Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:28

Имомали Раҳмон молиявий сафарбарлик эълон қилди


Президент Имомали Раҳмон ташаббусининг танқидчилари Роғун ГЭСи қурилиши учун аҳолидан мажбурий равишда маблағ йиғилиши айни қаҳратон арафасида оддий тожикистонликлар учун қўшимча бошоғриқ бўлганини таъкидламоқдалар.
Президент Имомали Раҳмон ташаббусининг танқидчилари Роғун ГЭСи қурилиши учун аҳолидан мажбурий равишда маблағ йиғилиши айни қаҳратон арафасида оддий тожикистонликлар учун қўшимча бошоғриқ бўлганини таъкидламоқдалар.

Тожикистон президенти Сўғд вилоятида бўлиб ўтган мажлисда ҳар бир оила 3000 сомонийлик Роғун ГЭСи акциясини сотиб олиши зарурлигини қайд этиб, жойлардаги мутасаддиларга бу ҳақда топшириқлар берди.

Сўғд вилоятининг Қайроққум шаҳрида республика ва вилоят раҳбарлари билан бўлиб ўтган мажлисда президент Имомали Раҳмон республика аҳолисига мурожаат қилиб, Роғун ГЭСи акцияларини тайёрлаш лойиҳасига 600 миллион АҚШ доллар зарурлигини таъкидлади.

- Бунинг учун Тожикистоннинг хар бир оиласи 3000 сомоний, яъни 700 АҚШ доллари миқдорида акцияларни сотиб олиши шарт. Шуни алоҳида айтиб ўтишим керакки, кам таъминланган оилалар мазкур кампанияда иштирок этишлари шарт эмас. Шу ўринда, тижоратчилар, сизларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, Тожикистонимиз келажаги, иқтисодиёти, тараққиётини ўйласангиз, катта маблағ сарфлаб, акция сотиб олишингиз керак. Ана шундагина Роғун ГЭСини ишга тушириш муддати тезлашади, Тожикистон энергетика қарамлигидан қутилади. Республика аҳолиси ҳаёти яхши томонга ўзгаради, деди Имомали Раҳмон.

Эслатиб ўтиш жоизки, бир муддат олдин тожик парламенти юқори палатаси тожикистонликларни Роғун ГЭСи қурилишига ўз ҳиссасини қўшишга чақирган эди. Шу кунгача Роғун ГЭСи қурилиши учун аҳолидан маблағ йиғиш тадбирлари давом этиб келмоқда. Жумладан, бу ишга раҳбар шахслар биринчилар қаторида киришиб, бир ойлик маошини Роғун қурилишига ўтказганликлари ҳақида рапорт беришаяпти. Давлат корхоналари ишчилари маҳаллий ҳукуматлар тазйиқи остида бир ойлик маошини Роғунга ўтказмоқда.

2 декабр куни вилоят раиси Қоҳир Расулзода ҳукумат вакиллари билан мажлис ўтказиб, мамлакатда вужудга келган энергетика вазиятини назарга олган ҳолда, ҳар бир ходим 100 сомонийдан, яъни 23 АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказишини эълон қилди.

Тожикистонликлар ҳукумат расмийларининг бу даъватини турлича қабул қилмоқдалар. Зиёли Музаффар Раҳимбоев фикрича, президентнинг даъватини қўллаб-қувватлаш лозим.

- Фикримча, президент халққа мурожаат этиб тўғри қилди. Чунки чет эл сармоядорлари ҳалигача бир тўхтамга келгани йўқ. Қўшнилар эса ёрдам бериш ўрнига бизни чироқсиз қолдирмоқда. Назаримда, бунча маблағни камдан-кам одам тўлиқ ўтказиш имконига эга. Шунинг учун шу уч минг сомонийни олти ёки бир йил давомида ўтказиш механизми ишлаб чиқилиши керак, дейди Музаффар Раҳимбоев.

Лекин республика президентининг бу даъватини аҳолининг асосий қисми қўлламаяпти. Суҳбатдошларимизнинг фикрича, бундай адолатсиз таклифлар президент ёнида ўтирган бойваччалардан чиққан.

- Президент ўзи оддий оилада катта бўлган. Дехқон ва умуман оддий аҳоли аҳволини яхши тушунади. Назаримда, “президентга яхши кўринай” деган ёрдамчилари ва маслаҳатчиларидан чиққан бу гап. Чунки менга ўхшаган одам учун 100 сомоний жуда катта пул. Ҳайронман, бу пулни оиламга, рўзғоримни тебратишга ишлатайми ёки Роғун ГЭСи қурилишигами? Албатта оиламга сарфлайман-да, дейди Истаравшан туманида истиқомат қилувчи Манзура.

Президент даъвати танқидчиларига кўра, аҳолисининг 70 фоизи қашшоқликда яшаётган, ойликдан ойликкача кун санаб ҳаёт кечираётган тожикистонликлардан ГЭС қурилиши учун пул сўраш ўта кулгили ҳолат.

- Давлат раҳбарлари, ҳукуматлар ходимлари ойига ўрта ҳисобда 300-400 сомоний (тақрибан 70-90 АҚШ доллар - таҳр) миқдорида маош олади. Боз устига, уларга хизмат машинаси биркитилган ва бошқа турли имтиёзлар берилган. Бундан ташқари, улар норасмий тижорат билан ҳам шуғулланишади. Уларнинг магазинлари, ошхонаю ресторанлари, деҳқончилик хўжаликлари бор. Шу боис улар учун 100, ҳаттоки 300 сомонийни ГЭС қурилишига ўтказиш ҳеч гап эмас. Зеро, ҳар куни фақат тушлик қилиш учун бундан ортиқ маблағ сарфлашади. Бечора оддий халқ нима қилсин? дея савол ташлайди хўжандлик ўқитувчи Мақсуд Иброҳимов.

Маҳаллий таҳлилчилар Роғун ГЭСи қурилишини аҳоли ҳисобидан амалга ошириб бўлмаслигини таъкидламоқдалар. Чунки Тожикистонда Ғарбдагидек миллиардерлар кўп эмас. Борлари ҳам ҳеч қачон ўзини ошкор қилмайди.

Айни пайтда тожик расмийларининг Роғунга оид ташаббусларини “бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдириш” тадбири ўлароқ баҳоланмоқдалар. Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиб, Тожикистонни газ ва чироқсиз қолдирган бир пайтда, таҳлилчиларга кўра, мамлакат раҳбарлари бунга қарши чора сифатида афсонавий тадбирларни амалга оширмоқчи. “Бунинг ўрнига Сангтўда -1 ГЭСи қандай қурилган бўлса, Роғунни ҳам шундай - чет эл сармоялари ҳисобидан бунёд этиш тўғри бўларди”, демоқда маҳаллий таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG