Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:14

Кремлнинг айтгани айтган¸ дегани деганми?


Европани эҳтимолий ҳужумдан ҳимоя қиламан деб¸ Полшага 10 та анти-баллистик ракета ўрнатиш режасидан воз кечиш орқали Обама¸ билвосита Афғонистонга тинчлик келишини яқинлаштираëтган бўлиши мумкин.
Европани эҳтимолий ҳужумдан ҳимоя қиламан деб¸ Полшага 10 та анти-баллистик ракета ўрнатиш режасидан воз кечиш орқали Обама¸ билвосита Афғонистонга тинчлик келишини яқинлаштираëтган бўлиши мумкин.

АҚШ президентининг Европада ракета мудофааси тизими қуриш режасидан воз кечиш қарори Москва кўчасида байрам бошлангани аломатими ëхуд Обама бу режани унданда муҳимроқ режаларга айирбошладими?

Жума куни АҚШ оммавий ахборот воситалари президент Барак Обаманинг Полша ва Чехияда эҳтимолий ракета ҳужумларидан мудофаа тизими яратиш режасидан воз кечиш қарорини тўрт томондан шарҳ қилиш ва унга муносабат билдиришга киришди.

Хусусан¸ Американинг барча етакчи газеталарининг жума кунги таҳририй шарҳи айнан шу қарорга бағишланди.

Ўнгчилар кўз-қарашини ифодаловчи газеталар Обамани АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари мудофаасини таҳдид остида қолдириш¸ Полша ва Чехия ҳукуматлари каби садоқатли иттифоқчилар бетига тупурганликда айбласа¸ марказ ва сўлчи нашрлар Обамани “доноларча” қарор қабул қилганлик билан қутладилар.

Аммо масалага икка қарама-қарши қутбдан ëндашган таҳлилчи ва сиëсий шарҳловчилар фикри битта нуқтада кесишди. Иккала томон ҳам¸ Обаманинг пайшанба куни эълон қилинган қарори АҚШнинг Европада ўрнатишни режалаган мудофаа тизимига ниҳоятда агрессив муносабат кўрсатиб келган Россия ғалабасини англатадими¸ англатса бунинг оқибатлари қандай бўлади¸ деган хавотир билдирмоқда.

АҚШ нинг Россия кескин қаршилик кўрсатиб келган бу режадан воз кечиши¸ москвадагиларнинг “ҳамма биз билан ҳисоблашишга мажбур¸ қани ҳисоблашмай кўрсинчи“ деган такаббурлиги тегирмонига сув қуймайдими?

АҚШ Кремлдан бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслик орқали¸ ўзини Россия қаршисида заиф кўрсатиб қўймадими?

Энг муҳими¸ Россия ўз орқа ва олди ҳовлиси деб билувчи собиқ социалистик блок давлатлари билан иш тутаркан¸ АҚШ¸ қолаверса бутун Ғарб¸ Москва қошу қовоғига қараб иш тутиши лозимми?

Обаманинг пайшанба куни эълон қилинган қароридан сўнг туғилган бу каби ўринли саволларнинг айниқса сўнггиси¸ бевосита Ғарб ва Марказий Осиë муносабатлари истиқболига ҳам дахлдор.

Европа иттифоқи ва НАТО аъзолигига қабул қилинган Полша ва Чехияда АҚШ мудофаа тизими ўрнатилишигаки шунча қаршилик қилган ва ниҳоят Вашингтонни ўз босимига ëн беришга мажбурлаган Москва¸ Марказий Осиë давлатларининг Ғарб билан ëнилғи ëхуд ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишига йўл қолдирармикин?

Айрим Америка таҳлилчилари¸ бу қарорнинг айнан Обаманинг Россия президенти Дмитрий Медведев билан Ню Йоркда учрашишидан саноқли кун аввал эълон этилиши бежиз эмас¸ деган фикрдалар.

Уларга кўра¸ Обама Россия босимига¸ гарчи бу расман тан олинмаган бўлса-да¸ шунчаки ëн бермаган ва орада гизли савдолашув бормоқда.

Афтидан шундай. Обама¸ бир пайтнинг ўзида бир неча рақиб билан мураккаб шахмат ўйнаëтган шахматчига ўхшайди. Ҳамма гап¸ унинг қайси ўйинда бой бериш эвазига қайсисини ютишга аҳд қилганида шекилли. Содда қилиб айтганда¸ гап унинг приоритетларида.

Европа Эрондан туғилиш эҳтимоли заиф бўлган ракета ҳужуми қаршисида жуда ҳимоясиз эмас. Қолаверса¸ аллақачон АҚШ нинг кучли дастаги эвазига ҳам НАТО¸ ҳам Европа иттифоқига аъзо бўлган Полша ва Чехия Россия босимини ўзи қанотига кирган бу тизимлар ëрдамида қайтаришга қодир. Шу боис¸ АҚШ нинг садоқатли бу икки иттифоқчиси дилини оғритмай деб¸ Россияни гиж-гижлашнинг¸ айниқса ҳозир Обама маъмуриятига сира кераги йўқ.

Зотан¸ Обама ташқи сиëсатининг устивор йўналишлари аниқ – Афғонистондаги урушни тўхтатиб¸ яқин йилларда бу мамлакатдан чиқиш стратегиясини ҳозирлаш. Қолаверса¸ Эрон ядровий дастурини жиловлаб¸ Яқин Шарқда томонларни тинчликка яқинлаштиришдир.

Бу мақсадларга эришиш учун Вашингтонга Москвани ўзидан узоқлаштириш эмас¸ аксинча у билан ҳамкорлик лозим.

Айниқса¸ бирламчи приоритет Афғонистон борасида. Афғонистонда сони ошиб бораëтган ва яқин келажакда қарийб 70 мингга етиши тахмин этилаëтган Америка ҳарбийларини ҳарбий ва ноҳарбий моллар билан таъминлашдан тортиб¸ Марказий Осиëдаги ҳарбий базалардан фойдаланиш имкони бўладими¸ Вашингтон Москвани ўз тарафига олмасдан иш кўра олмайди.

Гарчи кейинги кунларда Ўзбекистон президенти бирда очиқ¸ бирда гизли тарзда Россиянинг минтақадаги гегемонлик позициясига соя солаëтган бўлса-да¸ Каримовнинг ўзини бундай тутиши ҳали Кремл режаларига таҳрир киритилишини англатмайди.

Ўзбекистон¸ қолаверса Марказий Осиëнинг қолган республикалари Ғарб¸ хусусан АҚШ билан Россия изн берганидан кўра яқинлашиб кетса¸ Кремл қўлида улар танобини тортишнинг иқтисодий усулларидан тортиб¸ турли фитналар уюштиришга қадар бўлган хос ва мос ричаглари борлигини вашингтондагилар ҳам¸ минтақа пойтахтида ўтирганлар ҳам яхши билишади.

Шу боис¸ Обаманинг Москва патини силаш орқали¸ Европани Эрон ракета ҳужуми каби хаëлий таҳдид эмас¸ балки Афғонистондаги реал урушга барҳам бериш ва бу ишда Ўзбекистон каби давлатларда бор имконлардан фойдаланишга нисбатан Кремл қаршилигини сусайтириши¸ кўплар ўйлагандан ҳам донороқ қадам бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG