Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:29

Адвокатлар ғалвири


Ҳуқуқшуносларнинг айтишларича, Ўзбекистондаги адвокатлар институтини ислоҳ қилишга оид сўнгги тадбирлар ортидан мустақил адвокатлар фаолияти максимал даражада чекланиб қолади.
Ҳуқуқшуносларнинг айтишларича, Ўзбекистондаги адвокатлар институтини ислоҳ қилишга оид сўнгги тадбирлар ортидан мустақил адвокатлар фаолияти максимал даражада чекланиб қолади.

Ўзбекистонлик адвокатларнинг яқинда бўлиб ўтган қайта лицензиялаш маросимидан сўнг энди ҳар уч йилда уларнинг махсус курсларда касбий маҳоратларини ошириб бориши шарт қилиб қўйилди.

Ўзбекистондаги адвокатлик институти ислоҳ қилинишда давом этаяпти. Бу ислоҳотлар ўтган йили май ойида Ўзбекистон президентининг “Адвокатура институтини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинганидан сўнг бошланган эди.

Энди адвокатлар ҳар уч йилда бир марта Адлия вазирлиги қошидаги Ҳуқуқшунослар малакасини ошириш марказида малакаларини оширишлари шарт. Акс ҳолда, лицензиядан маҳрум этилади.

Узоқ йиллар адвокат бўлиб ишлаган, бу йилги адвокатларни қайта лицензиялаш мавсумида адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинган Рустам Тўлагановнинг айтишича, бу тадбир ҳукуматга ёқмайдиган адвокатларни ҳар уч йилда бир марта яна филтрдан ўтказиш деганидир.

- Амалга оширилган нарса қонун бўйича лицензиянинг биринчиси тўхтатилмаган. Иккинчиси ўзидан ўзи ҳеч қанақа сабабсиз тайинланди. Мақсад ҳалол¸ ўз меҳнати билан фойда кўрадиган адвокатларни йўқотиш эди. Ҳозир уч йилда керакмас адвокатни йўқотиш учун шу нарса ташкил қилинди, деб ҳисоблайман. Бошқа ҳеч нарса йўқ бу ерда. Малакасини ошириш, дейди. Институтда ўқиган одам малакасини ошириб нима қилади? Шу ҳолатда адвокатларнинг малакасини ошириш деган нарсанинг ўзи нотўғри. Адвокатнинг малакаси кам деган жойи борми? Йўқ. Мана бизлар именно малакамиз юқори бўлганлиги учун тўғри келмадик. Буни мен Ўзбекистонда адвокатура институтини йўқотиш деб ҳисоблайман¸ дейди Рустам Тўлаганов.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов фикрича, аслида адвокатлар малакасини ошириш бу хайрли тадбир. Лекин бу ўшанда хайрли бўладики, қачонки адвокатларга халқаро стандартлар бўйича қўшимча машғулотлар ўтилса.

- Ўзбекистон адвокатларига етишмаëтган касбий маҳоратларидан ëки билимларидан бири бу халқаро стандартлар бўйича ўқишларни жорий қилиш ëки ҳозирги ташкил қилинаëтган курсларга номигагина эмас¸ мана шу халқаро стандартларни жиддий ўрганиш мақсадида янги курслар жорий қилиш. Адвокатларимиз Ўзбекистон қўшилган¸ қабул қилган халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларни бевосита ўз ишларида¸ мижоз номидан ëзаëтган аризаларида ëки шикоятларида ишлатиб боришса эди¸ судяларимиз ҳам¸ терговчиларимиз ҳам ¸ умуман адвокатлар билан касбий муносабатга киришадиган давлат органлари ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича меъëрлар ҳақида хабардор бўлишиб¸ улар ҳам касбий тарафдан фақат кучаярди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Бироқ¸ ҳуқуқшуносга кўра, адвокатлар институтини ислоҳ қилиш ниқоби остида аслида адвокатура институтига бир қанча чекловлар олиб кирилди.

- Биринчи навбатда бу адвокатурани тўлиқ Адлия вазирлигига бўйсунадиган ҳолатда бошқатдан ташкил қилиш. Бу илгари озми-кўпми жамоатчилик ташкилоти сифатида адвокатлар уюшмаси анчагина мустақилликка эга эди. Улар қонун доираларидан чиқмаган ҳолда ўзларининг ички қарорларини ўзлари қабул қилишарди¸ стандартларини ўзлари ўрнатишарди. Ҳозир адвокатурани қаттиқ чекловга оладиган¸ уларнинг касбий ҳолатларига аралашиш ҳолатлари кучаядиган ҳолдаги адвокатлар палатаси тузилди. Адвокатлар палатасига берилган ваколатлардан келиб чиқиб уни кўпгина мустақил кузатувчилар¸ ҳатто адвокатларнинг орасидаги баъзи бир кузатувчилар ҳам вазирликка қиëслашаяпти.

Иккинчи томони шундаки, "адвокатурани биз малакали қиламиз¸ маҳоратли қиламиз¸ инсонларга адвокатлар томонидан фойда тегсин" деб, ниқоб сўзлар остида ҳозир адвокатларнинг ҳар бир жоиз-ножоиз фаолият турлари бўйича ëки фаолиятининг хилма-хил қирралари бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ëки Адлия вазирлиги ўзлари ташаббус қилган ҳолда адвокатларнинг касбий фаолиятларини интизом нуқтаи-назаридан текшириб кўриш ташаббуси билан Адлия вазирлигига мурожаат қилиш ваколати берилди ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам.

Бизнинг фикримизча¸ бу адвокатуранинг касбий фаолиятини¸ унинг мустақиллигини¸ айниқса жиноий ишлар жараëнларида томонларнинг тенглигини жуда катта хавф остига қўювчи чора-тадбирдир. Тасаввур қилинг¸ терговчи бир тараф бўлса¸ мижозни ҳимоя қилиб ишга киришган адвокат иккинчи тараф бўлса¸ терговчида "адвокат ўзининг касбий фаолиятини жуда бузаяпти¸ этикага тўғри келмаган ишлар қилаяпти" деб, ҳар бир бўлган-бўлмаган ҳолатларда Адлия вазирлигига далолатнома ëки таклиф киритиш ваколати бўлса. Бу адвокатлар ишига жуда кўп қийинчиликлар туғдиради. Кераги бўлмаган муаммоларни келтириб чиқаради¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова фикрича, ҳозир Адлия вазирлигида адвокатларнинг эркинлигини чекловчи янги ўзгаришлар кузатилмоқда. Агар адвокат ўз фирмаси ёки бюроси ташкил қилмоқчи бўлса, унинг Низоми Адлия вазирлигининг низомидагидек айнан бўлиши шарт экан. Акс ҳолда, у рўйхатдан ўтказилмайди.

- Фирмани рўйхатдан ўтказишаëтганда ëки бюрони рўйхатдан ўтказишаëтганда устав олиб боришса¸ "агарда у намунавий уставга тўғри келмаса¸ ўтказмаймиз", деб айтишган. Ҳозир расмий рад жавобини олиш арафасида ўтирибди. Ҳаттоки адвокатнинг судга бериш нияти ҳам бор. “Мен қонунга зид нарса қўшганим йўқ, нима сабабдан бунақа бўлаяпти?” деган фикрлар билдириб юрибди адвокат¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Ана шундай адвокатлик бюроси ташкил қилмоқчи бўлган, исмини ошкор этилишини истамаган адвокатнинг айтишича, у адвокатлик бюроси ташкил қилиш ҳақидаги аризасига вазирликдан рад жавоби олган. Жавоб мактубида айтилишича, у тақдим қилган низом, Адлия вазирлигидаги намунавий низомга тўғри келмас экан.

"Хўш, нега сиз Низомингизни Адлия вазирлигидаги Низомга ўхшатиб ёзмадингиз?" деб сўраймиз бу адвокатдан.

- Мен Адлия вазирлигидаги Низом саводсизларча ёзилган, деб ўйлайман. Чунки, бу низомга кўра, биз нотижорат ташкилоти бўлсак ҳам Адлия вазирлигига ҳар ойда аъзолик бадаллари тўлашимиз керак экан. Бу қонунга зид. Кейин бу низомда "адвокатлик бюроси фаолият юритади", деб ёзилган. Бюро фаолият юритмайди, балки адвокат фаолият юритади. Бюро адвокат учун солиқ агенти ҳисобланади, дейди адвокат.

Ҳуқуқшуносларнинг айтишларича, Ўзбекистондаги адвокатлар институтини ислоҳ қилишга оид сўнгги тадбирлар ўзи шундай ҳам мустақиллигини жуда чекланган адвокатлар фаолиятини бутунлай чеклаб қўйди. Суҳроб Исмоилов фикрича, диний, сиёсий айбловлар билан айбланган одамларни ҳимоя қиладиган адвокатларга энди қийин бўлиши кутилади.

- Мустақил адвокатлар Ўзбекистонда илгари ҳам кўп эмас эди. Адвокатларимиз жуда қийин шароитларда ишлашарди. Адвокатура бундан кейин яна қаттиқроқ чеклов остига олинди ва шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки¸ Ўзбекистонда мустақил адвокатларни эндиликда топиш ва уларнинг фаол ҳаракатларни юритаëтганлигини кузатиш қийин бўлиб қолади шекилли¸ дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG