Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Безгакдан сақланинг!


Ўзбекистон¸ қолаверса минтақанинг бошқа давлатлари чегараларида ҳам безгак ва чўчқа гриппи тарқалиши олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон¸ қолаверса минтақанинг бошқа давлатлари чегараларида ҳам безгак ва чўчқа гриппи тарқалиши олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан чегараларини турли баҳоналар билан тез-тез ëпиб қўйиши¸ катта янгилик бўлмай қолди. Аммо ўзбек-туркман чегарасидан ўтиб-қайтишнинг яқинда кескинлаштирилгани Қрим-Конго геморрагик безгаги хавфи билан боғланмоқда.

Саидмурод Саидалиев: Ало.

Озодлик: Мен Саидмурод ака билан гаплашиб турибманми?

Саидмурод Саидалиев: Ҳа.

Озодлик: Саидмурод ака яхшимисиз. Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Мен сизга Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Туркманистондаги эпидемиологик вазият туфайли Туркманистондан гўшт¸ сут ва бошқа маҳсулотларни олиб кириш вақтинча тўхтатилибди¸ деган хабар чиқди. Шуни билгани телефон қилаëтган эдим. Вазият қанақа? Шунақа жиддийми?

- (суҳбатдошимиз телефон гўшагини қўйиб қўйди)

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиология бош бошқармаси бошлиғи Саидмурод Саидалиев билан суҳбатимиз қисқа бўлди.

У кишига мурожаат қилишимизга эса, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида гўшт ва сут маҳсулотлари, тери, жун ва уй ҳайвонларини ўтказиш тўхтатиб қўйилганига оид хабарлар сабаб бўлди.

Сешанба куни РИА Новости агентлиги тарқатган хабарга кўра, бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлигидаги манба маълум қилган.

Айтилишича, мазкур чеклов “хавфли бўлган геморрагик безгак вирусининг тарқалаётгани” боис вилоят эпидемияга қарши кураш комиссиясининг қарорига биноан жорий қилинган.

Хабарга кўра, “Касалликнинг олдини олиш бўйича вақтида ва тегишли чораларнинг кўрилмагани оқибатида, одамлар касалланмоқда ва нобуд бўлмоқда”, дея маълум қилган мулозим неча киши касаллангани ва нобуд бўлганини аниқлаштирмаган.

Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажараётган Гупал Тангрибердиев Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу хабарларни инкор қилди. “Менинг бу гаплардан умуман хабарим йўқ”, деди Тангрибердиев.

Айни пайтда, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг шахси ошкор этилишини истамаган ходими, ҳақиқатан Туркманистондан озиқ-овқат маҳсулотлари киритилмаётгани ва бунга Қрим-Конго геморрагик безгагига оид ҳолат сабаб бўлганини тасдиқлади.

РИА Новости билан суҳбатлашган Хоразм вилояти ҳокимлигидаги манба вилоятда аҳоли орасида касалликни аниқлаш ва эпидемияга қарши чораларни кўриш ишлари кучайтирилганини маълум қилган.

Хоразм вилоят Санитария ва эпидемиология хизмати мутасаддиси Ҳайъатхон Ўрозбоева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон чегара ҳудудларида эпидемияга оид вазият меъёрида экани ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтишга тақиқ жорий қилинмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, чегара пунктларида назорат одатдагидек амалга оширилмоқда.

Ҳайъатхон Ўрозбоева: Эпидвазият ҳозирча яхши. Чегарада бизнинг назорат пунктимиз борку. Одамлар олиб ўтадиган нарсалар ўша назорат пунктида назоратдан ўтказилиб турибди.

Озодлик: Олиб ўтилаëтган нарсалар ва одамлар қанақа касалликлар бўйича текширилади?

Ҳайъатхон Ўрозбоева: Одамлар термометриядан ўтказилади. Агар унинг ҳарорати бўлса ва у Туркманистон фуқароси бўлса¸ орқасига қайтариб юборилади. Агар ўзимизнинг фуқаро бўлса¸ дарров тез ëрдам чақирилади ва назоратга олиниб¸ изоляция қилинади. Агар термометрияда температураси баланд чиқмаса¸ шу пайтгача ҳеч кимники баланд чиқмади Худога шукур¸ тўғри ўтказилаверади. Ўтказилаëтган маҳсулотлар гўшт бўладиган бўлса¸ ветеренария хизматининг ходимлари бор. Ўшалар лабораториядан ўтказиб¸ кейин рухсат беришади.

Озодлик: Бу ерда бир хабарда айтилишича¸ баъзи бир гўшт ва сут маҳсулотларининг назоратсиз ўтиб келиши натижасида бир нечта одам геморрагик безгак вируси билан касалланган.

Ҳайъатхон Ўрозбоева: Йўқ¸ йўқ. Бизда умуман геморрагик безгак вирусининг ўзи йўқ. Температураси чиққан одамнинг ўзи йўқку. Температураси чиққан одам бўлган тақдирда ҳам уни қайтариш буюрилган. Ҳозирча унақа рўйхатга олинмади. Қайтарилгани ҳам ҳатто рўйхатга олинади.

Озодлик: Гўшт ва сут маҳсулотларини олиб ўтиш таъқиқлангани йўғ-а?

Ҳайъатхон Ўрозбоева: Йўқ.

Озодлик: Одамлар гўшт ва сут маҳсулотларини кўп олиб келишадими?

- Йўқ¸ сут маҳсулотлари унақа олиб ўтишмаса керакку¸ лекин бир-икки кило гўшт олиб ўтишади. Гўшт Туркманистондан олиб ўтилса¸ у ëқнинг сертификати билан¸ биздан у ëққа олиб ўтилса¸ бизнинг сертификат билан олиб ўтилади. Ҳужжатсиз маҳсулот ўтказилмайди. Буларнинг ҳаммаси назоратда¸ дейди Хоразм вилоят Санитария ва эпидемиология хизмати мутасаддиси Ҳайъатхон Ўрозбоева.

Ўтган ойда Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон ва Тожикистонда ўта хавфли бўлган Қрим-Конго геморрагик безгагигидан одамлар нобуд бўлганидан кейин минтақада бу касаллик эпидемия тусини олиш мумкинлигига оид хавотирлар айтила бошлади.

Қрим-Конго геморрагик безгаги ўтмишда Марказий Осиёда бир неча марта қайд этилгани ҳамда бу сафар Қозоғистон ва Тожикистоннинг Ўзбекистонга туташ ҳудудларида одамларнинг нобуд бўлгани бу хавотирларни айниқса кучайтирди.

Баъзи хабарларга айнан шу хавотирлар Ўзбекистоннинг кейинги ҳафталарда Тожикистон ва Қозоғистон билан чегараларда ҳам назоратни кучайтиришига сабаб бўлган.

Икки ой аввал Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон тумани шифохонасида кўзи ёриган 23 яшар Шоҳида Исмоилова касалликнинг биринчи қурбони бўлди. Туғишдан кейинги асоратлар ва жарроҳлик амалиётлари оқибатида ёш онанинг аҳволи янада оғирлашди. Икки ҳафта ичида Шоҳиданинг ўзи, унинг чақалоғи, уларга қараган уч нафар шифокор Қрим-Kонго геморрогик безгагидан вафот этди.

Ундан кейин Қозоғистонда касалликдан яна камида бир киши нобуд бўлди.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманида вазият жиддий тус олди. У ерда Қрим-Kонго геморрогик безгагидан ўнлаб одамлар нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда. Ўтган ой охирида расмийлар бир неча кун давомида Турсунзодада карантин жорий қилишга ҳам мажбур бўлди.

Турсунзодалик Маъмуржон аканинг айтишича, расмийлар аниқ маълумотларни ошкор қилгани йўқ. “Лекин мен бу касалликдан камида уч киши вафот этганини биламан”, дейди суҳбатдошимиз.

Маъмуржон ака: Касалхоналар карантин қилиб¸ шифокорларни касал-пасали билан чиқармадию. Касал кўрадиганларни ҳам бир ҳафтача қўймай¸ карантин қилди.

Озодлик: Неча киши ўлди?

Маъмуржон ака: Аниқ бир маълумот йўқ. Икки-уч киши ўлган. Ўша касалланган ва қараган доктор ўлган. Касалланган одамнинг укаси ҳам ўлган. Укаси ҳам қараган эканми.

Озодлик: Ўзи нимадан юқар экан бу касаллик?

- Айтишларича¸ молнинг канаси чаққан экан. Бу одам тоққа чиққан эканми. Ўлик ҳайвонларни чақиб юрган канада ëмон инфекционний вирус бўлармиш. Ўша одамни чаққан эмиш. Молларнинг каналаридан эҳтиëт бўлинглар¸ деб огоҳлантиришди, дейди турсунзодалик Маъмуржон ака.

Қрим-Конго геморрогик безгаги Тожикистоннинг бошқа минтақаларида ҳам қайд этилди ва одамлар орасида саросимага сабаб бўлди.

Садбарг Камолова Тожикистоннинг Кўлоб вилояти Темурмалик туманида яшайди.

- Тоғам касал бўлиб қолганларида оиламиз аъзолари жуда қўрқиб кетдик. Унинг қўй-моллари бор, ишқилиб безгак юқмадимикин, деб хавотирландик. Кейин докторлар кўриб, Худога шукур тоғамга бу касаллик юқмаганини айтишди. Қишлоғимизда кўпчиликнинг қўй-моллари бор ва ҳамма ҳозир бу хабарлардан саросимага тушган. Касаллик қўшни қишлоқда кўпчиликка юққанини биламиз, дейди кўлоблик суҳбатдошимиз.

Тожикистон расмийлари ҳозирда Қирм-Конго геморрагик безгаги эпидемиясининг олидини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳукумати сўровига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазиятни назоратга олиш ишларида кўмаклашмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири муовини Аъзам Мирзоев ўтган ойда Озодликка буларни маълум қилганди.

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг уч нафар мутахассисидан иборат гуруҳ касаллик қайд этилган минтақаларда ташхис қўйиш, даволаш ва касалликнинг олдини олиш чоралари бўйича бизга ёрдам бериш ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари амалга оширган ишларни баҳолаш мақсадида Тожикистонга келди. Улар вазият ва ундан чиқиш йўллари, қаерда ва қандай ёрдам самара беришига оид фикрлари билан ўртоқлашади, дейди Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси.

Бу касаллик одатда ёввойи ва уй ҳайвонларида бўладиган канадан тарқалади ва турли шароитларда одамдан одамга юқади. Турсунзода ва Жанубий Қозоғистонда касалликнинг биринчи манбаси бўлган беморлар ҳам касалликни айнан кана чақишидан юқтирган. Кейин эса касаллик улар билан контактда бўлган шифокор ва яқинларига ҳам юққан.

Касалликка Қрим-конго геморрагик безгаги номи берилишига сабаб, вируснинг биринчи марта 1940 йилларда Қримда топилгани ва кейинроқ 60-йилларда Конгода рўй берган эпидемия билан боғлиқдир.

Ўтмишда касаллик Марказий Осиёдан ташқари, Шарқий Европа, Ўрта ер денгизи давлатлари ва Хитой ҳам қайд этилган.

АҚШдаги Касалликларни назорат қилиш марказининг патогеник касалликлар махсус бўлими бошлиғи доктор Пьер Роллин Қрим-Конго геморрагик безгаги Марказий Осиё учун янги вирус эмаслигини қайд этаркан, унинг аломатлари ва олдини олиш йўлларини тушунтиради.

- Касаллик баъзи ҳолларда енгил ўтади. Унинг баъзи ҳолларда енгил, бошқа ҳолларда оғир кечишининг сабаблари ҳозиргача номаълум қолмоқда. Баъзи беморларда тумов сингари истима чиқариш кузатилади ва бир неча кун ичида ўтиб кетади. Касалликнинг оғир кўринишлари одатда беморнинг териси остида қон тўпланиши ва иситма чиқиши, ички қон кетиши, қайт қилиш ва ич кетиш каби аломатлар билан кечади. Бу аломатлар бемор учун яхшилик билан тушмайди ва бемор шифокор назоратида даволанмоғи зарур, дейди доктор Роллин.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун бемор билан контактда бўладиган кишилар резина қўлқоп ёхуд қўлларига пластик пакетларни кийиб олишлари лозим, беморнинг кийим кечаклари, у ишлатган идишларни хлор билан ювиш вирусни ўлдиради, деб маслаҳат беради америкалик мутахассис. Бундан ташқари, қўлни совун билан ювиш каби оддий гигиена қоидалари ҳам фойдадан холи эмас.

РИА Новости агентлиги билан суҳбатлашган манбага кўра, “Хоразм вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда оммавий ахборот воситаларига касалликнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган”.

Бироқ Ўзбекистон Соғлиқин сақлаш вазирлигидаги мутасаддилар ҳозирча бу ҳақда сукут сақламоқда.
XS
SM
MD
LG