Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

Чегарачилар ахборот урушига ўтдилар


Кузатувчилар фикрича¸ ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммолар¸ айнан чегарачилар ўзлари ташкил қилаëтган ноқонуний ўтиш жойлари¸ аниқроғи “иқтисодий чегараларда” юзага келмоқда.
Кузатувчилар фикрича¸ ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммолар¸ айнан чегарачилар ўзлари ташкил қилаëтган ноқонуний ўтиш жойлари¸ аниқроғи “иқтисодий чегараларда” юзага келмоқда.

REGNUM ахборот агентлиги “Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон чегарачиларини чегарага ҳужум қилганликда айбламоқда” сарлавҳали хабар тарқатди. Қирғиз чегарачилари буни инкор қилмоқдалар.

RENGUM ахборот агентлигининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбага таяниб 19 октябр куни хабар қилишича, 8 октябр куни шартнома асосида хизмат қилаётган икки нафар аскардан иборат Ўзбекистон чегара наряди Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани чегара участкасини кўздан кечираётганида Ўзбекистон ҳудудининг “Сойбўйи” ҳудудида чегарани ноқонуний кесиб ўтган шахслар аниқланган.

“Қўлга олиш жараёнида улар қаршилик кўрсатишга уринган. Шу пайтда Қирғизистон чегара хизмати жанубий бошқармасининг Жалолобод чегара бўлими “Сузоқ” чегара қисмининг бир неча қуролланган ҳарбийси давлат чегарасини бузиб ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига кирган ва ўзбек чегара нарядига ҳужум қилган, дея таъкидлайди манба”, дейилади RENGUM хабарида.

Бу борада тўлароқ маълумот олиш учун Қирғизистон Чегара хизматига боғланганимизда Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Жўўдар Исақулов Регнум хабари ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини айтиб, воқеа аксинча бўлганини билдирди:

- Шу йилнинг 8 октябр куни Сузоқ туманига қарашли Отабек қишлоқ ҳукумати Найман аҳоли пункти Қизилдамба ҳудудининг Сузоқ чегара қисми назоратидаги ҳудудига Ўзбекистон Республикаси томонидан давлат чегарасини бузиб ўтишга харакат амалга оширилган. Улар 20 кишидан иборат бўлган. Шунингдек, уларнинг орасида Ўзбекистон Республикаси чегара нарядининг ҳарбийлари бўлган.

Қирғизистон чегара наряди ўзбек фуқаролари томонидан давлат чегараси бузилганини кўрганларидан сўнг улардан ўз ҳудудига қайтишни талаб қилган. Шу пайтда ўзбек чегарачиларидан бири Қирғизистон ҳудудига 10-12 метр кириб, ўзбек фуқароларининг Қирғизистон ҳудудига ўтказиб юборилишини талаб қилган. Чегарачиларимиздан рад жавоби олинганидан сўнг улар ўзаро муштлашиб кетганлар. Натижада ўзбек чегарачиси ўз қуролини Қирғизистон ҳудудида тушириб қолдириб, ўз ҳудудига қочиб ўтиб кетган. Чегара бузувчилар ҳам Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетганлар. Шундан кейин қурол Сузоқ чегара қисмига олиб келинган, деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Жўўдар Исақулов.

Маълум бўлишича, кейинроқ Сузоқ чегара қисми раҳбариятининг мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Пахтаобод чегара участкаси вакили билан учрашуви бўлиб ўтган.

- Ўша учрашув чоғида Ўзбекистон тарафга улар тушириб қолдирган қурол қайтариб берилди. Мен “тушириб қолдирган” деган сўзни яна бир марта таъкидлаб айтаман, деди Жўўдар Исақулов.

Чегара расмийсининг айтишича, айни пайтда мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон тергов органлари текшириш ишлари олиб бормоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарачилари ўртасида зиддият аввал ҳам кузатилган. Масалан, шу йилнинг 2 июн куни Қирғизистоннинг Боткен чегара бўлимига озиқ-овқат олиб кетаётган юк машинаси Қирғизистоннинг Қадамжой туманидан ўтиб келаётганида ўзбек чегарачилари тарафидан тўхтатилган ва Ўзбекистон тарафга олиб кетилган. Маълумотларга кўра, бу воқеа содир бўлишидан бир неча соат аввал икки нафар ўзбек чегарачиси Қирғизистон чегарасини ноқонуний бузганлиги учун қирғиз чегарачилари тарафидан қўлга олинган. Боткен чегара отряди командири ўзбек чегарачилари билан музокаралар олиб борганидан сўнг автомашина ҳамда қирғиз аскарлари қўйиб юборилган.

Мутахассисларга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасида баҳсли ҳудудларнинг кўплиги, чегарадаги делимитация ишларининг якунига етказилмагани сабабли бундай можаролар кўпайиб бормоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг узунлиги 1375 километрни ташкил қилади. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида 60 га яқин баҳсли ҳудудлар борлиги айтиб келинади.

Қирғизистон Омбудсменининг Боткен вилояти бўйича вакили Айтали Айқанов Озодлик билан суҳбатда қирғиз-ўзбек чегарасидаги масалалар давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилиниши керак, деган фикрни билдирган эди:

- Бу биздаги ҳозирги сиёсий вазиятга, жамоатчиликнинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро алоқасига нисбатан муносабатига салбий таъсир кўрсатади. Менимча, Қирғизистон давлат раҳбари Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриши зарур, деган эди Айтали Айқанов.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов ҳам чегара масалаларини икки давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилиш керак, деган фикрда.

Унинг айтишича, чегара муаммолари асосан “иқтисодий чегараларда” юзага келмоқда:

- Бу чегаралар оддий чегара эмас. Буни “иқтисодий чегара” ҳам дейиш мумкин. Ўша чегараларда аҳолининг икки томонга ўтиши ҳолатлари бўлиб турибди. Асосий ўтиш нуқталари жуда ҳам мустаҳкам қилиб тўсиб ташлангани билан чекка жойларда аҳоли ўтиши учун имкониятлар яратишаяпти. Бу ноқонуний ўтишларни иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан, ана шу чегарачиларнинг ўзлари ташкил қилаяпти ва шу нуқтаи назардан тўқнашувлар пайдо бўляпти, дейди Ғанижон Холматов.

Унинг айтишича, чегарадаги муаммоларни бартараф қилиш учун чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли ва чегарачиларни чегара қонунларига амал қилишга ўргатиш даркор.
XS
SM
MD
LG