Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

Нос ўралаётган ҳақиқат


Тошкент марказидаги Медиа марказнинг олди ялтироқ¸ орти қалтироқ биноси¸ Ўзбекистонда ҳукм сураëтган ëлғонлар салтанатининг ўзига хос рамзи сифатида кўрилмоқда.
Тошкент марказидаги Медиа марказнинг олди ялтироқ¸ орти қалтироқ биноси¸ Ўзбекистонда ҳукм сураëтган ëлғонлар салтанатининг ўзига хос рамзи сифатида кўрилмоқда.

“Мен ватанимни юмуқ кўз, эгик бош, соқов тил билан севишни ўрганолмадим. Одам ўз мамлакатига, уни аниқ кўра олган тақдирдагина фойдали бўлиши мумкин, деган хулосага келаяпман. Менимча, ватанга кўр-кўрона ошиқлик даври ўтди, эндиликда унинг олдида, энг аввало, ҳақиқатни айтиш қарзимиз бор”.

Таниқли рус публицисти Пётр Чаадаевнинг бу фикрини бир қашқадарёлик, ўзини Хасан Кайфий, деб таништирган тингловчимиз эслади.

Кайфийнинг айтишича, бу гапни у нос ўралган қоғоздан ўқиган.

Нос қоғозидаги шу ва бошқа гаплар Ўзбекистондаги бугунги воқеликка бир назар ташлашга ундади.

Яна Ҳасан Кайфийдан эшитинг:

Ҳасан Кайфий: Сарвар ака¸ мен нос чекаман. Ўша носфурушдан олинган нос қоғозларини мен очиб ўқиб тураманда. Кўп ажойиб гаплар борда.

Озодлик: Қани айтингчи.

Ҳасан Кайфий: Буқаламун давлат тепасига чиқса¸ амалдорлар тусини ўзгартирадиган бўлиб қолaди. Тушундингизми?

Озодлик: Нос ўралган қоғоздан ўқилган нарса-а?

Ҳасан Кайфий: Ҳа¸ шундай. “Прометей маъбудлардан ўғирлаб чиққан оловда Жордано Бруно ëндирилди” каби гаплар кўпда.

Озодлик: Нос ўралган қоғозларда.

- Шундай. Мен кайфийманку¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Бизда “Ҳақиқат манзаралари” деган китобнинг варақларига ҳам нос ўраворишган экан, дейди Ҳасан Кайфий.

- Яқинда “Ҳақиқат манзаралари” деган китобнинг қоғозларига ҳам нос ўралибдида. Ўшанда Чаадаевнинг “Мен ватанимни танқид қилишим¸ уни масхаралашим мумкин¸ лекин уни алдай олмайман” деган гапи бор экан¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Чаадаевни яхши кўрадиган Ҳасан Кайфий, умуман Россия тарихини яхши билар экан. У “Потёмкин қишлоқлари”, деган иборанинг қандай пайдо бўлганини ҳам айтиб берди.

- Императрица Екатерина II 1787 йили Россия жанубига – Қора денгиз бўйи ва Тавридага сафар қилади. Кечагина мутлақо кимсасиз бўлган ерларда подшо хоним қатор-қатор иморатлар, аҳолиси фаровон яшаётган қишлоқларни кўриб ҳайрон бўлади.

Кейин, ўша иморатлару қишлоқлар аслида театр декорациясидек омонат қурилмалар эканлиги маълум бўлади. Уларни Екатерина II нинг кўзини бўяш учун граф Потёмкин қурдирган эди, деб ҳикоя қилади Ҳасан Кайфий.

Қашқадарёлик суҳбатдошимизнинг бу ҳикояси Андижоннинг президент ўтиб қолиши мумкин бўлган катта йўллари бўйларидаги уйлар томларининг кўча томони бузилиб қайта ёптирилаётгани тўғрисида бошқа бир суҳбатдошимиз айтиб берган гапларни ёдга солди.

- Олтинкўл туманида Андижон-Наманган йўли бор. Шу ерда йўлдаги уйлар страпилининг кўча томонини бузиб¸ янги шифер қоқиб¸ у шиферни қизилга бўяшаяпти¸ деган эди бир андижонликлардан бири.

Ватанни президент кўзига чиройли кўрсатиш масаласида тошкентлик амалдорлар андижонликлардан қолишмайди.

Пойтахтнинг 2200 йиллик юбилейи арафасида фойдаланишга топширилиши лозим бўлган ҳашаматли иморатлардан бири –Медиа марказ битмай қолди.

Ана шунда амалдорлар вазиятдан “усталик” билан чиқди: иморатнинг кўча томони – президентнинг кўзи тушадиган томони битирилди, лекин орқа томони мутлақ чала қолаверди.

Фарғоналик амалдорлар эса, ёлғончиликда андижонликларни ҳам, тошкентликларни ҳам чангда қолдириб кетди.

16 октябр куни Ислом Каримов Фарғонага борди.

Маҳаллий амалдорлар йўл бўйидаги пайкаллардаги ғўзаларга пахта илдирди.

- Уч кун олдин 1000 та одам пахтани қайтадан жойига қўйиб қўйди.

Озодлик: Қаерда ва қандай қилиб?

- Президентский кортеж ўтадиган жойларда даланинг четида 1000 та одам пахтани қайтадан чаноғига қўйиб чиқди (суҳбатдошимиз шу гапни айтиб бўлиб¸ мазза қилиб кулиб олди). Бу эртакларда¸ ахмоқлар мамлакатида жиннилар подшо бўладиган жойларда бўлади¸ деган эди ўша вазият манзарасини чизиб бергна тингловчимиз.

Ўзбекистондаги вазиятдан бехабар одам бу гапга ишонмас, лекин қашқадарёлик Ҳасан Кайфий ишонади.

Ёлғон урчигандан урчияпти, дер экан, у яна бир воқеани айтиб берди.

Ҳасан Кайфий: Бундан бир ой олдин 16 сентябр куни Яккабоғдаги пахта тозалаш заводига “Бугун 130 минг тонна пахта қабул қилинди деган сводка қилиб берасан” деб айтишган. Ўша пайт умуман пахта терилмаган. Вилоятдан “Бизга шунақа нимани берасан” деган мажбурлов бўлган экан.

Озодлик: Буни сиз қаердан эшитгансиз?

- Ўша ердаги масъул одамларданда¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Бу лавҳани тайёрлаш жараёнида бир неча ўзбекистонлик билан гаплашдик. Ҳар бир ўзбекистонликнинг жамиятда ёлғон урчиётгани, урчитилаётганига далил бўла олувчи ўз мисоли бор.

- Ëлғон ҳамма жабҳада. Қайси бирини мисол келтиришни билмайман ҳозир. Ҳамма ëқ ëлғон. Масалан¸ дейди бир фарғоналик.

Унинг мисолини қўя турамиз. Боядан бери айтганларимиз ҳам етарлидир. Шу ўринда тошкентлик бир домладан августнинг охирида келган хатдан иқтибос келтирмоқчиман.

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари қабул қилиш жараёнидаги коррупция ва ёлғон ҳақида ҳикоя қилар экан, муаллиф ўз мактуби якунида мана бундай савол қўйган:

“Хўш, савол: буни Каттанинг ўзи билмайди, деб ўйлайсизми? Фараз килайлик¸ билмайди. Яъни ҳамма билади-ю у билмайди. У ҳолда у раҳбар эмас. Раҳбар ҳаммадан аввал билиши, кўриши ва башорат қилиши керак эмасми? У ҳолда Катта ўз вазифасини бажара олмаётган раҳбардир... Юмшоқ қилиб айтсак, хабари бор. У ҳолда яна бир савол туғилади: Биз кимни алдаяпмиз? Ўзимизаними?” деб ёзган эди тошкентлик бир ўқитувчи.

Лавҳага сўнгги нуқтани қўйиш олдидан "Потёмкин қишлоқлари"га оид гапга бир аниқлик киритиб қўйишимиз керак.

Тарихчиларга кўра, аслида “Потёмкин қишлоқлари” бир афсона. Саксониялик дипломат Гельбиг тўқиган афсона.

Яъни граф Потёмкин алдамаган. Екатерина II алданмаган.

Ўзбекистонда эса, “Потёмкин қишлоқлари” – шу кун воқелиги.

Хўш, нега?

Балки, ўзбеклар “Ҳақиқат манзаралари” китоби варақларига нос ўраётгани учундир?
XS
SM
MD
LG