Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Ошган ойлик нечта ошга етади?


Ўзбекнинг оши¸ ойликлари ошиб бораëтган ўзбекистонликларнинг борган сари кўпроқ қисми учун тансиқ таомга айланиб бормоқда.
Ўзбекнинг оши¸ ойликлари ошиб бораëтган ўзбекистонликларнинг борган сари кўпроқ қисми учун тансиқ таомга айланиб бормоқда.

Президент фармони билан декабр ойидан ошириладиган ойликлар¸ хусусан Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи¸ бозор нархида долларга чақилса¸ 20 долларга ҳам бормайди. Бу пулга қандай тирикчилик қилиш мумкин?

Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимлари маоши, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ҳамда стипендиялар, ўртача, 12 фоизга ошади.

Шу билан жорий йилда иккинчи марта ойлик маошларнинг оширилиши. Бугун биз ўртача иш ҳақи¸ президент Каримов даъво қилган 300 долларга етдими йўқми¸ деб бошингизни қотирмоқчи эмасмиз.

Бунинг ўрнига¸ жаноб Каримов жорий йилнинг 16 ноябр куни имзолаган фармонга кўра энг кам иш ҳақи деб белгиланган пул миқдорига диққатингизни қаратсак.

Ушбу ҳужжатга кўра, 1 декабрдан бошлаб энг кам иш ҳақи 37 680 сўм қилиб белгиланди.

-37 680 сўм дегани 19 доллар дегани. АҚШ долларининг ҳозирги баҳоси бўйича 19 доллар дегани. Мен бозор нархини айтаяпман. Бу пулни бир кунга ҳисобласак¸ 60 цент бўлади. Бу¸ ўша одам ҳар куни 60 центдан даромад қилади¸ дегани. Бундай рақам совет иттифоқининг бирорта республикасида йўқ. Бунақа даромадни Африка чангалзорларида яшайдиган одамлар олишади¸ холос, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Демак, 37680 сўм ëки 19 доллар! Хўш, бу пулга Тошкент бозорларидаги нарх - наводан келиб чиқиб¸ нима харид қилиш мумкин?

Тошкент шаҳрида яшовчи тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов Озодлик илтимосига кўра, Тошкент бозорларидаги нарх-навонини ўрганиб қуйидагиларни аниқлади.

-Бир ойга бериладиган 37680 сўмга тўрт ярим килограмм гўшт олинади фақат.

- Ёки бу пулга фақат 37 литр сут олиш мумкин. Сут баҳоси 1000 сўмдан.

-Ёки бу пулга 180 дона тухум олиш мумкин.

- Ёки шу пулга картошкани ҳисоблайдиган бўлсак¸ 75 килограмм картошка олиш мумкин. 500 сўмдан ҳисобладим.

- Ёки 100 килограмм пиëз олиш мумкин.

-Ёки бу пулга уч ярим килограмм сариëғ олиш мумкин.

- Ёки бу пулга 12 литр ёғ олиш мумкин. Пахта ёғининг бозор нархи 3000 сўм.

Ёғ кўпроқ ошга кетади. Ўзбек дастурхонини ошсиз тасаввур қилиш қийин.

Агар Тошкент бозорларидан савдо қилувчи шаҳарлик ош қиламан деса, бу қанчага тушади? Тошкент шаҳрида яшовчи Расулбек бу борада бизга ёрдам беради:

Расулбек: Битта ошга энди ҳар хил. Оиладагилар сонига қараб. Бир кило гуруч олтита одамга етади.

Озодлик: Бир кило гуруч қанча бўлади?

Расулбек
: 3500 сўм.

Озодлик: Бир кило гуручга қанча гўшт солиш мумкин?

Расулбек: Ярим кило дейлик. Бу 4000 сўм.

Озодлик: Ëғчи?

Расулбек: Бир килога 350 грамм кетади. Бир кило ëғни 3500 сўм десак¸ 1150 сўм атрофида бўлади. Пиëз 500 сўм. Пиëз энди ошга ҳеч қанча кетмайди. Икки дона пиëз кетади.

Озодлик: Иккита пиëз қанча пул бўлиши мумкин?

Расулбек: 100 сўм дея қолайлик.

Озодлик: Сабзичи?

Расулбек: Сабзи бир кило кетади. 350 сўм.

Расулбек билан ҳисоб-китобларимиздан маълум бўлишича, битта ошга тахминан 8500 сўм пул кетади.

Энди кейинги пайтда ўзбек ошни гўштсиз пиширишга ҳам ўрганиб қолаяпти. Бундай ҳолатда ош арзонроқ ҳам тушиши мумкин.

Демак, 37 680 сўмнинг тахминан 8500 сўми ошга кетса, қолган пулни тежаб бир ойга етказиш лозим бўлади.

Агар ёлғиз яшайдиган киши бу пулни бир ойга етказаман, қора қозонимни ҳар кун қайнатаман¸ деса нималар харид қилиши мумкин?

- 1 кило гўшт (тахминан 7000 сўм)
- 1 литр ёғ (3500 сўм)
- 4 кило гурунч (10000 сўм)
- 10 кило картошка (5000 сўм)
- 3 кило сабзи (1050 сўм)
- 1 кило пиёз (500 сўм)
- нон ( 10500 сўм, агар бир кунда бир буханка нон еса, 30 кунда 30 буханка нон, 1 буханка ноннинг нархи 350 сўм)

Бу кийим-кечагию, транспорт харажатларидан ташқари. Энг кам иш ҳақи оладиган ишчи ишхонасига пиёда боришига тўғри келади. Чунки бу маош ҳатто ойлик йўл чиптасига ҳам етмайди. Ойлик йўл чипталарининг нархи 40 минг сўм атрофида.

Шунингдек, Тошкент бозорларини ўрганиб яна аниқланимиз шу бўлдики, Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақига тўрт жуфт калиш олиш мумкин экан.

Лекин бу пулга калиш билан маҳси оламан деган киши чучварани хом санабди. Чунки бу пул уларни харид қилишга етмайди.

- Бир дона маҳси олиш мумкин. Маҳси калишга етмайди бу пул. Ўзбеклар маҳси калиш кияман деса¸ 35 мингга маҳси олиши керак¸ 10 мингга калиш, 45 минг бўлади. Демак, маҳси-калишга етмайди, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Агар яна ҳисоблашда давом этсак, сиз энг кам иш ҳақига автомобилингизга бензин қуяман десангиз:

- Энг қизиғи бу пулга 35 литр бензин олиш мумкин. Одамлар бир кунда бакни тўлдириш учун 40 минг сўм сарфлашади. Энг кам иш ҳақини олса ва машинаси бўлса¸ машинани битта тўлдиришга ҳам етмайди, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Биз юқоридаги нархларни ҳисоблашда бугунги кундаги нарх –наводан келиб чиқдик. Одатда ойликлар ошиб улгурмай¸ бозорларда нарх-наво кўтарилиб кетади. Шу боис¸ декабрда ошадиган энг кам иш ҳақининг декабр ойидаги қурби ҳисобимиздагидан анча пастроқ бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG