Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:18

Сайлов: шакл янги, мазмун ўша-ўша


22 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловолди компанияси бошланади.

Депутатликка номзодлар эса 23 октябрдан кўрсатила бошлайди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг матбуотда эълон қилинган қарорига мувофиқ, 2009 йилнинг 27 декабр куни ўтказиладиган парламент сайловларида мамлакатда расман рўйхатга олинган 4 сиёсий партия - Ўзбекистон Либерал демократлар партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Адолат” социал демократик партияси ҳамда янги ташкил этилган Ўзбекистон “Экология” ҳаракатидан номзодлар иштирок этади.

Бу гал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасига сайланадиган депутатлар сони ҳам аввалги 120 нафардан 150 нафарга оширилган.

Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, қонунчилик палатаси депутатлиги учун номзодларни кўрсатиш 23 октябрдан бошланиб, 11 ноябрда тугалланади.

Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатиш ниятида бўлган ҳар қандай ташкилот 2009 йилнинг 11 декабрига қадар ўз кузатувчилари рўйхатини тақдим этиши лозим.

Шунингдек, бу йилги парламент сайловларида мустақил гуруҳлардан номзодлар иштирок этмайди. Ўзбекистон Ахборот агентлигининг Марказий сайлов комиссиясига таяниб хабар қилишича, бу “мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги реал жараёнларни инобатга олган ҳолда, партия ва фуқаролик жамияти вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида” қилинмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг бу мазмундаги баёноти билан танишган ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчилар ва кузатувчилар навбатдаги сайловнинг мазмун жиҳатдан аввалгилардан фарқ қилмаслигига комил ишонч билдирмоқдалар.

Аммо шакл жиҳатдан икки ўзгариш тилга олинмоқда. Улардан бири ташаббус гуруҳларидан илгари суриладиган мустақил номзодларнинг бу галги парламент сайловларида иштирок этолмаслигидир.

2004 йилги парламент сайловида ташаббус гуруҳидан мустақил номзод қилиб кўрсатилган сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоев аслида мустақил номзодларнинг иштирок этиш имкони бекор қилинмаган тақдирда ҳам уларнинг сайланиш имкони мутлақ бўлганини айтади.

- 2004 йили сайловда номзодим ташаббус гуруҳ орқали кўрсатилган эди. 300 дан ортиқ имзо тўплаб, менинг номзодим эл орасида юқори рейтинг олган эди. Хуллас, сайловгача етиб бордик ва мени номзодим кўрсатилган ҳудуд аҳолиси, асосан, менга овоз берган бўлишига қарамасдан, “Миллий тикланиш” партияси номзоди ўтказиб юборилган, дейди Карим Бозорбоев.

Унинг фикрича, бу йил мустақил номзодларнинг бирор-бир шаклдаги иштироки ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Номзодларни республикада расман қайд этилган 4 сиёсий партия ва бир экологик ҳаракатгина илгари суриш ҳаққига эга экани хусусида сўзлар экан, Бозорбоев янги тузилган “Экология” ҳаракатга эътибор қаратди.

У аввалига расмий матуботда шундай ҳаракат тузилгани ҳақида бир-икки расмий хабар берилгани ва ҳозир, хусусан, Сирдарё вилоятида тезлик билан бу ҳаракатга аъзолари йиғилаётганини кузатган.

- “Экология” ҳаракатининг биздаги бўлимига, худди бир вақтлар Ўзбекистон Либерал демократлар партиясига бўлгани каби, бошқа партияларнинг аъзоларини ўтказиш билан овора бўлишади, деб ўйлайман. Ҳозирча бу ҳаракат кенг тусда жамоатчилик кўзига ташлангани йўқ. Лекин керагича аъзо ва сайловда керагича овоз тўплашга осонликча эришади, деб ўйлайман. Сирдарёда ўзи сиёсий арбоблар саноқлигина. Улар шу русум бўлган бир партиядан иккинчисига ўтиб юришаверади. Худди “Миллий тикланиш” билан “Фидокорлар” партияси бирлашганидай, дейди Карим Бозорбоев.

Бу галги сайловолди жараёнини кузатаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов Ўзбекистонда “Экология” ҳаракатининг тузилгани ва унга парламент қонунчилик палатасидан 15 ўрин ажратилгани аслида жуда яхши ҳуқуқий замин эканини қайд этади.

Унга кўра, бутун дунёда экологик муҳитни асраш дунё ҳукуматларининг глобал равишдаги муштарак мақсади бўлиб турган бир паллада Ўзбекистонда шундай ҳаракат бўлиши зарур эди.

- Мана, Орол муаммоси бор ва унинг атрофидаги экологик муҳитнинг ёмонлашгани жуда жиддий масала. Ўзбекистонда шундай сиёсий гуруҳ бўлиши табиий зарурат эди. Бир вақтлар Ёзувчилар уюшмасида Оролни қўтқариш қўмитаси, кейинчалик партияси тузилган эди. Аммо ўша вақтда Каримов бунга қаршилик кўрсатган, партия аъзолари эса таъқибларга учраб йўқ бўлиб кетган эди. Энди эса Каримов сунъий равишда шундай ҳаракатни тузди ва у шунақа ҳаракатларни тузишда ҳали давом этаверади. Афсуски, Ўзбекистонда асл демократик ҳаракатлар йўқ, дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов.

Аксар кузатувчилар жойларда сафи кенгайтирилаётган янги “Экология” ҳаракатига қараб туриб, аввалги сайловларда қаҳрамон бўлган Ўзбекистон Либерал демократлар партияси, ундан ҳам аввал қаҳрамон бўлган “Фидокорлар” партиясини ёдга олмоқда.

Яъни бу ҳаракат, ўзбекистонлик кузатувчи Бахтиёр Исабеков фикрича, аввалги сиёсий гуруҳлар каби амалдаги ҳукумат учун шакли янги, аммо мазмуни ўша-ўша бўлган сиёсий платформа, холос.

- Бир-биридан фарқ қиладиган жойи йўқ бу гуруҳларнинг. “Экология” ҳаракатини ҳам ҳукумат тузган. Бу фақат хориж жамоатчилиги учун “Бизда хилма-хиллик бор”, дейиш учун кўргазма, холос. Бу ерда сиёсий ранг-баранглик йўқ. Эртага бирор ҳаракат чиқиб: “Ўзбек тилини ҳақиқий давлат тили даражасига кўтарамиз!” десаям фойдаси йўқки, агар уни ҳам ҳукумат тузса, дейди Бахтиёр Исабеков

Суҳбатдошимиз аслида халқнинг ҳаққи бўлган сайловларда халқ ўзи номзод кўрсатиш ва ўз номзоди учун овоз бериш имконидан мутлақ маҳрумлигича қолмоқда, деган фикрни урғулар экан, ўз мулоҳазасида давом этади:

- Ҳозирги ҳукуматнинг сиёсатига зид сиёсат юргизадиган ҳар қандай одам, менимча, халқ манфаатига хизмат қилади. Лекин ҳукуматнинг ёнида юрса, унга: “Фалон ишингиз тўғри, фалон ишингиз нотўғри”, деб тегиб-қочиб турса ҳам, мен ишонч билан айтаманки, у халққа хизмат қилмайди. Келаверса турли ном билан, мана Комсомолни ўрнига ҳам Камолот, деган биттаси келди-ку, буларнинг ҳаммаси бизга таниш йўллар. Шу йўл билан кетаверса, бу давлатнинг қаёққа бориши кўриниб турибди, дейди Бахтиёр Исабеков.
XS
SM
MD
LG