Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

"Алишернинг ишини ëпмоқчи бўлишаяпти"


Фарзанд доғи дилини ўртаëтган Авазбек ака қотиллик ортида Ўзбекистон махсус хизматлари турганини таъкидлашдан тўхтамаëтир.
Фарзанд доғи дилини ўртаëтган Авазбек ака қотиллик ортида Ўзбекистон махсус хизматлари турганини таъкидлашдан тўхтамаëтир.

2007 йилнинг 24 октябр куни отиб кетилган ўшлик мустақил журналист Алишер Соиповнинг отаси қирғиз расмийларига шундай таъна қила туриб¸ Бишкекни Ўзбекистон закази билан уюштирилган қотилликни бекитмоқчи бўлаëтганликда айблайди.

26 август куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Озодликка кутилмаган хабар етиб келди.

2007 йилнинг 24 октябрида номаълум шахс(лар) томонидан отиб кетилган журналист Алишер Соиповнинг отаси Авазбек Соипов ўғлининг қотили деб гумон қилинган шахс устидан суд 29 июл куни якунига етгани тўғрисида хабар қилди. Аваз Соиповдан олинган бу информация 6 август куни пайдо бўлган бошқа расмий информациянинг ўша кунлардаги вазиятни тўла акс эттирганини шубҳа остида қолдиради.

Аввал 6 августга қайтайлик.

Ўша куни Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан очилган жиноят ишининг якунлангани ҳақида мамлакат президентига ҳисобот берган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Бақит Сеитов эса, 7 август куни Озодликка Алишер Соиповни ўлдирганликда гумон қилинаётган шахс устидан жиноят иши судга оширилгани тўғрисида айтган эди.

- Бу шахс Қирғизистон фуқаросидир. Уни қўлга олиш чоғида 2007 йилнинг 24 октябрида Алишер Соипов отиб ўлдирилган “Макаров” тўппончаси ундан олиб қўйилган. Бундан ташқари¸ унга тегишли 16 килограмм гиёҳванд моддаси ҳам мусодара этилган. Қатор тезкор-қидирув ишлари, экспертизалар ўтказилган. Натижада унинг айби тўла исботланган, иш судга оширилган ва уни ҳозирда Ўш шаҳар суди кўриб чиқмоқда, деган эди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозими.

Демак, 7 август куни Ўш шаҳар суди ишни кўришни бошлаган ёки бошлаш арафасида эди.

Марҳум журналист Алишер Соиповнинг отаси Авазбек Соиповнинг Озодлик радиосига 26 август куни хабар қилишича, 7 август куни суд якунига етганига 9 кун бўлган эди.

Авазбек аканинг айтишича, қотил деб гумон қилинган шахс – Расулов Абдуфарит устидан судлов 29 июл куни якунига етган ва жиноят иши қайта тергов қилиш учун қайтарилган.

Қўлимизда Ўш шаҳар судининг 2009 йил, 29 июлида чиқарган қарори нусхаси ҳам турибди.
Ўш шаҳар судининг 29 июл куни Алишер Соипов иши юзасидан чиқарган қарорининг илк саҳифаси.
Маҳкама қарорининг муҳр босилган иккинчи саҳифаси.


Хўш, Ички ишлар вазирлиги раҳбари президентга ва масъул ходими жамоатчиликка ахборот берар эканлар, нима учун суднинг якунига етгани, суд терговнинг чала ўтказилгани тўғрисида ҳукм чиқаргани, ишни қайта терговга жўнатгани тўғрисида лом-мим демади?

Бу савол жавобини излаяпмиз ва топишимиз биланоқ Сиз муштарийга етказамиз.

Ҳозирча эса, марҳум Алишер Соиповнинг отаси Авазбек ака билан ўтказганимиз суҳбатдан узиндиларни тингланг.

Судлов белгиланган ва ўтказилган кунлар ва якуни тўғрисида:

Озодлик: Суднинг биринчи мажлиси қайси числода бўлиб ўтди?

Аваз Соипов: Биринчи мажлис 3 июлда.

Озодлик: 3 июлда.

Аваз Соипов: 3 июл куни мажлис бўлмади. Айбланувчини олиб келишди¸ айбловчи йўқ. Шунинг учун судя еттинчи числога ўтказди. 7 июл куни ҳам бўлгани йўқ мажлис. Сабаби гувоҳлар йўқ эди. Шундай кейин 15 июлга ўтказди¸ 24 июлга ўтказди. Охири 29 июлда бўлди. 29 июл куни прокурорнинг¸ адвокатнинг розилиги ва менинг аризаларим билан суд қайта терговга жўнатди.

Озодлик: Демак¸ 3-7-15-24 июл кунларига суд мажлиси белгиланган¸ лекин бўлмаган-а?

Аваз Соипов: Ҳа.

Озодлик: 29 июл куни бир марта мажлис бўлди ва қайта терговга қайтарди-а?

- Ҳа¸ қайтарди¸ дейди Аваз Соипов.

Судланувчи тўғрисида:

Аваз Соипов: Афти-ангорининг суратдагига ҳеч қанақа ўхшашлиги йўқ. Алишер ўтгандан кейин “Орқасидан мана булар юрган экан” деб иккита одамнинг суратини кўрсатган эдию. Унга умуман ўхшамайди.

Озодлик: Ëши нечаларда?

Аваз Соипов: Тахминан 40-45 ларда. Қоп-қорадан келган.

Озодлик: У судда қайси тилда жавоб берди?

Аваз Соипов: Ўзбек тилида жавоб берди. Мен дарров “Алишерни отганмисиз?” деб савол бердим.

Озодлик: У нима деди?

Аваз Соипов: Дарров “йўқ” деди. Кейин мен “Ўша куни қаерда бўлгансиз?” дедим. “Мен уйимда¸ Лайлакда бўлганман” деди¸ дейди Аваз Соипов.

Ўш шаҳар судининг 2009 йил, 29 июлида чиқарган қарорида ёзилишича, айбланувчи Расулов Абдуфарит Боткен вилояти, Лайлак тумани, Мақсад қишлоғидан.

Аваз Соипов: Кейин мен “Ўша куни қаерда бўлгансиз?” дедим. “Мен уйимда¸ Лайлакда бўлганман” деди. “Шуни тасдиқловчи одамлар борми?” десам¸ “Бор” деди. Кейин адвокат Алимбековадан “Сиз шуни текширдингизми? Нимага индамай ўтирибсиз? Шу гувоҳлар борлиги тўғрисида сизда қоғозлар борми?” деб сўрадим. У бўлса “Мен у билан шуғулланганим йўқ” деб ўтирибди.

Озодлик: Айбланувчининг адвокатини давлат берганми ëки айбланувчининг ўзи ëллаганми?

- Шуни аниқ айтишмади. Чамамда давлат берган¸ дейди Аваз Соипов.

Авазбек ака Соиповнинг айтишича, у 29 июл кунги қароридан сўнг судга қандайдир босим бўлаётганини сезган. Авазбек ака бундай тахминлар учун асослари мавжудлигини айтди.

Босим сабаби Авазбек ака Соиповнинг фикрича, мана бундай:

Аваз Соипов: Қотилликка алоқаси борлар четда қолиб¸ булар Алишернинг ишини ëпмоқчи бўлишаяпти. Бошқа гап йўқ.

Озодлик: Алишернинг ўлимининг ортида қанақа кучлар турибди¸ деган фикрдасиз?

- Менинг фикрим шундай: Алишернинг ўлимининг орқасида киллер (қотил¸ ўлдирувчи) деган одам йўқ. Бу аниқ. Заказ бўлган Ўзбекистондан. Бу аниқ¸ дейди Аваз Соипов.

Авазбек ака Соипов, шунингдек, жиноятга алоқаси бўлиши мумкин, деб тахмин қилаётгани бир неча шахсни ҳам тилга олди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари президентга 6 август ва масъул ходими жамоатчиликка 7 август куни ахборот берар эканлар, нима учун суднинг 29 июл куни якунига етгани, суд терговнинг чала ўтказилгани тўғрисида ҳукм чиқаргани, ишни қайта терговга жўнатгани тўғрисида лом-мим демади?

Бу саволлар жавоби билан мавзуга яна қайтамиз.

26 ёшда қотиллик қурбонига айланган Алишер Соипов ўлимига қадар бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келди. У таъсис қилган, президент Каримов тузумига танқидий руҳдаги “Сиёсат” газетаси Ўзбекистон ҳудудида ҳам тарқалар эди. Алишер Соипов ўлимидан сал аввалроқ ўз фаолияти туфайли ҳукуматга қарашли ўзбек телевидениеси томонидан мамлакат миллий манфаатларига қарши чиқаётган журналист сифатида бадном қилинганди.

Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан мустақил текширув олиб борган бир қатор халқаро ташкилотлар ва айрим қирғиз расмийлари Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигини даъво қилди.

Расмий Тошкент эса, анча кескин бўлишига қарамасдан, ҳозирча бу даъволарни рад этиб чиққани йўқ.
XS
SM
MD
LG