Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Интернет кашф этилганига 40 йил тўлди


Ўзбекистон¸ мустақил сайтларнинг бўғилганига қарамай¸ интернет тез ривожланиб бораëтган давлатлардан биридир.
Ўзбекистон¸ мустақил сайтларнинг бўғилганига қарамай¸ интернет тез ривожланиб бораëтган давлатлардан биридир.

1969 йилнинг 2 сентябр куни Лос Анжелесдаги Калифорния университетида икки компютер орасида уч метрлик кабел орқали маълумот алмашиш амалга ошди ва шу кун Интернет туғилган кун сифатида тарихга кирди.

1957 йилда Совет иттифоқи сунъий йўлдошини фазога чиқарди. 60-йиллар бошида Совет иттифоқи ва АҚШ ўртасида Кариб можароси рўй берди. Ядровий уруш хавфи қаршисида қолган Қўшма Штатлар ҳар қандай ҳужумга дош бера оладиган марказлашган компьютер тармоғини яратишга киришди.

Бундай лойиҳани амалга оширишдан мақсад ҳарбий муассасалар, илмий ва ўқув марказлари компьютерларини ягона, ишончли тармоққа бирлаштириш, ядро ҳужуми натижасида тармоқнинг бир қисми ишдан чиққан тақдирда ҳам ишлаш фаолиятини сақлаб қоладиган тармоқни яратиш бўлган. Бу лойиҳани амалга ошириш Лос Анжелесдаги Калифорния университети, Стэнфорд тадқиқот маркази, Юта штатидаги университет ва Санта Барбарадаги Калифорния университетига топширилди. 1969 йилда ушбу нуфузли институтларда ARPANET (Advanced Research Projects Agency Network) деб аталувчи тармоқ яратилди.

Аввалига олимларнинг тадқиқот ишларида фойдаланиладиган тармоқ, вақт ўтиб маълумот алмашишнинг компьютерлашган занжирига айланди. Шундай қилиб Интернетга асос солинди. Ўзбекистонлик компьютер дастурлари соҳаси мутахассиси Юсуфбек Мақсудов гапиради.

- 1969 йилда Калифорния университети билан Калифорниядаги Стэнфорд илмий текшириш институти оралиғида қисқагина кабел орқали биринчи уланиш амалга оширилган. Бу нарса интернетнинг туғилиши сифатида тан олиниши мумкин. Чунки ўшанда тарихда биринчи марта иккита компьютер бир бирига кабел орқали уланган ва маълумот алмашиш содир бўлган. Ўшандан кейин интернет ривожлана бошлади¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Бундай тармоқнинг яратилиши унга хоҳлаган компьютерни улаш имкониятини берди. Орадан йиллар ўтиб, ARPANET кучли компьютер ва тармоқлар тўпламидан иборат тизимга айланди ва у Интернет деб атала бошланди. Кейинчалик бу тармоқ бутун дунёга тарқалди ва чет эл тармоқлари ташкилотчилари АҚШ тармоғига уланишга рози бўлди.

Интернетга уланган компютерлар сони 1987 йилда 10 мингта бўлган бўлса, 1989 йилда бу рақам 100 000 тага етди. Орадан беш йил ўтиб Интернетга уланган компьютерлар сони 6 ярим миллиондан ошиб кетди. Ҳозирги кунда эса дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида 100 миллионлаб компютерлар Интернетга уланган.

90-йилларда Интернет ривожланишнинг янги палласига ўтди. Бутун Дунё Тармоғи (World Wide Web) ташкил топди.

- Ҳозир дунë бўйлаб тарқалган www яъни бутун дунë тармоғи интернет эмас. Интернет умуман бошқа нарса. Биз ҳар куни фойдаланадиган www интернетда фойдаланиш мумкин бўлган хизматлардан бир тури холос. Интернет компьютер тармоқларини бир бирига улаб берадиган кенг компьютер қурилмалари ва компьютер дастурий таъминотларининг тизими. www эса ўша тизимда фойдаланиш мумкин бўлган битта хизмат холос. Бу хизмат шу даражада оммавий бўлиб кетганки¸ ҳозирги кунда интернет деганда кўпчилик ўша битта хизматни тушунади¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Ҳозирги кунда www ахборот олиш ва тарқалишнинг энг қулай усулидир. Бугунги кунда Интернетдан бир ярим миллард одам фойдаланади.

- www хизмати бундан кўп йиллар олдин мавжуд бўлган ва ундан фойдаланишган. Лекин ундан турли университетлар¸ илмий текшириш институтлари орасидаги тармоқда чегараланган сондаги одамлар фойдаланган. 1990 йиллардан бошлаб электрон почта хизмати ишга туширилгач ва ҳар бир шахс шу тармоққа улана олиши мумкин қилингандан кейин бу хизмат ниҳоятда оммавийлашиб кетди. Бугунги кунга келиб дунëдаги барча одамларнинг тўртдан бир қисми интернет тармоғига уланган¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Интернет соҳаси мутахассислари ушбу соҳа келажакда яна ҳам ривожланади деган фикрда.

- Интернет пайдо бўлганда унинг потенциали бунча бўлишини ҳеч ким ўйламаган. Интернетдан хоҳлаган маълумотни олиш мумкинлиги¸ интернет орқали телевизор кўриш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаëлига келмаган. Ҳозирги кунда телекомпаниялар ва кабел телевидение хизматини тақдим этувчилар ўз бизнесларини интернетсиз тасаввур қила олишмайди. Чунки кўпчилик одамлар телевизор олдида эмас компьютер олдида ўтириб ўз севимли каналларини кўришни хоҳлашаяпти. Менинг фикримча¸ йил ўтган сайин интернет тақдим қиладиган хизматлар сони кўпаяди ва интернетга турли хил қурилмалар орқали уланиш имконияти туғилади¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони, жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2,6 миллион одамни ташкил қилган. Агар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тарқатган бу маълумотга ишонилса, Ўзбекистонда ҳар 10 одамнинг бири жаҳон тармоғидан фойдаланиш имконига эга. Аммо, Ўзбекистонда ҳукумат хуш кўрмайдиган мухолифат ва мустақил вeб-нашрлар тўсиб қўйилган. Озодлик сайти баробарида кўплаб сайтларнинг Ўзбекистонда очилиши имконсиз. Интернет кафеларда ҳам таъқиқлаб қўйилган веб-саҳифалар номлари осиғлиқ. Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонни Интернет душманлари рўйхатига киритган. Ташкилотнинг Интернет дастурлари раҳбари Клотилд Ла Коз гапиради.

- Интернет нуқтаи-назардан ҳам бу давлат жуда ёпиқ. Биринчидан¸ Ўзбекистонда Интернет бошқа давлатларга қараганда кўп тарқалмаган. Кўпгина одамлар ҳали ҳам Интернетдан фойдаланиш имконига эга эмас. Фойдаланган тақдирда ҳам Ўзбекистонда Интернет устидан сиёсий цензура ўрнатилган. Мухолифат сайтларига кириш имконсиз, дейди Клотилд Ла Коз.

Dial-up орқали Интернетга боғланиш ойига 50 долларга тўғри келмоқда. Агар Ўзбекистонда ўртача ойлик 70-100 доллар атрофида экани инобатга олинса¸ бу нарх анча қиммат. Юқори тезликдаги Интернет хизмати эса Ўзбекистонда ойига 200 доллар. Ҳатто Европанинг энг қиммат мамлакатларида ҳам Интернет хизмати бундан арзон.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда Интернет тўсилишини рад этиб келади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида Интернетни бўғиш ахмоқлик эканини таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда тўсиб қўйилган www.ferghana.ru сайти бош муҳаррири Даниил Кислов Ўзбекистон президентининг бу баëноти ҳақида фикр билдирар экан, Ўзбекистонда раҳбарлар айтгани ва асл вазиятнинг доим бир-бирига тўғри келавермаслигини таъкидлайди.

- Президент гаплари ҳам, мамлакат қонунлари ҳам Ўзбекистонда ҳар бир одам Интернетга ҳеч қандай тўсиқсиз кира олиши мумкинлигини кўрсатади. Лекин негадир амалда бу кузатилмайди, дейди Даниил Кислов.
XS
SM
MD
LG