Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

Прокуратура тилга кирди


Ўзбекистон Бош прокуратураси "Кўкча" масжиди яқинида ўтказилган амалиётда ўлдирилган шахсларнинг аввалроқ Тошкент шаҳрида қатор қотилликлар содир этганини даъво қилмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси "Кўкча" масжиди яқинида ўтказилган амалиётда ўлдирилган шахсларнинг аввалроқ Тошкент шаҳрида қатор қотилликлар содир этганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 август куни Тошкентда бўлиб ўтган отишма юзасидан маълумот тарқатди. Прокуратура маълумотига кўра, бу ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, пойтахтдаги “Кўкча” масжиди яқинида ўтказилмиш амалиёт чоғида 3 террорчи йўқ қилинган. Ўлдирилганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Шавкат Маҳмудов исмли шахс ҳам бўлгани хабар қилинмоқда.

Жорий йилнинг 29 август куни соат 18.30 ларда Тошкентдаги “Кўкча” масжиди яқинида отишма содир бўлгани ҳақида аввал хабар қилгандик. Озодлик манбалари мазкур отишма чоғида ҳалок бўлган кишилар сони ҳақида турли тахминларни билдиргандилар. Жумладан, айрим манбалар отишма чоғида тўрт милиционер ўлгани ҳақида ҳам гувоҳлик бергандилар.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг мазкур амалиётдан беш кун ўтиб тарқатган маълумотида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасидаги талафотлар ҳақида лом-мим дейилмаган. Амалиёт ҳақидаги маълумотнинг кечикишини эса прокуратура бу вақт мобайнида тезкор-тергов тадбирлари ўтказилгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси амалиёт чоғида ўлдирилган кишилар хорижий мамлакатлардаги террорчилик марказларида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақида билдиради. Шунингдек, прокуратура тезкор тадбирлар пайтида мазкур гуруҳнинг бошқа фаоллари ҳам қўлга олингани, ҳозирда улар сўроқ қилинаётгани ҳақида маълум қилади. Мазкур ҳодиса юзасидан Бош прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда тергов тадбирлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати мазкур гуруҳ аъзолари устидан тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот беришга ваъда қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотида “Бу гуруҳ қайси диний оқимга мансуб кишилар эдию уларнинг мақсадлари нима эди?”, “Улар аввал қандай жиноятлар қилганликда айбланмоқда?” сингари кўпчиликни қизиқтираётган айрим саволларга жавоб кўринмайди.
XS
SM
MD
LG