Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:57

Байден: АҚШ демократия ҳимоясидан чекинмайди


Марказий ва Шарқий Европа давлатларига сафари доирасида Чехия пойтахти Прагага келган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Озод Европа/Озодлик радиоси мухбирларига эксклюзив интервью берди.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Вашингтоннинг Шарқий Европадаги иттифоқчиларини АҚШ ва Россия муносабатларининг яхшиланиши улар ҳисобига бўлмаслигига ишонтирганини айтди.

- Биз муносабатларни “қайта бошлаш” тугмачасини босишни хоҳлаймиз. Аммо биз “ўчириш” тугмачасини босмоқчи эмасмиз. Биз икки масалада ёнбосиш бўлмаслигини аниқ ва равшан айтдик, деди АҚШ вице-президенти.

Жозеф Байден собиқ совет ҳудудларини Москва ўз таъсирига олиш йўлидаги уриниши ва ҳар қандай давлатнинг ўзи хоҳлаган иттифоққа қўшилиш ҳаракатига Россия тўғаноқ бўлишига Оқ Уй маъмурияти тоқат қилмаслигини қайд этди.

Жозеф Байден АҚШ асосий эътиборни Шимолий Корея, Покистон ва Эроннинг ядровий дастури масалаларига қаратиш баробарида Шарқий Европа давлатларини назардан четда қолдириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ўринсиз эканини айтди.

- Мен содда қилиб айтмоқчиман: нима учун биз Европа билан яқин алоқаларни сақлаб келяпмиз? Чунки биз эркин Европа яхлитлигини сақлаш ва уни кенгайтириш борасида зиммамизга олган мажбуриятни бажаришни хоҳлаймиз, деди АҚШ вице-президенти.

Афғонистон масаласида гапирган Жозеф Байден Кобул ҳукумати расмийлари АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Холбрукни ёқтирмаслиги ҳақидаги матбуот хабарлари нотўғри эканини қистириб ўтди. Айни пайтда Байден Афғонистон президенти Ҳамид Карзай 7 ноябрда ўтказиладиган президентлик сайловининг иккинчи босқичида собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан беллашишга рози бўлганини олқишлади.

- У (яъни, Ҳамид Карзай) бизнинг эмас, балки Афғонистон халқининг ишончини қозониши керак. Ҳамма гап Афғонистон халқининг унга ишонч билдиришида. Менимча, у президентлик сайловининг иккинчи босқичида қатнашишга рози бўлиш орқали бу жараённи бошлади. Ҳамма нарса бизга эмас, Афғонистон халқига боғлиқ, деди Жозеф Байден.

Покистон масаласида сўз юритган Жозеф Байден жорий йилда бошланган ҳарбий амалиётлардан кейин хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашганига қарамай, Покистон ҳукумати толиблар ва Ал-Қоида жангариларига қарши курашда муваффақиятга эришганини таъкидлади.

Эрон хусусида гапирган Жозеф Байден Теҳроннинг ядровий дастури борасида олиб борилаётган музокараларда демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини АҚШ ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмагани ва қолдирмаслигини айтди.

- Биз Эрон халқининг аксари АҚШга нисбатан дўстона муносабатда эканига ишонамиз. Улар душман эмас. Улар ҳозирги ҳукумат ҳақида қандай қарор бериш кераклиги борасида оғир вазиятни бошдан кечирмоқда. Айни пайтда Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслигидан аввало Эрон халқи, қолаверса, Европа ва дунё халқлари манфаатдор, деди 23 октябр куни АҚШнинг Прагадаги элчиси резиденциясида Озод Европа/Озодлик радиоси мухбирларига эксклюзив интервью берган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден.
XS
SM
MD
LG