Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:35

Вазирлик техник хатога йўл қўйди


Қозоғистон Адлия вазирлигининг айрим диний материалларни маън қилиш ҳақдаги маълумоти жамоатчилик орасида тушунмовчилик пайдо қилди.

Ўтган ҳафтада қатор оммавий ахборот воситаларида Қозоғистонда гўё Қуръон суралари таъқиқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Жамоатчилик орасида катта шов-шув уйғотган мазкур воқеага Қозоғистон адлия вазирлиги сайтида чоп этилмиш маълумот сабаб бўлганди. Унда Остона судининг муайян китоб ва ахборот материалларини таъқиқланган адабиётлар рўйхатига киритиш ҳақида 2009 йил 3 июлида чиқарган қарори хусусида сўз боради.

Хабар қилинишича, Алия Ташева раислигидаги суд ҳайъати Қозоғистон Бош прокуратураси киритган ариза асосида фуқаролик ишини кўриб чиқиб, 207 турдаги ахборот материаллари — китоб, варақа, брошюра, электрон матн ва аудиоёзувни “ваҳҳобийлик, Ҳизбут-Таҳрир каби таъқиқланган диний оқимлар ғоясини ташувчи экстремистик руҳдаги манба” деб топган.

Бу ахборот манбалари саналган рўйхатнинг 180-181-бандларида Қуръони Каримнинг 18 та сураси номи (“Аҳқоф”, “Муҳаммад”, “Фатҳ”, “Ҳужурот”, “Қоф”, “Таборак”, “Қалам”, “Ҳаққо”, “Маориж”, “Нуҳ”, “Жин”, “Музаммил”, “Мудассир”, “Қиёмат”, “Инсон”, “Мурсалот”, “Бақара” ва “Аъроф” суралари) саналган.

Кейинроқ Адлия вазирлиги аслида Қуръон суралари эмас, балки Мишарий Рашид ва Фарис Уббад томонидан қироат қилинган сураларга номаълум шахслар томонидан берилган тафсир аудиоёзуви экстеримистик руҳдаги ахборот ўлароқ тан олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Остона суди қарори ва таъқиқланган диний адабиёт рўйхати ҳақидаги маълумот Қозоғистон Адлия вазирлиги сайтида 8 сентябрдан буён осиғлиқ турганди, аммо вазирлик изоҳидан сўнг у сайт архивига ўтказиб юборилди.

Адлия вазирлиги дин ишлари бўйича қўмитаси экспертиза ва таҳлил бошқармаси бошлиғи Людмила Даниленко Озодлик радиосининг қозоқ шўъбасига берган суҳбатида Остона суди қарори матни ва таъқиқланган диний адабиётлар рўйхатини сайтга жойлаштирилишида техник хато бўлганини айтди.

- Таъқиқ Қуръон сураларига эмас, балки бу суралар тафсирига нисбатан жорий қилинган, деди Людмила Даниленко.

Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси ходимлари ҳам бу ишда хатога йўл қўйилганига шубҳа қилмайди.

- Бу иш атайлаб уюштирилганга ўхшайди. Давлат Қуръонга қарши чиқмайди. Бунга ҳозирда Қуръонни исталган жойда бемалол ўқиш мумкинлиги далил бўла олади. Шунинг учун бу ерда қандайдир хатога йўл қўйилганига шубҳа йўқ, деди Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг тарғибот ва Интернет билан ишлаш бўлими мудири Қайрат Жўйлибайули.

Остона суди қарори билан таъқиқланган 207 ахборот манбасининг диний мазмундаги китоблар, аудиоёзувлар, варақалар ва буклетлар экани айтилмоқда. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси мутахассислари суд қарори билан таъқиқ жорий қилинган китоб ва материаллар экспертизасини бошқарма ходимлари ўтказмаганини айтмоқдалар.

Қозоғистон Адлия вазирлиги масъулларига кўра, мазкур таъқиқланган материаллар “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолари устидан ўтказилган маҳкама чоғида олинган ашёвий далиллар бўлиб ҳисобланади.

- Мазкур материаллар 2005 йилдан бошлаб айрим фуқаролар томонидан тарқатиб келинган. Улар “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик партияси иши кўрилган маҳкамалар чоғида ўрганилган. Улар ашёвий далиллардир. Албатта, бу материаллар юзасидан махсус экспертиза ўтказилган ва суд қарори билан улар экстремистик деб топилган, дейди Қозоғистон Адлия вазирлиги дин ишлари бўйича қўмитаси экспертиза ва таҳлил бошқармаси бошлиғи Людмила Даниленко.
XS
SM
MD
LG