Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:46

Ўзбекистон жаннатдан йироқ....


Кенг тарқалган тасаввурдан фарқли ер юзининг жаннатнамо юртлари айнан қуëш ва қайноқ соҳиллардан олис совуқ юртлар бўлиб чиқди.
Кенг тарқалган тасаввурдан фарқли ер юзининг жаннатнамо юртлари айнан қуëш ва қайноқ соҳиллардан олис совуқ юртлар бўлиб чиқди.

Дунëнинг 104 мамлакатидаги иқтисодий фаровонликдан тортиб инсоннинг яшаш¸ ҳур фикрлаш¸ таълим олиш¸ меҳнат қилиш каби фундаментал ҳақлари вазиятини ўрганган жамиятшунослар Ўзбекистонни яна рўйхат пойига қўйдилар.

Бу дунëнинг жаннати қайда?

Бу саволга кўпчилик кўп ҳам ўйланмай¸ палмазорлару оппоқ қумли серқуëш денгиз соҳилларида¸ деб жавоб қилса ажаб эмас. Аммо Британия тадқиқот маркази ўтказган изланишлар¸ бу дунëдаги жаннатнамо юртнинг ҳар нарса бўлса бордиру¸ аммо серқуëшлик ва иссиқдан узоқлигини кўрсатди.

Британиядаги Легатум институти ўтказган бу йилги тадқиқот хулосасига кўра¸ ер юзининг жаннати палмазорлару оппоқ қумли серқуëш денгиз соҳилларидан минглаб чақирим олисда жойлашган Финляндиядир.

Легатум институти уч йилдан бери муттасил ўтказиб келаëтган Жаҳон фаровонлик индекси муаллифлари дунëнинг қай ўлкасида инсон орзу қилган бахтли ва фаровон ҳаëт бор¸ деган саволга уч йилдан бери жавоб излаб келмоқдалар.

Бундай жавобни белгилашда жамиятшунослар¸ асосан¸ 9 мезонга асосланишади. Булар эса¸ мамлакатдаги иқтисодий фаровонликдан тортиб¸ инсон бахтиëрлиги учун муҳим бошқа омиллар¸ хусусан шахс эркинлиги¸ соғлиқни сақлаш¸ маориф ва таълим тизими аҳволи¸ шунингдек инсон ривожланиши учун муҳим тиргак бўлувчи жамият саломатлигини инобатга олади.

Бундан ташқари¸ ер юзидаги жаннатга яқин бўлиш учун бу мамлакатдаги бошқарув сифати¸ миллий тизимлар самарадорлиги ва жамиятда хусусий тадбиркорлик ҳамда янгиликлар учун қанчалик имкон берилгани ҳам инобатга олинади.

Ҳисоботдан келиб чиқадиган қизиқ хулосалардан бирига кўра¸ "бахт бойликдадир"¸ деган ишонч¸ асосан дунëнинг камбағал давлатларида илдиз отган. Жамиятшунос олимлар кузатишларига кўра¸ у ëки бу мамлакат камбағалликдан чиқиб¸ ривожланиш йўлига тушиб олгач¸ ошиб бораëтган моддий фаровонликнинг ҳамма вақт ҳам бахтиëрликка элтмаслигини англаш жараëни бошланади.

Легатум институтининг бу йилги учинчи тадқиқотидан келиб чиқадиган яна бир хулоса шуки¸ қай ердаги ҳукуматлар кичик тадбиркорлик ва ихтиро ҳам янгиликларга рағбат кўрсатса¸ айнан шу юртларда иқтисодий барқарорлик замини яратилади.

Ҳисобот муаллифларининг яна бир хулосасида айтилишича¸ ҳалол ва шаффоф бошқарув ер юзида жаннатнамо юртлар бунëд қилиш учун ўта муҳим омил. Аммо айни пайтда¸ жамиятдаги бахтиëрлик ва бойлик бунëдкори ҳукуматлар эмас¸ балки алоҳида олинган шахслардир.

Ҳисоботда келтирилишича¸ инсонлар бахтли ва фаровон яшаëтган ўлкалар бунëд этиш учун узоқ асрлик буюк ва шонли тарихга кўп ҳам ҳожат йўқ. Атиги бир авлод олдин дунëнинг иқтисодий жиҳатдан фалокатли нуқталаридан бири саналган Ирландиянинг 104 давлат киритилган рўйхатнинг 11 поғонасига чиққани¸ бунинг яққол далилидир.

Сингапур¸ Тайван¸ Шанубий Корея каби мамлакатларнинг бир авлод кўзи ўнгида камбағал юртлардан дунëнинг юлдузи порлаган иқтисодига айлангани ҳам¸ айни шу фикр исботига хизмат қилади.

Ëхуд¸ атиги 20 йил аввал коммунистик тузум тиргаклари саналган Хорватия (собиқ Югославия)¸ Чехославакия¸ Венгрия каби давлатлар тупроғида бугун Европанинг гуркираб ривожланаëтган ўлкалари бунëд бўлгани ҳам алоҳида олинган шахс каби алоҳида ўлкаларнинг ҳам ўз тақдирини ўзи яратиши учун имконлар мавжудлигига яна бир далил ўлароқ келтирилган.

Легатум институти ўтказган тадқиқот объекти саналмиш Ўзбекистон 104 давлат киритилган рўйхатнинг 92 поғонасига қўйилган. Бу эса¸ Ўзбекистоннинг¸ ўзбек матбуоти тинимсиз такрорлашига зидма-зид¸ ер юзидаги жаннат эмас¸ аксинча ундан тобора узоқлашаëтгани ифодасидир.

Мамлакатдаги таълим сифатининг пастлиги¸ демократик тизимларнинг йўқлиги¸ шахс эркининг бўғилиши¸ тадбиркорлик ва янгиликка элтувчи йўлларнинг тўсиб ташлангани ва ижтимоий ишончнинг йўқ даражага тушиб қолгани¸ Ўзбекистон билан ер юзидаги жаннат деб топилган Финляндия ўртасига 91 поғона жарлик қўйилишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG