Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:15

Жанггарилар ғори топилди


Расмийларга кўра¸Ғордаги шарт-шароит бу ерда жиноятчилар бир неча йиллардан буён истиқомат қилганидан далолат беради.
Расмийларга кўра¸Ғордаги шарт-шароит бу ерда жиноятчилар бир неча йиллардан буён истиқомат қилганидан далолат беради.

Тожикистоннинг Исфара туманида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига тегишли, деб тахмин қилинаётган ғордан қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда экстремистик руҳдаги адабиётлар топилди.

Cўғд вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Исфара туманининг Чоркуҳ қишлоғидан 5 километр узоқликда жойлашган тоғда ғор топилган.

- Икки ярим километр баландликда жойлашган тоғда барча илмий- муҳандислик ва ҳарбий талабларга жавоб бера оладиган ғор борлиги аниқланди. Ғорда ҳарбий кийим-кечаклар, қурол-яроғ, ошхона анжомлари, озиқ-овқат, диний экстремистик руҳдаги адабиётлар топилган. Ғордаги шарт-шароит бу ерда жиноятчилар бир неча йиллардан буён истиқомат қилганидан далолат беради, деди вилоят Ички ишлар бошқарма раҳбари генерал-майор Рауф Юсупов.

Сўғд вилоят прокурори Хайрулло Саидов бу борада жиноят иши очилганини айтади:

- Бу иш юзасидан ҳозир дастлабки тергов олиб борилмоқда. Шунинг учун хам ҳозирча бунга алоқадор одамларнинг номи тергов манфаати юзасидан ошкор этилмайди, деди вилоят прокурори.

Жорий йилнинг 18 октябрида Исфара туманида бир гуруҳ қуролланган шахс жисмонан йўқ қилинган эди. Улар яширинган уйдан учта Калашников автомати, битта Калашников пулемëти ва катта миқдорда ўқ-дори топилгани айтилган эди.

Ўлдирилганлар орасида жорий йил сентябр ойида Исфара шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмаси раҳбарига суиқасд уюштирганликда гумон қилинган шахс ҳам бўлган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 100га яқин аъзоси шимолий Торжикистон ҳудудида фаолият олиб бораётган бўлиши мумкин.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рауф Юсуповнинг сўзларига кўра, вилоят ҳудудида содир этилган барча террорчилик жиноятларида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг қўли бор.

Жорий йилнинг 16 октябр куни эса Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган 6 киши вилоят суди ҳукми билан 8 йилдан 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Исфара туман бўлими раҳбари деб айтилаётган Анвар Қаюмовга эса умрбод қамоқ жазоси белгиланди.

Судланганларнинг яқинлари Озодлик радиосига дастлабки тергов давомида ҳибс қилинганларга бу айблар қийноқлар воситасида тан олдирилганлигини айтадилар.

- Аслида жигарбандимизнинг гуноҳи йўқ. У дехқон. Деҳқончиликдан бошқа нарсани билмайдиган оддий намозхон йигит.Тумандан ташқарига чиқмаган. Унинг ўзи ҳам судда барча айбловлар қийноқлар воситасида тан олдирилганини айтди, дейди 11 йилга судланган Мукаррамхўжа Шариповнинг яқинларидан бири.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йил давомида Исфара туманида қуролли гуруҳларга тегишли экани айтилаётган учта ертўла, иккита ғор топилган ва у ерлардан қурол-яроғ билан биргаликда жиҳодга даъват этувчи видео ёзувлар топилган.
XS
SM
MD
LG