Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:35

Лужков яна ғолиб


Борис Немцов Лужковсиз Москва шиори билан пойтахтда бир неча бор норозилик тадбирлари ҳам ўтказди.
Борис Немцов Лужковсиз Москва шиори билан пойтахтда бир неча бор норозилик тадбирлари ҳам ўтказди.

Москва мэри Юрий Лужков ўзини пораxўрликда айблаган либерал қарашдаги сиёсатчи Борис Немцов ва “Коммерсант” нашрига қарши берган даво аризаси юзасидан олиб борилган маҳкамада ғолиб чиқди.

Москва суди либерал қарашдаги сиёсатчи Борис Немцовга туҳмат қилгани учун Москва мэрига 17.100 доллар жарима тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

30 ноябр куни Москва суди, шунингдек, Немцов айбловларини нашр қилгани учун “Коммерсант” нашрига ҳам Лужковга қарийб 17.100 доллар товон пули тўлаш тўғрисида буйруқ берди.

Бундар ташқари Немцов ҳам¸ “Коммерсант” нашри ҳам Лужковни айблаган ўз баёнотларидан воз кечишлари лозим.

Россия Бош вазирининг собиқ ўринбосари, мухолифатдаги “Солидарност” ҳаракати асосчиси Борис Немцов маҳкама қароридан тушкунликка тушмаганини айтади.

-Лужковнинг менга бўлган барча талаблари инкор этилганидан мен мамнунман. У еттита жумлани рад этишимни талаб қилди. Бироқ битта жумла қолди. Мен “Москва ҳукуматининг барча жабҳаларида коррупция урчигани кўпчилик москваликлар учун сир эмас”, деган жумлани ўзгартиришим керак экан. Мен эндиликда янги жумлани “Бу нарса москваликлар учун сир”, деб бошлайман, деди Борис Немцов.

Лужковнинг бу ишда ғолиб чиқиши ҳеч кимни ҳайратга солмади. Бироқ “Коммерсант” нашрини жазолаш тўғрисидаги қарор, Россиядаги матбуот эркинлиги борасида мавжуд хавотирларни янада кучайтирди.

-“Коммерсант” нашри ўзининг 100 йиллигини нишонланаётган бир пайтда одил судимизнинг ҳеч бир сабабсиз бу нашрга 500 минг рубл жарима солиш тўғрисидаги қарорини мен мутлоқ беадаблик ва очиқдан-очиқ босим ўтказиш деб биламан, деди Борис Немцов.

Айни пайтда “Коммерсант” нашри адвокати Дмитрий Жарков Лужковнинг даво аризаси журналистлар овозини ўчиришга қаратилганини таъкидлади.

- Суд қарорига қарши биз тез фурсатда шикоят аризаси топширамиз. Қисқа шикоят аризасини тайёрлаб бўлганмиз. Фикримизча, газеталарнинг Юрий Лужков ҳақида ёмон гаплар ёзмаслигини олдини олиш ва уларни қўрқитиш мақсадида, жарима пули атайлаб ошириб юборилган, деди “Коммерсант” нашри адвокати.

Айтилишича, Немцов жорий йил бошида Юрий Лужковнинг 18 йиллик фаолияти ҳақида кичик брошюра чоп қилган.
Унда Немцов Москва мэрини турмуш ўртоғи Елена Батурина бизнесини ривожлантириш ниятида ўз мансабини суистеъмол қилганликда айблаган. Маълумки, Батурина Россиянинг энг бой тадбиркор аёли ҳисобланади.

Жорий йил бошида "The New York Times" нашри Москва мэрини Кавказ ва Молдовада айирмачиларни қўллаб-қувватлаганликда айблаган эди. Лужков, ўз навбатида, бу нашрга қарши даво аризаси берди ва бу ишда ҳам ҳозирча кураги ер кўрмаган қудратли мэр ғолиб чиқди.
XS
SM
MD
LG