Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:44

ЕХҲТ ўзбек сайловларини кузатмайди¸ баҳолайди


Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси раҳбари Ўзбекистон ҳукумати билан бевосита мулоқот ўтказиб¸ Тошкентни эркин сайловлар ўтказишга даъват қилади.
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси раҳбари Ўзбекистон ҳукумати билан бевосита мулоқот ўтказиб¸ Тошкентни эркин сайловлар ўтказишга даъват қилади.

Сайловларни кузатиш бўйича халқаро майдонда катта нуфузга эга бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон парламент сайловларини бевосита кузатмаслик¸ айни пайтда сайловолди сиëсий муҳитини баҳолашга қарор қилди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси (ДТИҲБ) Ўзбекистонда шу ой охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловларини баҳолаш гуруҳини таъсис этганини билдирди.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонга сайловларни баҳолаш гуруҳини юбориш қарори ўзбек расмийлари таклифи ортидан қабул қилинган.

ЕХҲТнинг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Йенс Эшенбеҳернинг Озодлик радиосига маълум қилишича, элчи Йоланда Брунетти раҳбарлигидаги 14 нафар халқаро эксперт ва ёрдамчи ходимлардан иборат миссия аллақачон Ўзбекистонга етиб борган.

- 14 нафар экспертимиз ҳозир Ўзбекистонда. Ушбу миссия келаси ҳафталарда Ўзбекистонда сайловлар ўтказилишининг умумий тизими, шунингдек, ДИИҲБнинг аввалги тавсияларининг бажарилишини баҳолайдилар ва улар бўйича ҳисобот тузадилар. Миссия сайловнинг ҳуқуқий асосларига, сайлов кампанияси, марказий ва туман босқичидаги сайлов маъмуриятининг фаолияти, ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнига эътиборни қаратади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари муҳитини ва оммавий ахборот воситалари орқали сайловларнинг ёритилишини ҳам баҳолайди, деди Эшенбеҳер.

Келгуси ҳафталарда экспертлар пойтахт Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда давлат ҳокимияти органлари, номзодлар, сиёсий партиялар, суд ҳокимияти, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказишни режалаган.

Ўзбекистондаги сайловларда иштирок этаётган партияларнинг биронтаси ўзини мухолиф деб ҳисобламайди. Аввалгилари каби бу сафарги сайловлар ҳам ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган кучлар орасидаги бир маърака сифатида кўрилади. Шу боисдан ҳам ЕХҲТ тўлиқ кузатувчилар гуруҳини Ўзбекистонга юбормай, яна кичик таркибдаги баҳолаш гуруҳи билан чекланди.

- Тўлиқ кузатувчилар гуруҳини Ўзбекистонга юбориш¸ у ердаги мавжуд ҳозирга вазиятда¸ маънисиз. Чунки бу мамлакатда фуқароларнинг фундаментал эркинликлари чекланганича қолмоқда, у ердаги мавжуд сиёсий муҳит фуқароларга танлов имконини бермайди. Бундан ташқари ўтмишда ишлаб чиққанимиз тавсиялар ижро этилмай қолди. Лекин Ўзбекистон томонининг сайлов жараёнини ислоҳ қилиш ва бу борада мулоқотга иштиёқини эътиборга олиб, биз шундай баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилдик, дейди ЕХҲТнинг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Йенс Эшенбеҳер.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги олдинги парламент ва президентлик сайловларини халқаро андозаларга мос ўтмаганини таъкидлаган.

Сайловларни баҳолаш бўйича миссия Ўзбекистонда шу йилнинг 31 декабригача бўлади. Сайлов жараёни тугаганидан тахминан икки ой ўтиб, ДТИҲБ ўз якуний ҳисоботини эълон қилади.
XS
SM
MD
LG