Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:51

"Ифторлик ҳузурини пиёнисталар ҳам кўрмоқда"


Бишкекдаги марказий масжидда, неча йилдирки, Рамазон ойининг ҳеч бир куни ифторликсиз ўтмайдиган бўлган.
Бишкекдаги марказий масжидда, неча йилдирки, Рамазон ойининг ҳеч бир куни ифторликсиз ўтмайдиган бўлган.

Рамазоннинг 30 куни давомида Бишкек марказий масжидида рўзадор ва намозхонлар учун ифторлик бериш анъанага айланмоқда. Бу йил таниқли сиёсатчи ва давлат амалдорлари ҳам ифторлик бериш учун навбатга ёзилмоқдалар.

Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жумановнинг айтишича, пойтахт масжидларида ифторликлар ўтказишни бир неча йил олдин “Ислом вақфи” хайрия жамғармасининг Бишкек ваколатхонаси бошлаб берган эди.

- “Ислом вақфи” хайрия жамғармаси арабистонликлар томонидан бошқарилади. Улар ҳар йили Рамазон ойида Бишкек марказий масжидида ҳар куни 300-400 одамга ифторлик берадилар.

Бироқ бу йил қирғизистонлик тадбиркорларлар ҳам бу ташаббусга қўшилганлар. Ҳозир қайси масжидга борманг, ифторлик бериш учун навбатда турган ўнлаб одамларни учратасиз. Ифторлик берувчилар рўйхатига улар навбатига қараб киритилган, деди Муротали ҳожи Жуманов.

“Ислом вақфи” хайрия жамғармаси Бишкек ваколатхонаси расмийси Қилич ҳожи Шамбетов эса ўз ташкилотининг ташаббуси қирғизистонликлар томонидан қўллаб-қувватланганидан мамнун.

- Ҳар йили 30 кун бўйи ифторликни фақат биз уюштирар эдик. Бу йил эса қирғиз халқи ифторликнинг нималигини тушуниб қолди. Биз билан талашиб-тортишиб, 30 куннинг бир кунида ифторлик беришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам бу йил биз марказий масжидда бор-йўғи 12 кунгина ифторлик бера оламиз, деди “Ислом вақфи” хайрия жамғармаси Бишкек ваколатхонаси расмийси Қилич ҳожи Шамбетов.

Бишкек масжидлари имомларининг айтишларича, ифторлик берувчилар 60-70 кило палов дамлаб, иккитадан қўй сўймоқдалар. Бироқ палов ҳиди нафақат рўзадорларни, балки пиёнисталарни ҳам иштаҳасини қитиқлаётганга ўхшайди.

- Очиғини айтсак, ифторликка¸асосан¸ намоз ўқиганлар келади. Бироқ беш-ўнта ароқ ичиб олганлар ҳам қўшилиб қолаяпти ифторликка. Уларни ҳайдаб чиқара олмаймиз-ку. Шунинг учун ҳам пиёнисталарга ифторлик учун четроққа алоҳида жой қилиб қўйганмиз, дейди бишкеклик уламолардан бири Абдухалил ҳожи Жамолиддинов.

Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жумановнинг айтишича, Бишкек масжидларида ифторлик бериш учун навбатга ёзилганлар орасида бу йил нафақат ишбилармонлар, балки сиёсатчи, депутат ва давлат амалдорлари ҳам бор.

- Ҳукумат одамлари, таниқли сиёсатчилар ҳам “ифторлик берсак” деб режалаштиришмоқда. Уларга ҳам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ифторлик бериш навбати келиб қолса ажаб эмас, деди Қирғизистон муфтийси.

Айни пайтда Қирғизистонда бир қатор Ғарб давлатлари элчихоналарида ҳам мусулмонлар учун ифторликлар ўтказиш анъанага айланган.
XS
SM
MD
LG