Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:52

Кремл Эрон масаласида АҚШга ён бермаслиги мумкин


12 октябр куни Москвага келган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Россия раҳбарлари билан сўзлашуви чоғида асосан Эроннинг ядровий дастури, шунингдек, Афғонистон, АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизими ва Шимолий Корея каби масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котибининг Россияга сафари халқаро ҳамжамият Эронга уранни бойитиш дастуридан воз кечиш эвазига иқтисодий манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини қабул қилиш борасида босим кучаяётган пайтга тўғри келди.

Эрон ўзининг ядровий дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари Теҳрон яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганидан шубҳа қилмоқда.

Агар Теҳрон йил охиригача халқаро ҳамжамият талабини бажармаса, Вашингтон расмийлари Эронга қарши янги санкциялар жорий қилиш ташаббусига бошчилик қилмоқда.

Якшанба куни Лондонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ғарб давлатлари бу борада Эронга “аниқ сигнал йўллаётгани”ни айтди.

- Эрон ўз халқаро мажбуриятларини бажаришга тайёр эканини кўришни халқаро ҳамжамият номаълум муддат кутиб тура олмайди, деди АҚШ давлат котиби.

Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Ғарбнинг Эронга кўрсатаётган босимига анча вақтдан бери қарши бўлиб келмоқда. Кремл БМТ санкцияларига вето қўйиш ҳуқуқига ҳам эга.

Москва сиёсий мақсадлардан ташқари Эрон билан жиддий бизнес алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Россия Эронда қураётган атом электр станциясининг бу йил фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Андрей Пионтковский АҚШ Давлат котибининг Россия раҳбарлари билан учрашувида Эрон борасида жиддий қарор қабул қилинмайди, деган фикрда.

- Вашингтонда (Медведевнинг санкциялар борасидаги позициясига) катта оптимизм билан қарамоқдалар. Аммо бу масалада ҳеч нарса аниқ эмас. Ҳозирча ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Россия санкцияларга скептик назар билан қарайди, дейди россиялик таҳлилчи.

Андрей Пионтковский фикрича, Россия Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиш йўлидаги уриниши тўхтатилишидан манфаатдор эмас.

Кўпчилик Москва Эрон билан яхши муносабатларидан фойдаланиб, ўз мавқеини ошириш учун Ғарб билан мураккаб ўйин ўйнамоқда, деган фикрда.

АҚШ Давлат котибининг Россия раҳбарлари билан сўзлашуви чоғида асосан Эроннинг ядровий дастури, шунингдек, Афғонистон, АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизими ва Шимолий Корея каби масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Россия бош вазири Владимир Путин Пекинга сафар қилаётгани учун Ҳиллари Клинтон билан Москвада учраша олмайди.

Россияга сафари чоғида Ҳиллари Клинтон Москвадан 1200 километр узоқликда жойлашган Татаристон пойтахти Қозонга боришни ҳам режалаган.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Айн Келли Ҳиллари Клинтон Россия пойтахтидан бошқа жойларни ҳам кўришни хоҳлашини айтган эди.

- Россияни тушуниш, унинг турлилигини ҳис қилиш учун Москвадан ташқарига чиқиш керак. Менимча, шу мақсадда Қозон шаҳри тўғри танланган. Боиси бу Россия Федерацияси кўп миллатли эканини кўрсатади, деди АҚШ Давлат департаменти расмийси Айн Келли.
XS
SM
MD
LG