Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:36

Сайлов-2009: Цезарнинг хотиниданда ишончлироқ депутатлар


Тоғлару боғлар билан шуғулланувчи экологик ҳаракат Каримов учун мутлақ бехатар кўринди шекилли¸ экологларга дунë тажрибасида мисли кўрилмаган тарзда парламентдаги 15 ўрин сайловсиз тортиқ қилинди.
Тоғлару боғлар билан шуғулланувчи экологик ҳаракат Каримов учун мутлақ бехатар кўринди шекилли¸ экологларга дунë тажрибасида мисли кўрилмаган тарзда парламентдаги 15 ўрин сайловсиз тортиқ қилинди.

Ўзбекистонда биров кимлигини билмаса-да¸ президентининг комил ишончини қозониб¸ мамлакат парламентидаги 15 ўринни сайлов-пайловсиз олиб бўлганлар ана шу қадим иборани қўллашга ундади.

“Сайлов-2009” мавзуидаги мақолаларимизни муштарийларимиз эътиборсиз қолдирмаяпти.

Уларга муносабат билдирар экан, бир муштарий мана бундай деб ёзди:

«Ўзбекистонда ҳуқуқ эркинлиги у даражада ривожланмаган, лекин сайловлар ихтиёрий: халқ кимни хоҳласа - шуни сайлайди».

Айни пайтда танқидий фикрлар ҳам билдирилмоқда.

Танқидчилар фикрича, сайлов тўғрисида гапиришнинг ўзи мантиқсизликдир, чунки ўзбекча сайловнинг ўзи мантиқсиздир.

Cиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатимиз ўзбекча сайлов тизимининг ўзига хосликлари устида бўлди.

Декабрда ўтказиладиган сайлов пропорционал сайловми, мажоритар сайловми?

Нима учун экологлар сайловга қатнашмай депутат бўлишлари керак?

Суҳбат давомида мана шу икки муҳим масала атрофида сўз бўлади.

Озодлик: Ўзбекистонда сайловлар мажоритарми¸ пропорционалми?

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистонда кейинги 18 йил давомида фақатгина мажоритар система ишлаб келаяпти. Мана ҳозирги пайтда депутатларнинг сони 150 та деб ўзгартирилди. Шундан 135 таси халқ томонидан сайланиши керак. Демак¸ аҳолининг сонига қараб Ўзбекистонда 135 та сайлов округи белгиланиши керак. Битта сайлов округининг иккинчи сайлов округидаги аҳолиси бир-биридан катта фарқ қилмаслиги керак. Шунинг учун Ўзбекистоннинг аҳоли зич вилоятларида 10-12 та сайлов округлари пайдо бўлади. Жиззахга ўхшаган вилоятларда бор-йўғи тўртта сайлов округи пайдо бўлади.

Озодлик: Демак¸ бир мандатли округларда партиялар ўзларининг номзодларини кўрсатади.

- Худди шундай¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимиз айтаётган мажоритар сайлов тизимидан ташқари пропорционал сайлов тизими ҳам бор. Сайлов шу тизим асосида ўтказиладиган бўлса, сайловчилар партиялар учун овоз беради.

Камолиддин Раббимов: Пропорционал система анча демократик ҳисобланади ва сиëсий партияларни ҳаддан ташқари кучайтириб юборишга олиб келади. Чунки одамлар сайлов участкасига келганида¸ Эшматов ëки Тошматовга овоз бермайди¸ у партияга овоз беради. У ерда фақатгина сиëсий партиянинг номи ëзилган бўлади. Одамлар сиëсий партияни таниши керак¸ сиëсий партияларнинг ғояларини¸ қадриятларини тушунган бўлиши керак ва сиëсий партиялар жипслашиб¸ ўзини реклама қилишга ҳаддан ташқари катта эътибор беришади. Қўпол қилиб айтганда¸ сиëсий партиялар халққа ëқиш учун ва халқнинг овозини олиш учун бор имкониятини сарфлашади. Кўпгина таҳлилчилар¸ сиëсатшунослар Ўзбекистон депутатларининг ярмини партиялар рўйхатлари бўйича сайлашни кўп таклиф қилишган¸ лекин ҳокимият бу нарсани ҳеч қачон қабул қилмаган.

Озодлик: Мажоритар тизимдан кўра пропорционал тизим прогрессивроқ¸ дедингиз. Ва яна “Шу пайтгача пропорционал тизимга Ўзбекистон ҳукумати рози бўлмаган¸ бўлмаяпти” дедингиз. Нега?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ сиëсий партияларни назорат қилиш жорий ҳокимиятнинг ўзи учун белгиланган устувор вазифаларидан биттаси. Мана 1990-йилларнинг бошлари Ислом Каримов учун машаққатли даврлар бўлган. Олий кенгаш¸ бир томондан мухолифат¸ бир томондан ҳар хил диний гуруҳлар. Умуман Каримовнинг тафаккурига хос бўлган жамиятни мутлақ бошқариш ўша пайтда Каримовнинг қўлидан анча келмаган. Секин-секинлик билан Олий мажлисни ҳам¸ депутатларни ҳам¸ умуман жамиятдаги барча жараëнларни қўлига олди. 1995-1996 йилларга келиб¸ мана шундай вазифага эришди. Айтмоқчиманки¸ сайловлар пропорционал тизим орқали ўтадиган бўлса¸ бу назорат қилиш концепциясига мос келмайди. Бу президент девонини ва шахсан Каримовни қийнаб қўйиши мумкин.

Озодлик: Жорий қонунларга биноан Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари Олий Мажлис қуйи палатасидаги 150 та ўриннинг 15 тасини сайлов-пайловсиз эгаллайди. Нега?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ дунëда бирор бир ҳаракат ëки сиëсий позиция учун олдиндан парламентда жой резерв қилиш тажрибасининг дунëдаги бирор бир давлатда борлигини мен билмайман. Ўзбекистон парламентида халқ томонидан сайланмаган вакиллар ўтирадиган бўлаяпти. Бу ҳам Ўзбекистондаги сиëсий режимнинг хусусиятларидан биттаси. Тўғридан-тўғри ҳукумат томонидан бошқариладиган ҳаракатга 15 та жойнинг резерв қилинишининг ўзи қонунчилик даражасида қизиқ¸ ғалати ҳолат.

Озодлик: Демак¸ яна бир аниқлаб қўяйлик. Экологлар ўз номзодларини сайловга қўймайди.

Камолиддин Раббимов: Йўқ¸ қўймайди. Улар сайловдан олдин қурултойини ўтказар экан¸ ўша қурултойда ҳаракатнинг раҳбарияти 15 та номзодни танлаб оларкан. Буни оддий тасаввур қилиш мумкин. Президент девонида сиëсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ишловчи катта бўлим бор. Бу рўйхат ўша бўлим орқали Каримовга олиб кирилади. Каримов ҳаммасини битта-битта кўздан кечиради. Ҳар битта одамнинг шахсиятини кўздан кечириш учун кўп вақт кетмайди. Каримовга ëқмайдиагн одамлар таклиф қилинмайди¸ албатта. Каримовнинг рухсатини олгандан кейин ўша одамлар қонунчилик палатасида беш йил депутат бўлиб ўтиришади.

Озодлик: Бу Цезарнинг хотинидан ҳам ишончли экологлар кимлар?

Камолиддин Раббимов: Ҳозирча бу экологларнинг кимлиги тўғрисида бизда маълумот йўқ. Сайлов ўтгандан кейин мана шуни кузатиб борамиз. Сайлов ўтгандан кейин уларнинг кимлиги ва қандай дастурлар билан чиқиши маълум бўлади. Лекин бирор бир сенсация кутилмаяпти. Улар у-бу қонунчиликни ëки ўша экология муаммоларига имкон қадар эътибор қаратишга ҳаракат қилади. Лекин бу ҳатти-ҳаракатлар ва дастурлар фақатгина ҳокимиятнинг розилиги билан амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG