Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:16

"Фаровонлик деб шуни айтса керак"


Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг кўпи ҳали ўзбек қишлоқларига фаровонлик келмагани ҳақида гапирмоқдалар.
Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг кўпи ҳали ўзбек қишлоқларига фаровонлик келмагани ҳақида гапирмоқдалар.

Ўзбек расмийлари “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” йилида мамлакат қишлоқларида аҳолини уй-жой билан таъминлашга катта аҳамият берилаётганини даъво қилмоқдалар. Бироқ ўзбекистонликларнинг аксарияти бунинг асоссиз ва пуч даъво эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисида “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” йили бўйича қабул қилинган давлат дастури ҳам муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида айтилишича, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида қишлоқ жойларда 4,7 миллион квадрат метр якка тартибдаги уй-жойлар, 577 километр газ ва 1680 километр сув қувурлари тармоқлари фойдаланишга топширилди.

Бу албатта кўзни қувонтирадиган рақамлар. Шу йил баҳона "қишлоқларда мана шунча ўзгаришлар бўпти" деб, шукрлар ҳам айтгинг келади. Бироқ биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонликлар уларнинг қишлоқларига тараққиёт ва фаровонлик ҳали етиб келмаганини айтмоқдалар.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшовчи Каримжоннинг айтишича, ҳозир якка тартибда уй солиш учун ер олиш жуда қийин. Олса бўлади, лекин фақат пора ҳисобига.

Каримжон: Уй сотиб олай десангиз¸ участканинг ўзи ҳозир бир миллиондан зиëд. Битта участканинг ўзини шундай олиш икки миллион атрофида. Бунга қурби етмайди. 200 минг ойлик олаëтган одам икки миллионни қаердан топиб беради?

Озодлик: Кимга бериш керак ўша икки миллион пулни?

Каримжон: Участка берадиган алоҳида одамлар бор ўзи. Мен ўзим бу йил қизиқдим. Тахминан икки ой олдин "участка оламан" деб қизиқдим. “Ким ошди савдосига қўйилаяпти. Майли¸ аризани ëзиб қўяверинг. Бошланғич нархини ҳали билмаймиз” деди. Мен яқинда биттасидан эшитдим. Бир ярим миллион, деб айтаяпти.

Озодлик: Бир ярим миллионни пора сифатида бериш керакми ë давлатга бериш керакми?

Каримжон: Албатта пора сифатида.

Озодлик: Давлатнинг ўзининг ҳисобидан кредитларга уйлар қурилмаяптими? Ҳозир “Қишлоқ фаровонлиги учун¸ аҳоли учун шунақа уйлар қурилаяпти” деб айтилаяпти.

Каримжон: Йўқ¸ бу ëлғон. Бизда йўқ. Бизда қуриш эмас¸ бузиш бўлаяпти. Икки-уч этажнинг олдидаги ноқонуний қурилган жойларни бузди. Бу йил ҳисобига шу бўлди. Фаровонлик деб шуни айтса керак-да.

Озодлик: Телевизорларда “Фалон қишлоқда шунча уйлар қурилди, банкдан кредит олиб қуриб беришди, қурувчилар қуриб бераяпти” деб роса кўрсатади-ку.

- Ўша кредитга мен ўзим ҳаракат қилдим. Вилоятдан чиққан имтиëзли кредит¸ микрокредит деган газетасини олиб бориб¸ ўшанинг орқасидан олти ой югуриб ололмадим-ку. Кейин эшитишимча¸ 10 нафар одам ўшанақа кредит олган. Ҳаммаси банкда ишлайдиган ходимларнинг ўзлари экан. "Тоғамга"¸ "жиянимга" деб ўзлари олган. Бегонага умуман бермаган. Унақа кредитлар фақат телевизорда¸ радиода айтилади. Уни олиш қийин¸ жуда қийин¸ дейди Каримжон.

Фарғона вилояти Бувайда тумани Қоратепа қишлоғида яшайдиган суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, оддий одамларга якка тартибда уй қуриш учун ер олиш ҳозир имконсиз бўлиб қолди. Ерни фақат пулдорлар олаяпти ва қўш қаватли уйлар қураяпти.

- Бизнинг маҳаллада Қоратепа қишлоғида ҳеч қандай фаровонлик йили бўлмади, деса бўлаверади. Фаровонлик йили бўлди дегани маҳалланинг чеккасига битта коллеж қурилди. Ўша халқ учун фаровонлик бўлмади-да. Буни айтса ҳам бўлади¸ айтмаса ҳам бўлади. Бундан бошқа фаровонлик йили бўлиб¸ қийналган хўжаликлар бор боқувчиси йўқ. Шуларга ҳам ëрдам деган нарса бўлмади.

Озодлик: Қишлоғингизда бор бўлган муаммолар сақланиб қолдими ëки улар ўз ечимни топдими?

- Энди муаммолар бор. Биринчиси¸ саратонда деймиз¸ ëз пайтида¸ шунда ҳам газ бўлмайди. Иккинчиси¸ кўпчилик хўжаликларга уй-жой керак. Битта хонадонда иккита-учтадан келин ўтирибди. Ҳалиги келинлар¸ энди ўзингиз ҳам ўзбексиз¸ биласиз¸ жиққамушт бўлиб, ажрашиб кетганлари ҳам бор.

Озодлик: Одамларга ер берилмаëтганига неча йил бўлди?

- Охири 2000 йили берилган. Мен ўзимдан қиëс қиладиган бўлсам¸ 2001 йили туман ҳокимининг қарори чиққан. Шундан бери “ана берилади¸ мана берилади” деб¸ ҳалигача берилмаяпти. Бизнинг маҳаллада беш гектар ер резерв қилиб қўйиб кетилган. Хўжаликларга уй-жой учун берилиши керак. Уни фермер рухсатисиз бермас эмиш. Фермер бермади. Фермеримизнинг ўзи бермай туриб¸ энди ўзи болахонали қилиб¸ иморат қилаяпти. Уларга рухсат¸ оддий халққа рухсат йўқ. Арзимизни кимга айтамиз энди. Индамай юраверамиз-да¸
дейди Қоратепа қишлоғида яшайдиган суҳбатдошимиз.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қиладиган Лола Мирраҳимованинг айтишича, Ўзбекистон телевидениеси журналистлари қишлоқлардаги фарофонлик ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. Лекин аслида...

- Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Қуруқ гап. Мана телевизорда мақтаниб гапираяпти¸ лекин Сурхондарëда умуман йўқ. Сурхондарëнинг 90 фоиз қишлоғида на газ¸ на свет бор. Сув масаласи ҳам қийин. Умуман ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ. Шунақа аҳвол. Бирорта раҳбар келиб “Нима камчилигингиз бор, нима бўлди, нима керак?” деб сўрамайди. Ҳукуматга пахта керак¸ буғдой керак¸ лекин одамлар керак эмас экан. Телевизорда кредит¸ микрокредит¸ бизнес деб кўрсатади. Бирортага бергани йўқ. Бермайдиям. Аҳвол ана шундай, укажон¸ дейди Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қиладиган Лола Мирраҳимова.

Фарғона вилоятининг Қувасой туманида ўқитувчилик қилаётган суҳбатдошимиз эса уларнинг қишлоқларига “тараққиёт ва фаровонлик” йилининг ҳато шабадаси ҳам етиб келмагани тўғрисда гапиради.

- Бизда ҳеч нарса бўлгани йўқ.

Озодлик: Қишлоқ тараққиëти йилининг шабадаси ҳам келмадими?

- Қишлоқларга эълонларни¸ шиорларни ëзиб ташлаган. “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили” деб ҳамма ëққа ëзиб ташлаганку¸ қишлоққа ҳеч нарса қилингани йўқ. Мен турган маҳаллада беш йил олдин ўзимиз пул чиқариб¸ шағал тўктириб олганмиз. Ҳозир тупроғи чиқиб ëтибди. Яхшиям, ҳозир ëмғир йўқ - чангда юрибмиз. Эртага ëмғир ёғса¸ лойда қоламиз. Президентимиз телевизорда вилоят ҳокимидан сўраяпти¸ саволга қаранг: "Халқимизнинг яшаши қалай?" Президент шу нарсани келиб халқдан сўрасин. Халқидан сўраса¸ биз айтамиз. Масалан¸ биз сентябр ойига ойлик олганимиз йўқ. Пластик карточкага ўтказилди¸ ўша пластик карточка ҳам йўқ-да. Чўнтакда бир тийинсиз юрибмиз¸ дейди қувасойлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мажлисида айтилишича, тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича, “Қишлоқ қурилиш банк” тижорат банки кредитлари ҳисобига уй-жойларни комплекс қуришни жорий йилнинг тўртинчи чорагида бошлаш учун қишлоқ жойларда 42 та ер массиви тайёрлаб қўйилган.

Келажакда Ўзбекистон қишлоқларида 8,5 мингга яқин якка тартибдаги уй-жой қурилиши назарда тутилган. Албатта аҳолиси 27 миллионли Ўзбекистон учун бу жуда кичик рақам. Бироқ у уйлар эгалари, уй-жойга муҳтож бўлган оилалар бўладими ёки юқорида суҳбатдошларимиз айтганидек, амалдорлар ёки пули кўп бойваччалар бўладими - бу савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG