Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:24

Эрондан жавоб кутилмоқда


Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари сифатида эл-Барадей Эрон ядровий дастури борасидаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга уриниб келди.
Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари сифатида эл-Барадей Эрон ядровий дастури борасидаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга уриниб келди.

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад эл-Барадей Эронни ядровий ёнилғини бойитишга оид АҚШ, Россия ва Франция таклиф этаётган келишувга тезроқ жавоб қайтаришга чақирди.

Муҳаммад эл-Барадей 2 ноябр куни БМТ Бош ассамблеясида қилган чиқишида тилга олган режада, Эроннинг ўз ихтиёридаги уранни бойитиш ва ядровий ёнилғига айлантириш учун бошқа давлатга юбориши кўзда тутилган. Мазкур режа Эроннинг бойитилган уранни ядровий қурол ясаш мақсадларида ишлатиши олдини олиш учун Теҳрон ихтиёридаги юқори даражада бойитилган уран миқдорини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари сифатида охирга марта чиқиш қилган эл-Барадей БМТга аъзо давлатларни ядровий масалага оид мунозараларни ҳал этишда куч ишлатиш оқибатларидан огоҳлантирди.

У Ироқнинг оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаётганига оид ёлғон маълумотлар асосида 2003 йилда АҚШ бошлаган урушни мисол сифатида келтирди.

-Бошқа барча воситалар ишга солинмагунча, қолаверса БМТ Хавфсизлик кенгаши белгилаб берган халқаро қонунлар ташқарисида бўлган ҳеч бир вазиятда куч ишлатилмаслиги лозим, деди эл-Барадей.

2003 йилдан бери амалга оширилган мушкул ва синчков уринишлар натижасида,- деди у, - Халқаро атом энергияси агентлиги Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастурига оид батафсил маълумотларни қўлга киритди. Лекин, дея қўшимча қилди эл-Барадей:

-Шунга қарамай, дастур моҳиятига оид қатор савол ва гумонлар ўз жавобини топганича йўқ ва Эрон бу саволларга шаффофлик ва агентлик билан ҳамкорлик орқали жавоб бериши лозим.

Эл-Барадей Эроннинг асл ниятларига оид халқаро ҳамжамият хавотирларига жавоб қайтариш¸ биринчи навбатда¸ Теҳронга нисбатан ишончни яратиш масаласи экани, бунга эса мулоқот орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.

- Шунинг учун Эронни Қўшма Штатлар, Россия ва Франция ташаббусига кўра, мен қилган таклифга иложи борича ижобий жавоб беришга чақираман. Мазкур таклиф Эроннинг унга нисбатан ишонч туғдирувчи ҳамда Эрон билан халқаро ҳамжамият ўртасида ҳар томонлама ва мукаммал мулоқот учун йўл очиб берувчи қатор тадбирларга жалб этишни мақсад қилган, деди агентлик раҳбари.

Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралардан кейин чиқиш қилган Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанднинг баёноти эл-Барадей сўзларига ҳамоҳанг бўлди.

- Ҳар иккимиз Эрон режимининг ўз ядровий дастури борасида илгари сурилаётган таклифларга иложи борича тезроқ жавоб қайтаришини истаймиз, деди Милибанд.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий¸ илгари сурилаётган таклиф махсус қўмита томонидан кўриб чиқилиши лозим, деди. Эрон бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлигига ўз илтимосномасини тақдим этди, дея қўшимча қилди Теҳрон расмийси.

Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги вакили Али Ашғар Султоний Теҳрон масала хусусида қўшимча музокаралар ва кафолатларни истаётганини баён қилди. Лекин, деди у, Эрон ўз уранини бошқа давлатга юборишдан кўра, бошқа давлатдан бойитилган уранни сотиб олишни маъқул кўради.

Султоний бу баëнот илгари сурилаётган таклифга Теҳроннинг якуний жавобими¸ йўқми аниқлаштирмади.
XS
SM
MD
LG