Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

Эрон дастури Вена йиғини муҳокамасида


Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей Эроннинг халқаро агентлик таклифларини рад этганидан таажжубда эканини билдирди.
Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей Эроннинг халқаро агентлик таклифларини рад этганидан таажжубда эканини билдирди.

Атом энергияси халқаро агентлигининг 35 кишилик бошқарувчилар кенгаши ва БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлган беш давлат расмийлари Вена шаҳрида Эрон ядровий дастурини муҳокама қилмоқдалар.

БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлигининг Венада иш бошлаган икки кунлик йиғинида ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эрон ҳаракатларини қоралаш ва бу давлатнинг агентлик таклифларини инкор қилиши каби масалалар муҳокама этилади.

Атом энергияси халқаро агентлигининг 35 кишилик бошқарувчилар кенгаши муҳокамасида, шунингдек, бошқа мавзулар, жумладан, Шимолий Корея ядровий дастури, Сурия муаммоси ва ядровий ёнилғи банки тузишга оид Россия таклифи ҳам ўрин олган. Бироқ Вена йиғини диққат марказида асосан Эрон масаласи бўлиши кутилмоқда.

Бир неча ой муқаддам Эрон томони Қум шаҳри яқинида иккинчи ядровий иншоот барпо қилинаётганини халқаро ҳамжамиятга ошкор қилди. Яқинда эса Теҳрон ўз уранини хорижда қайта ёнилғига айлантириш борасида Атом энергияси халқаро агентлиги таклифларини рад этди.

АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Теҳроннинг яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётгани борасида ташвиш билдириб келади.

Теҳрон эса бу иддаоларни инкор қилиб, мамлакатнинг ядровий дастури тинчлик мақсадларига йўналтирилганини айтмоқда.

Чоршанба куни Венада журналистлар билан учрашган Германия ташқи ишлар вазири Ғарб давлатлари Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлиги таклифларини қабул қилишини истамаётгани ва бу масалада уларнинг тоқати тоқ бўлаётганини таъкидлади.

- Биз Эрон билан мулоқот бошлашга ва музокаралар йўли билан ушбу масалага ечим топишга тайёрмиз. Бироқ тоқатимиз чексиз эмаслигини ҳам Эрон томони англаши лозим. Биз бу масалани дипломатик йўллар билан ҳал қилмоқчимиз. Бироқ биз ядровий қуролга эга Эронни қабул қилмаймиз, деди Германия ташқи ишлар вазири.

Атом энергияси халқаро агентлиги томонидан тақдим қилинган келишувга мувофиқ, Эрон ўзининг кам тўйинтирилган уранини қайта ёнилғига айлантириш учун Россияга юборади. Қайта ишланган уран Россиядан Францияга юборилади ва бу ерда ёнилғи стерженларига жойлаштирилиб, Эронга қайтариб берилади. Бироқ Эрон бу таклифларни рад қилиб, кам тўйинтирилган уранни Россия ва Францияга юбориш ўрнига тўйинтирилган уранни хориждан сотиб олишни афзал кўришини таъкидламоқда.

26 ноябр куни Вена йиғинида чиқиш қилган Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадейга кўра, Эрон ядровий дастури борасида агентлик томонидан олиб борилган тафтиш ишларида расмий Теҳрон ҳамкорлик қилишни истамаган.

Бундан ташқари, ал-Барадей Эроннинг халқаро агентлик таклифларини рад этганидан таажжубда эканини билдирди.

Венадаги учрашув Муҳаммад ал Барадей учун Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари лавозимидаги сўнгги мажлисдир. Ушбу агентликка қарийб 12 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган ал-Барадей 30 ноябр куни истеъфога чиқади.
XS
SM
MD
LG