Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

Туркияда сел қутурмоқда


Туркиянинг шимолий-шарқида юз берган тошқин бир неча кишининг жонига зомин бўлди, юзлаб уйни вайрон қилди, кўприклар ва автойўлларни ювиб кетди. Айни пайтда табиий офат юз берган ҳудудда ёғингарчилик тинишидан дарак йўқ.

Туркиядаги табиий офат қурбонлари ҳақидаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилиб турибди. Чунончи айрим оммавий ахборот воситалари маҳаллий расмийларга таянган ҳолда, тошқин чоғида 6 кишининг, баъзилари 8 кишининг, яна айримлари эса 10 кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилмоқдалар.

Шунингдек, Истанбулга яқин мавзеларда юзлаб, айрим маълумотларга қараганда эса минглаб уй сув остида қолгани, кўприклар бузилгани, йўлларни сув ювиб кетгани хабар қилинмоқда. Айни пайтда Туркияни Греция ва Болгария билан боғловчи автойўллар ёпилган. Шиддатли сув оқими ўнлаб машинани денгизга оқизиб кетган.

Истанбул шаҳар фавқулодда ҳолатлар департаменти маълумотларига кўра, сел оқими айниқса Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган Силиври мавзеида қутурган. У ерда уч киши ҳалок бўлгани ва бир неча кишининг бедарак йўқолгани хабар қилинмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, табиий офат кўз очиб-юмгунча содир бўлган.

- Баландлиги икки метрча келадиган оқим машиналарни ағдариб кетди. Барча нарса бир неча дақиқа ичида сув остида қолди, дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Сешанба куни бошланган сел Туркия ғарбида жойлашган Текирдағ вилоятидаги Сарой қишлоғи ҳудудида авжига минди. У ерда қутқарувчилар тўрт кишининг, жумладан, олти ёшли қизалоқнинг жасадини топганлар. Кейинроқ яна икки қариянинг жасади топилгани ҳақида хабар тарқатилди.

Тошқин содир бўлган жойдаги кишилар вертолётлар ёрдамида эвакуация қилинмоқда. Аснода табиий офат билан курашиш учун фақат қутқарувчиларгина эмас, балки турк армиясининг махсус бўлинмалари ҳам жалб этилган.

- Тўхтовсиз қуяётган жала туфайли чекка жойларда кучли сел оқими юзага келиб, бир неча турар-жой биносини ювиб кетди. Бир неча қишлоқ билан алоқа тамоман узилиб қолган, деди маҳаллий қутқарув хизмати вакили.

Айни пайтда синоптикларнинг бераётган маълумотлари таскинбахш эмас: яқин икки кун ичида Туркия шимолий-шарқида момақалдироқ бўлиб, бетўхтов ёғин ёғиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG