Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:38

Ўзбеклар жабрдийдалар рўйхатининг бошида


Россияда неофашистлар қўлида қурбон бўлаëтганларнинг аксари ўзбеклардир.
Россияда неофашистлар қўлида қурбон бўлаëтганларнинг аксари ўзбеклардир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси тарқатган хабарга кўра¸ Россияда содир этилаётган миллатчилик руҳидаги қотиллик қурбонлари рўйхатининг биринчи поғонасида ўзбекистонликлар турибди.

Ҳар куни иш излаб Россияга йўл олаëтган ўзбеклар оқими ҳозирча тўхтай демаяпти.

Айни пайтда¸ Россиядан Ўзбекистонга қайтаëтган темир тобутлар сони ҳам сийраклашаëтгани йўқ.

Мана бир неча йилдирки, Россияда миллатчиларнинг қўлидан энг кўп ҳалок бўлганлар ҳам ўзбеклар бўлиб қолмоқда. Бу балки Россиядаги энг кўп меҳнат муҳожирлари ўзбеклар эканлиги билан изоҳланар? Инсон ҳуқуқлари Москва бюроси ходими Семён Чарний бу саволга тасдиқ жавоби беради.

- Шу йилнинг саккиз ойи давомида Россияда 48 киши миллатчилар қурбони бўлди. Шундан 13 нафари ўзбеклардир. Бу рўйхатда ўзбеклардан сўнг тожиклар, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари келади. Ўзга миллатларга тоқатсизлик ва миллатчилик кайфияти Москва ва Москва вилоятида кучли кўриниш олмоқда. Бироқ шуни ҳам қайд қилиш керакки, миллатчилик руҳидаги қотилликлар ўтган йилга нисбатан яқин икки бараварга камайган, дейди Семён Чарний.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси фикрича, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ксенофобия, ирқчилик ва миллатчиликка қарши имкон қадар кураш олиб бораяптилар:

- Ҳукумат бу ҳолатлардан жиддий ташвишга тушган. Шу пайтгача бир неча жиноий гуруҳлар қўлга олинди. Улар устидан маҳкама жараёнлари тугади ва бўлиб ўтмоқда¸ дейди Семëн Чарний.

Бироқ Москвадаги ўзбекистонлик муҳожирлардан бири Акромжон фикрича, бугун Россияда радикал-миллатчи гуруҳларнинг сони ошиб бормоқда. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони бугун ўн мингларни ташкил этади. Оддий ўзбек ёки тожикнинг Россия пойтахтида эмин-эркин юриши хавфли бўлиб қолди¸ дейди бу суҳбатдош.

Акромжон: Ўзбекистонликлар доимо хавф-хатарда юрадида. Ўрмонда қўй бўри еб кетармикан деб юрадию¸ шунга ўхшашда. Ҳозир Москвада юриш хавфли. Ўтган йил Рязанда ишладик¸ бемалол юрдик. Москвада вообше беспредел.

Озодлик: Ўзбекистонликлар кўпроқ нимадан қўрқади?

- Биринчи ўринда милиция ушлаб кетади¸ яна тақирбошлар бор. Документ борми йўқми милицияларга¸ тақирбошларга фарқи йўқда¸ дейди Акромжон.

Москва шаҳрининг Домодедово мавзесида ишлаб юрган қашқадарёлик Бобожон ўзбек мардикорининг пойтахт кўчаларида юришини шундай тасвирлайди:

- Кўчаларда юриш жуда ҳам хавфли. Нима учун? Мисол учун ишдан чарчаб чиқади¸ уйигача бориш керак. Кўчаларда эса милициялар пойлаб ўтиради. Машинанинг ичидагилар қоравойни кўрдими¸ тамом¸ машинани тўхтатиб¸ вақтини олади. Текширамиз дейди¸ у дейди¸ бу дейди. Документ борми йўқми¸ уларга фарқи йўқ. Соат 12.00 бўлиб кетадими¸ 01.00 бўлиб кетадими уларни қизиқтирмайди. Пули бўлса¸ пулини олиб¸ кейин қўйиб юборади. Қўйиб юборгандан кейин уйга етиб боргунча кўчада тақирбош учраб қолмасин¸ хулиган учраб қолмасин деган минг қўрқув. Кўпчиликнинг жонига ҳам тегиб кетган бу. Шу уч-тўрт сўм топай¸ тезроқ уйга кетай деб юради кўпчилик¸ дейди Бобожон.

Бироқ Россиядаги ҳамма ўзбекистонликлар бу фикрларга қўшилмайди. Москва вилоятидаги фарғоналик меҳнат муҳожири Эшмуроднинг айтишича, у ҳали танишларидан бирор кишининг миллатчилар ҳужумига дуч келганини эшитган эмас. Унга кўра, инсоннинг бошига ҳамма бало тилидан ва ёмон хулқидан келади:

Эшмурод: Ҳамма эркин юради¸ ҳеч ким ҳеч нарса қилмайди Худога шукур. Документингиз яхши бўлса¸ милициялар ҳам¸ бошқалар ҳам индамайди. Текшириб¸ қўйиб юборади. Одамларнинг муносабати ҳам яхши. Кечаси чиқамизми¸ кундузи чиқамизми¸ фарқи йўқ тинч. Мана биз любой жойга борамиз¸ келамиз. Бошқа жойга ишга борсак ҳам пиëда келамиз¸ тинч келамиз. Кўлларга чўмилгани борамиз. Билмадим энди кимга дуч келар экан булар. Тили ëмон бўлса¸ шунақаларга дуч келади. Ҳамма жойда ҳам одамнинг ўзига боғлиқку. Мана шу пайтгача¸ Худога шукур¸ ëмон эмасмиз.

Озодлик: Сизлар билан бирор кишини ургани ëки бошқаси бўлмадими ҳали-а?

- Йўқ¸ бизда унақа нарса бўлмади. Қўшнилар бизга нарса беради. Овқатларгача пишириб¸ олиб чиқиб беришади¸ дейди Эшмурод.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси ëйинлаган маълумотга кўра, Россияда янги пайдо бўлган “Пересвет” рус миллатчи-социалистлар гуруҳи ўз интернет сайтида Россия сиёсий режимига қарши уруш эълон қилган. Миллатчи-социалистлар ҳукуматни рус халқини геноцид қилаётганликда айблаб, яқинда Россия прокуратураси қошидаги Тергов қўмитасининг Москвадаги Кунцево тумани бўлимида содир этилган ўғирлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, 90-йилларда миллатчилар ва неофашистларнинг биринчи учқунлари Россияда пайдо бўлганда Москва ҳукумати бунга етарли эътибор бермади. Оғир жиноят содир қилган миллатчилар ҳам суд залидан ё озод бўлиб ё енгил жазо олиб чиқиб кетдилар. Оқибатда¸ бу кайфиятдаги миллатчилар сони кун сайин ошиб бормоқда. Бугун эса Россия ҳукумати "қутурган ит ўз эгасини қопишидан" чўчиб қолган кўринади.
XS
SM
MD
LG