Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:23

ЎИҲчилар Москвага ҳам сиғмади


Россияда қўлга олинган тожикистонликларнинг ўз ватанига экстрадиция қилиниши тахмин этилмоқда.
Россияда қўлга олинган тожикистонликларнинг ўз ватанига экстрадиция қилиниши тахмин этилмоқда.

Москвада Ўзбекистон исломий ҳаракатининг уч аъзоси қўлга олинди. Россия ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, қўлга олинганларнинг ҳаммаси Тожикистон фуқароларидир.

Тожикистон, Афғонистон ва Покистонда қатор террорчилик амалиётлари, ноқонуний қуролли гуруҳ ташкил қилганликда гумонланаётган бу шахсларнинг бунгача халқаро қидирувда бўлгани айтилмоқда.

24 ноябр куни қатор веб-сайтларда ёйинланган хабарларга кўра, Россия Ички ишлар вазирлигининг экстремизмга қарши департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув амалиётлари натижасида шу йилнинг 21-22 ноябрида Москва вилояти ва Москва шаҳрининг турли мавзеларида Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланаётган уч киши қўлга олинган.

Исм-фамилияси сир тутилаётган тахминан 31 ва 33 ёшлардаги бу шахсларнинг тожикистонлик экани айтилмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда қўлга олинганларни Тожикистонга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мавзу юзасидан Тожикистон Ички ишлар вазирлигига сим қоққанимизда¸ матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев бу воқеадан хабарсизлигини билдирди.

- Биз москвалик ҳамкасбларимиздан бу тўғрида бирор расмий маълумот олганимиз йўқ. Шуни назарга олган ҳолда, саволларингизга жавоб беришдан тийиламан, деди вазирлик расмийси.

Россия Ички ишлар вазирлигининг экстремизмга қарши департаменти ходимлари “террорчилар” экани айтилаётган уч нафар тожикистонлик фуқаро Тожикистон, Афғонистон ва Покистон ҳудудида қатор террорчилик амалиётлари содир этганини маълум қилганлар. Аммо россиялик милиционерлар қўлга олинганларнинг ўтмиши, уларнинг қайси йўл билан Тожикистондан Афғонистон ва Покистон сўнгра эса Москвага ўтиб қолгани борасида маълумот бермаганлар.

Айни пайтда тожикистонлик мустақил таҳлилчи Абдулло Ҳабибов Москвада қўлга олинган бу шахслар юзасидан ўз тахминлари билан ўртоқлашади.

- Покистонда бу ташкилотга қарши олиб борилган амалиётлар натижасида уларнинг аксарияти турли томонга қоча бошлади. Шу йил ёзида уларнинг бир гуруҳи мамлакат шарқидаги Тавилдара туманига қочганини бир эсга олайлик. Аммо ҳукумат кучларининг ўз вақтида бошлаган аксилтеррор амалиёти натижасида улар йўқ қилинган эди. Ундан ташқари, мамлакат шимолида ҳам сўнгги пайтларда бу ташкилотнинг каттагина гуруҳи йўқ қилинди. Тожикистон куч ишлатар тизимларининг бугун мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлай олиши хорижда бўлиб турган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини ҳушёр торттирган бўлиши мумкин. Шунинг учун улар кўпроқ чет мамлакатларда бошпана топиб, ўша ердан туриб фаолият қилишга қарор қилган бўлса, ажаб эмас. Масаланинг яна бир томони шуки, Тожикистон, Ўзбекистон фуқаролари Россия барча ҳудудларига ёйилиб кетган. Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолларининг ўз доирасини кенгайтириши учун бу жуда ҳам қулай вариант, дейди тожикистонлик таҳлилчи Абдулло Ҳабибов.

Россиялик мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова бу фикрларга қисман қўшилар экан, ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати ва ҳам бошқа шу каби террорчиликка алоқадор ташкилот аъзолари Россия ҳудуди кенглигидан фойдаланмоқчи бўлишади, дея мулоҳаза билдиради.

- Россияга келаётганларнинг аксарияти бу мамлакат ҳудудининг катталиги боис бу ерда назорат камроқ, боз устига, ватандошларни ҳар қадамда учратиш мумкин, деган умид билан киришади. Аммо, шуни ҳам айтиш лозимки, Ўзбекистон исломий ҳаракати 2003 йили Россия қора рўйхатидан ўрин олган. Марказий Осиёнинг Туркманистондан ташқари КХШТга аъзо ҳамма давлатлари Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бу борада тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу борада улар орасида ўзаро маълумот алмашиш, уларни ватанларига экстрадиция қилиш масалалари яхши йўлга қўйилган. Шуни назарга олган ҳолда, Россия ҳудуди қанчалик кенг бўлмасин, у Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо шахслар учун бошпана бўла олмайди, дейди россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова.

2007 йили Ўзбекистон исломий ҳаракатини террор ташкилоти деб эълон қилган Тожикистонда, расмий маълумотларга кўра, бу ташкилотнинг 600 дан ортиқ аъзоси қўлга олинган ва турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG