Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:54

Айний музейи бузилиш арафасида


Манбаларнинг айтишларича, ўзбекистонлик ва тожикистонлик зиёлилар Садриддин Айний уй музейини сақлаб қолиш илтимоси билан президентга мурожаат йўллаганлар.
Манбаларнинг айтишларича, ўзбекистонлик ва тожикистонлик зиёлилар Садриддин Айний уй музейини сақлаб қолиш илтимоси билан президентга мурожаат йўллаганлар.

Айрим интернет нашрлари тарқатган хабарларда айтилишича, Самарқандда тожик совет адабиёти асосчиси Садриддин Айний номидаги музей бузилиш арафасида.

Uznews.net интернет нашрида ёйинланган хабар тожикистонлик ва ўзбекистонлик зиёлиларни, Садриддин Айний ҳаёти ва ижоди, қолаверса, унинг икки халқ адабиёти ва маданияти учун салмоқли ҳисса қўшганидан яхши хабардор қалам аҳлининг норозилигига сабаб бўлди.

Тожикистонлик академик Муҳаммаджон Шакурий Садриддин Айний ҳаётлиги чоғида унинг уйида бўлганини, ёзувчининг машҳур асарлари ана шу уй музейда ёзилганини айтди:

- Устоз тириклик пайтида ўша ҳовлида хизматларига етгандим. Жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлари, жумладан, “Дохунда”, “Қуллар” каби буюк асарлари айнан ўша бинода ёзилган эди.

Агар бугун бу уй музей қулатиб ташланса, ўз тарихимизнинг бир қисмини ўз қўлимиз билан йўқ қилган бўламиз. Чунки устод Айний нафақат тожик совет адабиёти асосчиси, балки ўзбек адабиёти ва унинг ривожи учун ҳам салмоқли ҳисса қўшган.

Ҳаёти ва ижодининг асосий қисми Самарқандда ўтган Садриддин Айний икки халқ адабиёти ва маданияти учун барвар хизмат қилган.
“Бухоро жаллодлари” асари ўзбек тилида ёзилган. «Бухоро инқилоби учун материаллар” ҳам ўзбек тилида ёзилиб, кейинчалик биз уни тожикчага таржима қилганмиз, - дейди тожикистонлик академик.

Шакурий Садриддин Айний уй музейини текслатиб ташлаш қарори Ўзбекистон ҳукуматидаги масъул шахсларнинг қарори асосида амалга оширилишига шубҳа билан қарашини айтади:

- Чунки бизнинг Ўзбекистон билан алоқаларимиз сўнгги вақтларда яхшиланаяпти, агар бу қарор амалга ошса, икки мамлакат алоқаларининг тикланишига салбий таъсир кўрсатишини ўзбек расмийлари яхши билади, - дейди Шакурий.

Бироқ самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашур Самарқанд шаҳар ва вилоят ҳокимлари Зоҳир Мирзоев ва Ўктам Барноевларга бундай топшириқни шу йил 25 август куни бу ҳудудга ташриф буюрган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарларидан бири берганини маълум қилди.

- 25 август кунлари Тошкентдан Бош вазир ўринбосарларидан бири келган. У Самарқанд шаҳар ҳокими Зоир Мирзоев ва вилоят ҳокими Ўктам Барноевларга “Шу музейнинг нарсаларини ташқарига чиқариб, бузасилар”, деган оғзаки буйруқни бериб кетган деган гапни аниқ манбалардан эшитдик.

Мен ҳам бошқалар сингари музейда нима гаплар бўлаётгани билан қизиқдим. Айнийнинг экспонатлари Регистондаги катта музейга ўтказилгани гувоҳи бўлдим, - дейди Комилжон Ашур.

Суҳбатдошимиз Самарқанд ҳокимлиги масъуллари музейни бузиб ташлаш борасидаги қарор сабабларини изоҳлашмаётганини билдирди.

-Охирги пайтларда Самарқанд шаҳрида қайта қуришлар кетаяпти. Шу “Тошкендан келдилар, мана буни бузасилар деди” , деб бузиб, қулатиб кетаверадилар.

Мана “Амир Темур ҳайкалининг атрофини девор қиласизлар”, деган экан Тошкентдагилар, девор кўтарилди. Сабабини ҳеч ким изоҳлаб ўтирмайди,- деди самарқандлик суҳбатдошимиз.

Мавзу юзасидан Самарқанд шаҳар ва вилоят ҳокимликларига боғланишга доир урунишларимиз натижа бермади. Сўнгра Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган аммо кимлигини айтмаган элчихона ходими “Садриддин Айни музейини бузиш борасидаги қарордан хабарсизлигини ва бу иш ўша маҳаллий ҳокимият раҳбарлари қарори бўлиши мумкин” лигини айтди.

Самарқандлик зиёлилардан бири Анваржон ака Садриддин Айний уй музейи 1956 йил тожик шоири Мирзо Турсунзода ташаббуси ва Ўзбекистон Компартияси котиби Шароф Рашидов топшириғи билан қурилганини айтади:

- Орадан бир неча йил ўтиб, ленинградлик лойиҳачилар келиб: “Бу бинони кўчириш керак”, деганларида Рашидов: “Зинҳор тегманглар бу музейга, жойида турсин”, деган эди. Бу бинони ўша вақтлар бузишмоқчи эди. Менимча бугунги кунда уни бузиш вандализм, - дейди Анваржон ака.

Суҳбатдошимиз самарқандлик зиёли кишилар, Регистон кўчаси фаоллари Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари номига очиқ хат тайёрлашганини билдирди.

Аснода тожикистонлик шоир ва ёзувчилар ҳамда зиёлилар ҳам Самарқанд бағрида жойлашган Садриддин Айний уй музейининг бузилишига доир қарор бекор қилинишини талаб қилиб, иккала давлат раҳбарларига мурожат этажакларини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG