Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:07

Тошкентдан садо йўқ


Кузатувчилар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистон хорижида ўзбек тилини ёйиш бўйича расмийлар қилолмаётган ишни ўзбек филмлари муваффақиятли уддаламоқда.
Кузатувчилар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистон хорижида ўзбек тилини ёйиш бўйича расмийлар қилолмаётган ишни ўзбек филмлари муваффақиятли уддаламоқда.

Қозоғистон ва Қирғизистон ўзбеклари орасида миллий тил мавқеи тушиб бораётганидан ташвишланган маҳаллий зиёлилар расмий Тошкентнинг Ўзбекистон ташқарисида ўзбек тили ривожига эътиборсизлик билан ёндошаётганини таассуф билан қайд этмоқдалар.

Австралия ва бошқа узоқ юртларга ўзбек бориб қолган.

Бироқ Ўзбекистонга қўшни 5 мамлакат - Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон¸ Афғонистон ва Туркманистонда ўзбек туб аҳоли¸ ерли миллат.

Бугунги дастуримизда қозоғистонлик ва қирғизистонлик ўзбекларнинг тили аҳволига сиз билан биргаликда назар ташламоқчимиз.

Ўзбеклар Қозоғистон аҳолисининг тахминан уч фоизини ташкил қилади. 400 мингга яқин ўзбек бор бу мамлакатда.

Мухбиримиз Дилбегим ҳикоя қилади:

Жанубий қозоғистонлик ўзбек ёшлари уйда ўзбек тилида, ўқишда ёки кўча-кўйда аксар ҳолларда рус ва қозоқ тилида сўзлашишни маъқул кўрадилар:

- Русча бўлгани яхши-ку, наоборот. Энди ким билади, ўзбек тили бу ерда давлат тили эмас-ку ёки расмий тил эмас. Кўчада қозоқчада гапираман, дейди 23 ёшли Азизбек.

Айни пайтда чимкентлик пенсионер Лола опанинг айтишича, Қозоғистонда жамоат жойларида ўзбекча гапиргани учун ҳеч кимга босим ўтказилмайди.

- Ҳеч ким қаршилик кўрсатмайди, ҳеч ким: “Нега сен ўз тилингда гапираяпсан, нега қозоқча, русча гапирмайсан?” деб қаршилик кўрсатмайди. Ўзбек мактаблари кўп, 21 та ўзбек мактаби бор. Ундан кейин колхозларда ўзбек мактаблари бор, микрорайон ва қишлоқларда бор ўзбек мактаблари. Ўзбек мактаблари жуда кўп. Мисол учун, бир ўзбекка: “Сен болангни қозоқ мактабига ёки рус мактабига бер” деб буйруқ бермайди. Ота-оналар ўз хоҳишига қараб, истаган мактабига беради, дейди Лола опа.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Қозоғистон аҳолисининг 3 фоизини этник ўзбеклар ташкил қилади. Мамлакатдаги ўзбекларнинг 90 фоизи эса Жанубий Қозоғистонда истиқомат қилади.

Расмий маълумотларга кўра, айни кунда Қозоғистонда 71 та ўзбек мактаби фаолият юритмоқда. Яна 73 мактабда эса ўзбек синфлари мавжуд. Шунга қарамай, жанубий қозоғистонлик ўзбекларнинг аксарияти кейинги пайтларда ўз фарзандларини рус ёки қозоқ мактабларига бераётганини кузатиш мумкин.

“Сайрам сабоси” газетаси бош муҳаррири Абдумалик Сармоновнинг айтишича, Жанубий Қозоғистонда ўзбек тили мавқеининг пасайиши бундан бир неча йил аввал бошланган ва бу нафақат таълим соҳасида, балки қозоғистонлик ўзбеклар турмушининг барча жабҳаларида кузатилаяпти. Буни журналист ўзбек расмийларининг хатолари билан боғлайди:

- Агарда Ўзбекистон давлати ўзбек тилининг нуфузи бўлишини, ўзбек тилининг ривожланишини, кўпчилик билишини истаса, бунга ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ёрдамини кўрсатиши керак. Афсуски, бугунги кунда бу жараёнда Ўзбекистон давлатининг ҳеч қандай роли кўринмаяпти. Аммо масаланинг бошқа томони бор. Масалан, ўзбек филмлари. Ўзбек зиёлиларининг ҳаракати туфайли бугунги кунда Жанубий Қозоғистонда ўзбек филмлари кириб бормаган на ўзбек хонадони бор, на қозоқ хонадони. Яъни қозоқлар ҳам жуда яхши кўриб томоша қилишади ўзбекча фильмларни. Айтиш мумкинки, Қозоғистонда ўзбек тилининг оммавийлашиши бўйича қандай қадамлар бўлса, улар фақатгина ўзбек зиёлиларининг хизмати, давлатнинг эмас, дейди Абдумалик Сармонов.

Олмаота шаҳри ва вилояти ўзбек миллий-маданий маркази раиси Саид Турсунметов фикрича, хориждаги ўзбекларнинг ўз тилидан тобора йироқлашаётганига Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтиши ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Айни пайтда Турсунметов Ўзбекистоннинг кирилл алифбосидан бутунлай воз кечмаслигига умид қилаётганини айтади:

- Агар Ўзбекистон бутунлай лотин алифбосига ўтадиган бўлса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ва Туркманистондаги ўзбеклар Ўзбекистон ҳаётидан бехабар қолиб кетамиз. Лотин алифбосини Қозоғистондаги ҳамма ўзбеклар ҳам ўқий олмайди. Бу дегани эртага биз ўз она тилимиздан узоқлашиб қолишимиз мумкин. Бугунги кунда, Худога минг қатла шукр, Ўзбекистондаги газета, журналларнинг ҳаммаси ҳозирча кирилл алифбосида чиқмоқда. Агар эртага улар бутунлай лотин алифбосига ўтиб кетадиган бўлса, бу Қозоғистондаги ўзбекларнинг адабий-бадиий савиясига салбий таъсир қилиши мумкин, дейди Саид Турсунметов.

***

Ўзбеклар нуфузига кўра¸ Қирғизистонда қирғизлардан кейин иккинчи миллат. Маълумотларга қараганда¸ бу мамлакат аҳолисининг 14 фоизи ўзбеклардир.

Сўз навбати Элмуродга:

Қирғизистонда ўзбек тилига давлат мақоми бериш ёки уни расмий тил сифатида тан олиш ҳаракати ўзбек жамоатчилиги томонидан собиқ президент Асқар Ақаев давридаёқ кўтарилган эди.

Қирғизистондаги бу ҳаракат тарихини ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов эслайди:

- Бир пайтлар Қодиржон Ботиров, Даврон Собиров каби лидерлар, ўзбек миллий-маданий марказлари раҳбарлари ўзбек тилига расмий мақом бериш таклифлари билан чиққан эдилар. Лекин бу ҳаракат эгалари тазйиқ остига олиниб, кейинчалик давлат ва жамоатчилик ишларидан четлатиб юборилди, дейди Ғанижон Холматов.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳаракати 2005 йил март инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган президент Бакиевнинг қирғизистонлик ўзбек лидерлари билан учрашувида қилган қатъий баёнотидан сўнг барҳам топди. Ўшанда Қурмонбек Бакиев “Мен сизларга аввал ҳам айтганман, ўзбек тилига давлат мақоми берилмайди, бу борада сиёсий чайқовчилик қилишни ва ягона Қирғизистон халқини бўлишни тўхтатинглар”, деб талаб қилган эди.

Бу воқеадан кўп ўтмай қирғизистонлик ўзбек лидерларининг айримлари ўзбек мактабларини руслаштириш ташаббуси билан чиқа бошладилар.

Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Қодиржон Ботиров ташаббусчилардан бири.
У аввалги эшиттиришларимизда берган суҳбатларидан бирида ўзбек мактабларини руслаштириш ғояси Қирғизистондаги Россия элчихонасида ҳам муҳокама қилинганини, бу ғояни амалга ошириш учун Бишкекдаги Қирғизистон-Россия (славян) университетида махсус гуруҳ тузилиб, лойиҳа ишлари бошлаб юборилганини айтган эди. Бироқ бугунги кунга келиб, бу йўналишдаги иш тўхтаб қолган.

- Кризис муносабати билан у ишлар тўхтаган, деди Қодиржон Ботиров.

Қирғизистондаги таниқли ўзбек сиёсатчисини ўзбек мактабларини руслаштириш ташаббуси билан чиқишга нима мажбур қилган эди? Ўзбек тилининг ва бу тилда таълим олаётган ўқувчиларнинг келажаги йўқлимгими? Ўзбек тилининг Қирғизистонда мавқеи йўқлигими?

Бу саволга жавоб беришдан олдин “Бугунги кунда қирғиз диёрида бир миллиондан ортиқроқ одам сўзлашадиган ўзбек тилининг мақоми қай даражада?” деган саволга жавоб топайлик.

Жалолободлик журналист Абдумўмин Мамараимов гапиради.

- Бугунги кунда ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг аҳволи жудаям оғир. Ўзбекистон билан алоқа йўқлиги сабабли қанча-қанча ўзгаришлардан, янгиликлардан ортда қолиб кетдик. Дарсликлар етишмайди, янги дастурлар йўқ, ўқитувчилар тайёрлаш жуда ночор аҳволда. Шундай бўлгач, тил масаласида бугунги кунда тил масаласида ижобий сўз айтиш жуда қийин. Давлат томонидан ҳозир бу тилга ҳеч қандай ёрдам йўқ, аксинча, ўзбек тилида чиқадиган оммавий ахборот воситаларига босим бор, дейди Абдумўмин Мамараимов.

Журналистнинг айтишича, ўзбек тилига давлат эътиборининг камлиги туфайли қирғизистонлик ўзбеклар ўз тилини унутиб юбораётганлари йўқ. Ёш авлод ҳам жуда адабий, соф тилда бўлмаса-да, анча-мунча ўрисча сўзларни аралаштириб ўзбекчани гапира олади.

Бироқ, журналистга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда ўзбек тилидан кўра кўпроқ рус тилига эҳтиёж сезилмоқда.

- Мана, менинг фарзандларим ҳозир ўзбек мактабида ўқишаяпти. Каттаси мактабни битириб, университетга кирди. Университетда эса ўқиш рус тилида олиб борилади. Ҳозир бизда асосий муаммо рус тилини ўрганиш бўлиб турибди. Мактабни ҳатто қирғиз тилида битирган ёшларимиз ҳам ҳозир қийналиб қолаяпти. Сабаби келажакда карьера қилиш учун, ўқишини давом эттириши учун ёшларимиз албатта рус тилини билиши зарур бўлаяпти, дейди журналист Абдумўмин Мамараимов.

Ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов ҳам глобаллашув замонида қирғизистонлик ўзбек ёшларига ўзбек тилидан кўра кўпроқ хорижий тиллар керак бўлаётганини айтади:

- Аслини олганда, турмуш бошқа бир талабларни ўртага олиб чиқаяптики, масалан, бир неча миллион ўзбек иқтисодий қийинчилик туфайли Россияга, Қозоғистонга кетаяпти. Булар учун рус тилини билиш заруратга айланиб қолаяпти. Шу важдан кейинги вақтларда баъзи лидерларимиз миллий тилни эмас, кўпроқ рус тилини биринчи планга олиб чиқишга ҳаракат қилишаяпти, дейди Ғанижон Холматов.

“Демак, сиз Қирғизистонда ўзбек тилининг келажаги йўқ, деб ҳисоблайсизми?” деб сўраймиз Ғанижон акадан.

- Йўқ, келажаги йўқ эмас, мен амалий аҳамиятини айтмоқчиман. Глобаллашув жараёнида ўз-ўзидан катта тиллар биринчи планга чиқиб келаверади. Биз хоҳлаймизми-йўқми – миллий руҳият доирасида қанчалик айюҳаннос солмайлик, дунё бирлашаётган бир пайтда катта ўз ҳукмронлигини ўтказади. Аммо бу “миллий тил йўқолиб кетади” дегани эмас. Маиший жараёнда, миллий манфаатлар доирасида ўзбек тили ўз вазифасини бажараверади, дейди сиёсий шарҳловчи.

Ғанижон Холматов айтганидай, катта тиллар ўз ҳукмронлигини ўтказаётган бир пайтда ўзбек миллий тилининг асосий таянчи бўлмиш Ўзбекистон ўзбеклар яшайдиган барча ҳудудларда бу тилнинг сақланиб, ривожланиб бориши учун рағбатлантирувчи пишанг вазифасини ўташи керак эди. Масалан, Россия ҳукумати хорижда рус тилининг ривожланишини қўллаётгани каби. Бироқ Қирғизистон парламенти собиқ депутати Қодиржон Ботиров бунинг акси бўлаётганини айтади:

- Биз ўзбек расмийларига бир-икки марта мурожаат қилганмиз, лекин ҳеч қандай ёрдам ололган эмасмиз. Биз улар томонидан “ёрдам берамиз” деган гапни ҳеч эшитмадик, дейди Қодиржон Ботиров.

***

Ўзбек дунëсининг кейинги сонида бугунги мавзуни давом эттириб¸ афғонистонлик¸ тожикистонлик ва туркманистонлик ўзбекларнинг ўз она тили ривожи тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан таништирамиз.

Жорий ҳафтада Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 20 йил тўлди.

Шу сана муносабати билан бу ҳафта Озодлик радиосида ўзбек тили ҳафтаси бўлди.

Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинган даврдаги баҳс-мунозаралар¸ ўша давр ҳукумати мазкур масалада тутган позиция¸ қонун тарафдорлари ва танқидчиларининг ўша пайтдаги фикрлари “20 йил” эшиттиришида эсланди.

Бошқа бир эшиттиришда тил тўғрисидаги қонуннинг шу кундаги ижроси устида сўз юритилди.

Яна бир эшиттиришда ўзбек йигит-қизларининг жаҳон тилларини ўрганиш имкониятлари ўрганилди.

Мавзунинг яна бир жиҳати қолдики¸ у энди “Ўзбек дунëси” рукниникидир.
XS
SM
MD
LG