Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:17

Ўлим жазосини тиклаш сўралмоқда


Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш масаласини биринчи бўлиб мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров кўтарди.
Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш масаласини биринчи бўлиб мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров кўтарди.

Қирғизистонда юқори лавозимли айрим амалдорлар, шунингдек баъзи депутатлар мамлакатда ўлим жазосини қайта жорий қилиш масаласини кўтармоқдалар.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров фикрича, ўлим жазосининг қайта жорий этилиши Қирғизистонда темир интизом ўрнатилишига хизмат қилади.

- Аввал қорнимиз тўйсин, кийимимиз бут бўлсин, ундан кейин демократия ўйинини ўйнасак ярашади. Бугун эса уст-бошимиз йиртиқ ҳолатда демократия ўйнаяпмиз. Менинг позициям қатъий, мамлакатда темир интизом ўрнатилиши керак. Бугунги кунда ўлим жазосини жорий қилиш долзарб бўлиб турибди, деди Адахан Мадумаров.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Мурод Суталинов ҳам ўлим жазосини қайта жорий этиш тарафдори эканини маълум қилди. Мурод Суталинов ўлим жазосини жамоатчиликка намойиш этган ҳолда ижро этиш зарурлигини таъкидлади.

- Айрим жиноятларга нисбатан ўлим жазосини жорий этиш керак. Жазонинг айримларини халойиқ кўз олдида ижро этиш зарур. Шундан сўнг икки-уч кун ичида мамлакатда тартиб ўрнатилади, деди Мурод Суталинов Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг 23 сентябрдаги йиғилишида.

Олий даражадаги ҳукумат амалдорларининг бундай нуқтаи назарини қирғиз парламентидаги Коммунистлар фракцияси ҳам қўллаб- қувватлаётгани маълум бўлди. Фракция вакили Анаш Сейитқазиевнинг Озодликка билдиришича, парламентдаги Коммунистлар фракцияси ўлим жазоси тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрламоқда.

- Агар ҳукумат Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги таклифларни парламентга жўнатса, коммунистлар ўлим жазосини қайта жорий этилишини қўллаб-қувватлайди, деди Анаш Сейитқазиев.

Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилдан бери ижро этилмай келинади. Мазкур жазо ўрнига умрбод қамоқ жазоси қўлланилмоқда. Қирғиз расмийларини 11 йиллик бу тажрибадан воз кечишга ундаётган омил нима? Бу саволга 30 йил мобайнида Жазони ўташ бош бошқармасида ишлаган Капар Мукеев жавоб беради:

- Ўлим жазоси бекор қилиниши учун энг аввало ҳукумат тайёр бўлиши керак. Алоҳида қамоқхоналар қурилиши шарт. Бугунги кунда эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар қаттиқ режимдаги қамоқхоналарда майда жиноятчилар билан биргаликда сақланмоқда. Бу фойдадан кўра кўпроқ зиён келтираяпти. Иккинчидан, бунга жуда катта маблағ сарфлаш керак, деди Қапар Мукеев.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда Қирғизистон қамоқхоналари таъминоти учун бюджетдан 1 миллиард сўм, яъни 2 миллион доллардан ортиқроқ маблағ ажратилган. Бироқ қирғиз ҳукумати бу маблағнинг фақат 45 фоизигина берган.

Мутахассисларга кўра, ўлим жазосининг қайта жорий этилиши тўғрисидаги фикрлар моддий етишмовчилик туфайли пайдо бўлмоқда. Шунга қарамай, Қирғизистон жазони ўташ Бош бошқармаси расмийлари айрим ҳукумат амалдорларининг ўлим жазоси тўғрисидаги фикрларига қўшилмаслигини билдирмоқда.

- Мен аниқ айта оламанки, Жазони ўташ бош бошқармаси ўлим жазосига мутлоқ қаршидир. Яна таъкидлайман, мутлоқ қаршидир, деди Жазони ўташ бош бошқармаси матбуот котиби Сергей Сидоров.

Айни пайтда Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун ҳам қирғиз амалдорларининг ўлим жазосини тиклаш бўйича айтаётган ҳар қандай таклифи мамлакат обрўсига жиддий путур етказишини билдирди.

“Давлат амалдорларининг ўлим жазосини қайта жорий этиш ҳақида айтганлари Қирғизистон Республикаси Конституциясига моддаларига зид бўлиб, уларнинг ўйламай берган баёнотлари давлат раҳбари обрўсига соя солади”, дейилади Қирғизистон омбудсмени тарқатган баёнотда.

Шунингдек, Қирғизистон ҳақиқатчиси Омбудсмен институтининг мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклаш таклифига мутлақо қарши эканини билдириб, қирғиз расмийларига инсон ҳуқуқлари бўйича БМТда қабул қилинган халқаро ҳужжатлар меъёрларига оғишмай риоя қилишни тавсия қилади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам айрим қирғиз расмийларининг ўлим жазосини қайта жорий этиш таклифларини Қирғизистонда авторитар тузум ўрнатиш йўлидаги яна бир уриниш сифатида баҳолайдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўлим жазоси халқни, ўзгача фикрловчилар ва мухолифатни қўрқитиш воситаси сифатида ҳам қўлланилиши мумкин.

Қирғизистонда 1998 йилда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган эди. 2007 йилда эса бу мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинган.

Расмий маълумотларда айтилишича, айни пайтда Қирғизистон қамоқхоналарида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 196 маҳбус сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG