Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Учрашувдан сўнг мужда йўлланди


Владимир Норов Тошкентдан Брюсселга ақл ўргатмаслик тўғрисида кескин мужда келтирди.
Владимир Норов Тошкентдан Брюсселга ақл ўргатмаслик тўғрисида кескин мужда келтирди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, бизнес ва инвестициялар учун қулай муҳит яратиш ҳамда коррупцияга қарши самаралироқ курашишга чақирди.

Душанба куни Брюсселда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ўтказилган сўзлашувлар ортидан Европа иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга чақирди.

Европа иттифоқининг Марказий Осиë сиёсатини кузатиш дастури раҳбари Йос Бунстра Ўзбекистон билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари марказий масала бўлиб қолажагини айтади.

- Бу ерда иккита жиҳатни тилга олиб ўтмоқчиман. Биринчиси¸ инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон билан мулоқот. Менимча¸ бу мулоқотнинг навбатдагиси келаси йил Испания раислиги даврида ўтказилса керак.

Иккинчи жиҳат сиёсий мулоқот. Европа Иттифоқига аъзо кўпгина давлатлар Ўзбекистонга нисбатан санкция самарасиз бўлди дея, бу давлат билан сиёсий мулоқот тарафдори бўлиб чиқишяпти.

Шу боисдан Ўзбекистонга нисбатан янги санкциялар бўлмаса керак. Европа Ўзбекистон билан мулоқотни йўлга қўйиб, инсон ҳуқуқлари каби муаммоларни ҳам мулоқот йўли билан ҳал қилишга уриниб кўради, дейди Йос Бунстра.

Ана шу мулоқот жараëнида Тошкентни рағбатлантириш ниятида бир йил аввал Европа иттифоқи Ўзбекистонга Андижон қирғинидан кейин жорий этилган жазо чораларидан бири, ҳукумат мулозимларининг иттифоқ давлатларига киришини манъ этадиган виза таъқиқини бекор қилди.

Ўшанда иттифоқ расмийлари Ўзбекистонда баъзи инсон ҳуқуқлари вакилларининг қамоқдан озод этилганини олқишлаб, шу асосда инсон ҳуқуқларини яхшилаш сари ижобий силжиш кузатилганини билдирган эди.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн фикрича, Европа иттифоқининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасидаги чақириқлари қуруқ баёнотдан бошқа нарса эмас. Сабаби иттифоқ бугунги кунда Ўзбекистонни инсон ҳуқуқларини яхшилашга ундовчи самарали босим воситасига эга эмас¸ деб давом этади ғарблик таҳлилчи.

-Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жорий этган санкциялар, жумладан Андижон воқеаларига масъул деб кўрилган ўзбек мулозимларига нисбатан жорий этган виза чекловини бекор қилиб, ўзини ўзи Тошкент ҳукуматига нисбатан босим воситасидан маҳрум қилиб бўлди. Ҳозирда кучда қолаётган қурол эмбаргосига келсак, бу жуда рамзий жазо чорасидир. Сабаби¸ Ўзбекистон Европадан қурол сотиб олишга мухтож давлат эмас.Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил Андижонда бўлгани каби намойишларни қиришни Европа қуролларисиз ҳам уддалашга қодир, дейди Штролайн.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашаётганини айтишади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб инсон ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар азоб чекмоқда, БМТнинг бу мамлакат ҳақидаги маълумотларида эса қамоқхоналарда мунтазам равишда қийноқлар қўлланилаётгани қайд этилади. Ўтган бир неча ой мобайнида Ўзбекистонда яан бир қанча ҳуқуқ фаоли ҳибсга олинди.

Душанба куни Брюсселдаги учрашувлар пайти шундай танқидлар қаршисида қолган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иттифоқни шарт ва танқидларсиз мулоқотга чорлади.

- Яна бир бор эслатиб қўймоқчиман, Ўзбекистон ва Ўзбекистон делегацияси бу ерга кимгадир ҳисобот бериш учун келгани йўқ. Яъни Европа иттифоқига назоратчи ҳуқуқини ҳеч ким бергани йўқ. Биз ўзаро тенглик асосидаги мулоқот тарафдоримиз. Яъни томонларни қизиқтирувчи масалалар бўйича мулоқот тарафдоримиз, деди Норов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг бу оҳангдаги баёноти Тошкент ҳукумати бундан буён ҳам Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари борасидаги шартларига ён босмаслигидан даракчи сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов фикрича, Европа иттифоқи ҳам Ўзбекистон билан музокараларда ўз асосий принципларидан воз кечмаслиги керак.

- Европа иттифоқи Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларини талаб қилиши ва бу борада қатъий туриши керак. Лекин, афсуски ЕИ ўз сиёсий ва геосиёсий манфаатларини бу қадриятлардан устун қўймоқда, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов.

Айни пайтда, Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов фикрича, Ўзбекистонда 27 миллион аҳоли ўз ҳуқуқлари топталишига қарши лом-мим демаëтган бир пайтда Европа иттифоқининг Ўзбекистонни 20 йилдан бери қаттиқ қўллик билан бошқариб келаётган диктаторлик режими билан мулоқот қилишдан бошқа иложи йўқ.

- Ғарбда нафақат ҳукумат хулқ атвори, балки жамият аҳволига ҳам қараб ҳам иш кўрилади. Агар жамият ўзгаришларга тайёр экан, Ғарбда бу доим олқишланади ва қўллаб қувватланади, бу жамиятга ўз фикрини эркин билдира олиши учун қўлдан келганича ёрдам қилинади.

Афсус билан шуни айтишим керакки, Ўзбекистондаги бармоқ билан санарли ҳуқуқ ҳимоячиларининг чиқишлари, 5-10 одамнинг пикетлари мамлакатда ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Кўпчилик Ўзбекистондан кетиб қолмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда тили томоғига тиқилган кўпчилик қолган¸ холос. Сукутга чўмган жамиятда эса демократия қуриб бўлмайди¸ дейди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG