Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:33

Сўғдда яна бир исфаралик қамалди


Кейинги пайтда¸ тожик ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган ўнлаб фуқаро¸ жумаладан аëлларни ҳам ҳибсга олмоқда.
Кейинги пайтда¸ тожик ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган ўнлаб фуқаро¸ жумаладан аëлларни ҳам ҳибсга олмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигида гумонланган яна бир тожикистонлик 25 йилга озодликдан маҳрум этилди. У жорий йилда ЎИҲга аъзоликда гумонланиб, узоқ муддатга қамалган тожикистонликларнинг еттинчисидир.

Сўғд вилоятининг жиноят ишлари бўйича суди Тожикистон ЖКнинг террорчилик, уюшган жиноий гуруҳ тузганлик, конституцион тузумга тажовуз қилганлик, қотиллик каби моддалари билан айбланган Бахтиёр Жўраевни узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди.

- Вилоят суди Тожикистон фуқароси Бахтиёр Жўраевни Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда айбдор, деб топди ва 25 йилга озодликдан маҳрум этди. Судланган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоси булиб, вилоятда содир этилган террорчилик харакатларида унинг қўли бор, деди маҳкамага раислик қилган Мирзошариф Ҳожибоев.

Айблов хулосасида айтилишича, Бахтиёр Жўраев Ўзбекистондан келган ЎИҲнинг аъзолари билан бир неча бор суҳбатда бўлган. Бу одамлар ким экани айни пайтда аниқланмоқда. Бундан ташқари, Сўғд вилоятида содир этилган бир неча қотилликда ҳам унинг билвосита иштироки бор. Бахтиёр Жўраевнинг адвокати Саидов ўз ҳимоясида бўлган шахсга қўйилган айбловлар суд мажлисида ўз исботини топмаганини ва шунинг учун ҳам суд ҳукмидан норози эканини ҳамда Олий Судга бу ҳақда шикоят аризаси ёзишини билдирди.

Суд мажлисида сўнгги сўз олган Бахтиёр Жўраевнинг айтишича, у ҳеч қачон ЎИҲ аъзоси бўлмаган, у оддий намозхон йигит эди.

- Менга қўйилган барча айблар туҳматдан иборат, деди Бахтиёр Жўраев.

Судланган Жўраевнинг ҳамқишлоқларидан бири Бахтиёр илгари тижорат билан шуғулланганини, сўнгги йилларда эса асосан деҳқончилик билан машғул бўлганини айтади.

- Бахтиёр Жўраевнинг аслида ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Деҳқончилик қиларди. Ҳеч қандай экстремистик гуруҳга аъзо бўлмаган. Бу милиция ЎИҲни қаердан олди - билмаймиз. Унинг ўзи ҳам судда барча айбловлар қийноқлар воситасида тан олдирилганини айтди, дейди суҳбатдошимиз.

Бахтиёр Жўраевнинг қариндоши бўлган яна бир суҳбатдошимизнинг айтишича, унга Тожикистон Конституцион тузумига тажовуз қилганлик каби айбловлар қўйилиши мутлақо ўринсиздир.

- Ўзбекистон исломий ҳаракати нималигини билмайди. Биз ҳам мана шу тергов пайтида эшитдик. Адвокати ҳам шуни исботлаб берди, лекин суд буни инобатга олмади. Бахтиёрнинг қандай одам эканлигини у яшаб турган қишлоқдаги одамлардан сўраб кўринг-чи - улар нима деркин? Оддий бир йигитнинг туҳмат билан 25 йилга кесилиб кетиши, нафақат унинг оила аъзолари, балки бошқа одамларнинг ҳам жамиятга нисбатан нафратини оширади, дейди суҳбатдошимиз.

Жорий йил давомида вилоятда ЎИҲга алоқадорликда айбланиб, ўттизга яқин одам қамоққа олинди. Уларнинг 7 нафари узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзолари сифатида айбланаётган яна икки тожикистонлик устидан маҳкама жараёни давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG