўлади. Бош вазир имзолаган қарорда бу йўлни тезликда қуриб битириш учун керакли бўлган маблағ ўз вақтида берилиши ва йўл қурилишини таъминлаш учун керакли бўлган ҳом ашё узлуксиз етказиб берилиши ҳақида гап боради, деди Қирғизистон бош вазири матбуот котиби Ойбек Султонғозиев.

Аммо айрим кузатувчилар¸ қирғиз расмийлари бу қадамга қирғиз-ўзбек чегарасидаги нохушликлар ҳақдаги шикоятлардан безгани туфайли борди, деган фикрдалар.

Бошқа кузатувчилар эса¸ қирғиз ҳукумати чегарадаги кичик-кичик зиддиятлар давлатлараро низога айланиб кетиши мумкинлигидан чўчигани сабабли ҳам ана шундай қарорга келганидан баҳс этмоқдалар.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида сўнгги пайтда содир бўлаётган зиддиятли воқеалар анчадан буён қирғиз расмийларининг бош оғриғига айланган. Бу масала ҳатто жорий йилнинг 20 май куни Қирғизистон парламентида ҳам муҳокама қилинган эди.

Чегараолди ҳудудларида содир бўлган воқеалар юзасидан икки давлат расмийлари бир неча бор музокаралар ўтказиб¸ бу борада қатор келишувларга эришганига қарамай, қирғиз-ўзбек чегараси, хусусан, Боткен вилоятининг Сўх анклави билан туташ жойларида зиддиятлар камайгани йўқ. Мазкур чегара пунктидаги сўнгги зиддият бундан бир ой муқаддам – 20 июл куни қайд этилди.

- Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки нафар фуқаросини калтаклаган, шунингдек, Ўзбекистонга қарашли Ҳушёр қишлоғи аҳолиси Қирғизистоннинг Чорбоғ қишлоғидаги сув қувурини ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган.

Воқеа жойига Боткен чегара отряди командири шахсий таркиб билан келганида у ерга 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланган ва қирғиз чегарачиларини тошбўрон қилган, деган эди ўшанда Озодлик мухбирига Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Дўстназар Абдулазизов.

Энди эса Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига кирмайдиган йўл қурилишига киришмоқчи. Қирғиз расмийлари Ўзбекистон ҳудудини айланиб ўтувчи йўл қурилиши ҳақида қарийб 10 йилдан буён гапириб келаётганига қарамай, бу ишга энди астойдил киришмоқчи бўлиб турибди.

Айни пайтда қирғиз ҳукуматининг бу қарори ўзбекистонликларни, хусусан, сўхликларни ташвишга солиб қўйган. Улар Ўзбекистонга қарамликдан тўла қутиладиган қирғиз чегарачилари эндиликда Фарғона вилоятидан Сўх анклавига ўтаётган ёки қайтаётган ўзбекистонликларга кўнгиллари тусагандай муомала қилишларидан чўчимоқдалар.

Ўзбекистоннинг Сўх анклавини айланиб ўтадиган йўл қурилишининг 2011 йилгача битирилиши мўлжалланмоқда.
XS
SM
MD
LG