Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:17

Ўзбек матбуоти: сифатдан сонга


Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг мамлакатда мингдан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани ҳақидаги маълумотлари на таҳлилчилар ва на соҳа мутахассисларини қойил қолдиролмади.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг сони 9 тага кўпайди ва жами 1128 тани ташкил этди.

Йил давомида 43 оммавий ахборот воситаси лицензиядан маҳрум этилди. Бунинг сабаблари эса молиявий қийинчиликлар ва қонун талабларини бажармаслик билан изоҳланмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда цензура қилинмаган, мустақил ахборотни тарқатувчи бирорта телеканал, радио ёки газета амал қилмайдиган шароитда Ўзбекистон ҳукуматига фақатгина оммавий ахборот воситаларининг сонини рўкач қилиш қолмоқда.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг эълон қилишича, ҳозирда Ўзбекистонда 694 та газета, 240 та журнал, 20 та бюллетен, 4 та ахборот агентлиги, 59 та телеканал, 19 та радиоканал ва 92 та интернет нашри рўйхатга олинган.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Эндрю Штролайн Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг сони сўз эркинлиги нуқтаи назаридан мутлақо аҳамиятсиз эканини таъкидлайди.

- Бу мингдан зиёд оммавий ахборот воситасининг қайси бири одамларнинг милиция томонидан мунтазам қийноққа солинаётгани ҳақида ёза олади? Бирортаси ҳам ёза олмайди. Мана шунақа оммавий ахборот воситаларидан Ўзбекистонда миллион дона бўлса ҳам уларнинг сўз эркинлиги учун бир тийинлик қадри йўқ. Сўз эркинлиги оммавий ахборот воситаларининг сони билан ўлчанмайди. Эҳтимол Ўзбекистонга ҳақиқатни айта оладиган бир-икки газета ёки радио керакдир, холос¸ дейди Эндрю Штролайн.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаётганчалик, оммавий ахборот воситаларининг сони ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланса¸ бундай даъвони ҳам синовга тутиш мумкин. Ўзбекистонда энг кўп нусхада чоп этиладиган “Даракчи”, "Ҳордиқ" каби кўнгилочар газеталарни инобатга олмасак, сўз эркинлигидан йироқ бўлса ҳам ижтимоий сиёсий газеталарнинг бугунги аҳволи абгор даражада қолмоқда.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов газеталарнинг шу аҳволга тушиб қолганини фақат сўз эркинлигининг йўқлиги билан изоҳлайди.

- Яқинда мен “Моҳият” газетасининг редактори билан гаплашдим. Бу энг таниқли ижтимоий-сиëсий газеталардан биттаси. Ҳозир 1000 нусхадан ортиқ чиқаëтган экан. 1000 нусха дегани убитка-да бу. Унинг қоғози¸ ходимларга берадиган ойлиги. Кўп газеталар зўрға шунақа чиқиб турибди. Ҳафтада икки мартага¸ ойига бир мартага тушиб қолаяпти.

Мана, масалан, “Миллий тикланиш” партиясининг газетаси. Бир йўқ бўлиб кетади¸ бир чиқариб қўяди. Қонун бўйича уч ой давомида битта нусха чиқмаса¸ автоматик ëпилиши керак. Ўша ëпилиб кетмаслиги учун уч ойда битта чиқариб қўяди. Бунинг асосий сабаби эркинлик йўқлигида. Эркинлик бўлмагандан кейин журналист ëза олмайди. Журналист ëза олмагандан кейин одамлар уни ўқимайди. Маҳсулотга харидор йўқ¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Сўз эркинлиги амал қиладиган давлатларда оммавий ахборот воситаларининг сонини аниқлаш жуда мушкул. У ерда аҳоли жон бошига қанча газета тўғри келиши, бир одамнинг кунига неча соат радио эшитиши ёки телевидение кўрилиши ҳисобга олинади.

Бу кўрсаткичлар бўйича ҳам Ўзбекистон яна олисда қолиб кетади. Бу борада мавжуд халқаро ҳисоб-китобларга Ўзбекистон киритилмаган бўлса ҳам, мисол учун, Туркманистонда 1000 кишига атиги олтита газета тўғри келса, Скандинавия давлатларида 1000 кишига тўғри келадиган газеталар сони 500 тагача етади. Бу борада Марказий Осиё давлатларида тадқиқот ўтказган медиа-эксперт Эрик Жонсон сўз эркинлиги ўлчами бўйича Ўзбекистоннинг аксар минтақа давлатларидан орта қолаётганини айтади.

- Газета нашрларининг сони энг муҳим бўлмаса-да, бир қадар аҳамият касб этадиган кўрсаткич саналади. Аммо сўз эркинлиги вазиятига баҳо берар эканмиз, газета нашрларнинг сони уларнинг адади ва сифати инобатга олинади. Айнан бу умумий кўрсаткичлар бўйича, менга Марказий Осиёда тадқиқот ўтказишга буюртма берган сармоядор Ўзбекистонда эркин матбуотнинг амал қилиши учун ҳеч қандай имконият йўқлигини айтиб, бу давлатга мутлақо қизиқиш билдирмаган эди. Эркин матбуот ривожига йўл бермаган Ўзбекистонни минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштириб бўлмайди¸ дейди Эрик Жонсон.

Кузатувчилар фикрича, кўплаб ўзбекистонликлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан ҳақиқат қидириб вақт сарфламай қўйган. Янги воқеълик тўлқинида диний кайфиятнинг кучайиши кўпчилик диққатини диний брошюра ва китобларга қаратиб қўйгани бежиз эмас. Абдураҳмон Ташанов бугунги вазиятдан энг кўп ютганлар диний тарғиботни интернет тармоғида яхши йўлга қўйган диндорлар бўлганини қайд этади.

- Оммавий ахборот воситаларининг сафига интернет нашрлари ҳам киради. Ҳозир интернет ривожланиб кетаяпти. Бу борада диндорлар жуда ҳам кучли. Журналистлар қолиб кетди. Битта Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг www.islom.uz сайтига кирадиганлар сони даҳшат. Мен администраторлари билан гаплашганман. Жуда кўп миқдорда одам киради¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон телевидениеси “Жаннатдан хабарлар” сифатида мазах этиладиган маҳаллий ахборот дастурларини эфирга узатмоқда ва аҳоли миясини банд қулувчи миллий сериалларни эфирга узатишга тайёргарлик кўрмоқда. Бундай вазиятда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони ҳақидаги эълон қилиши собиқ коммунистик тузумнинг “Сифатдан сонга ўтиш” ғоясини ҳаётга татбиқ этишда давом эттираётгандай.
XS
SM
MD
LG