Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2021, Тошкент вақти: 12:57

Халқаро хабарлар

Эрон уранни тўйинтирувчи 20 та корхона қурмоқчи

Эрон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, мамлакатнинг Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий Эронда уранни тўйинтирувчи қўшимча 20 та корхона барпо қилиниши лозим, деган баёнот билан чиққан.

Али Акбар Солиҳий, шунингдек, Эрон ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро келишувдан чиқишни режаламаётганини маълум қилган.

Жаҳоннинг қудратли давлатлари Эронни ўз дастури ёрдамида ядровий қуролга эга бўлишга уринаётганликда айблаб келмоқдалар.

Кун янгиликлари

Туркияда қўлга олинган туркманистонлик фаол озод этилди

Туркманистонлик фуқаролар 2020 йилнинг май ойидан буён авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов сиёсатига қарши Туркия, АҚШ ва Шимолий Кипрда очиқ норозилик акциялари ўтказиб келмоқдалар

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Туркия расмийлари томонидан қўлга олинган туркманистонлик фаол Аҳмет Раҳмонов Истанбул яқинидаги депортация марказидан озод қилинди, бошқа фаолларга эса Туркманистонга бадарға қилиниш хавф солмоқда. Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Анқарани туркманистонлик фаолларни ватанига депортация қилмасликка чақирди.

Турк расмийлари 18-22 октябрь кунлари туркманистонлик Аҳмет Раҳмонов, Комил Абулов ва Байрам Аллалиевни қўлга олишиб, уларни “Тузла” депортацион марказига жойлаштирганди.

Аҳмет Раҳмонов 22 октябрь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов сиёсатига қарши мазкур марказда очлик акциясини бошлаган эди.

А. Раҳмонов озод этилиши ортидан Human Rights Watch туркиялик расмийларни депортацион марказдаги қолган икки фаолни ҳам Туркманистонга йўлламасликка чақирган.

“Туркманистон ҳукуматни танқид қилувчиларни аёвсиз жазолаш бўйича узоқ йиллик тарихга эга”, деган HRWдиректорининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Рэйчел Денбер.

Ҳуқуқбонга кўра, Туркияда қўлга олинган фаоллар Туркманистонга қайтарилган тақдирда, улар қийноқ ва бошқа шафқатсиз жазо чораларига дучор қилиниши, ҳатто йўқ қилиб юборилиши мумкин.

“Туркия ўзининг халқаро мажбуриятларига риоя қилган ҳолда уларни аёвсиз муомалага дучор бўлиши мумкин бўлган жойга йўлламаслиги лозим”, деган ҳуқуқ фаоли.

Сўнгги ойларда Туркиядаги туркманистонлик фаолларга ҳужумлар ҳамда уларнинг Туркманистондаги яқинларига босимлар кучайган.

Россияда сиёсий маҳкумлар сони сўнгги беш йил ичида 5 баробар кўпайди

Ҳуқуқбонлар Россия қамоқхоналарида камида 420 нафар сиёсий маҳкум сақланаётганини билдиришди. Бу беш йил олдингидан 5 баравар кўпдир. “Медуза” нашри “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази маълумотига таянган ҳолда ана шундай хулосага келган.

“Мемориал” рўйхатидаги 420 кишидан 360 нафари диний сабабларга қамалган. Уларнинг аксарияти Россияда тақиқланган исломий ташкилотларга аъзоликда айбланган мусулмонлар ҳамда экстремистик ташкилот деб топилган Ёҳуво шоҳидлари черкови мухлисларидир.

Сиёсий маҳкумлар сони асосан диний сабабларга кўра таъқиб этиш ҳисобига ўсмоқда. Бироқ “Мемориал”нинг урғулашича, ўтган йил ноябрида Россияда “қатағон тўлқини” бошланиб, пировардида ҳукуматга мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний қамоққа ташланган, унинг кўплаб тарафдорлари эса судланган ёки ҳибс қилинган.

Россиядаги сиёсий маҳкумларнинг аниқ сони, катта эҳтимол билан, бундан бир неча карра кўп чиқади, чунки биз ҳаммани мониторинг қила олмадик, дея таъкидлаган “Медуза”га берган интервьюсида “Мемориал”нинг сиёсий маҳкумларни дастаклаш йўналиши раҳбари Сергей Давидис.

Давидиснинг тахмини сиёсий маҳкумларнинг умумий сони Совет Иттифоқининг сўнгги йилларидагидан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини англатади. Ташкилот маълумотига кўра, КПСС бош котиби Михаил Горбачёв топшириғи билан сиёсий маҳкумлар озод этилгунга қадар мамлакатда улар сони қарийб 700 нафар бўлган.

Украинанинг аксилдопинг агентлиги раҳбарияти истеъфога чиқарилди

Украина спорт вазири 27 октябрь куни миллий аксилдопинг агентлиги раҳбари Иван Курлишук ва унинг ўринбосари истеъфога чиқарилганини маълум қилди. Воқеадан бир кун олдин Жаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) Украина агентлиги томонидан аксилдопинг меъёрлари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Вазирлик баёнотида допинг-тестлар ўтказишда халқаро мезонлар бузилгани тан олиниб, Украинанинг допингга қарши кураш ғояларига содиқлиги билдирилган.

WADA ҳисоботида Украина аксилдопинг агентлиги спортчиларни допинг-тестлар бўлиши ҳақида олдиндан огоҳлантиргани, бу ҳол 2012 йилдан бери давом этиб келаётгани иддао қилинган. Шунингдек, WADA хулосасига кўра, агентлик олти ҳолатда мусобақа олдидан ўтказилган тест натижаларини “мусобақадан ташқари тестлар” сифатида расмийлаштирган.

Ҳисоботда украиналик спортчилар допинг қабул қилгани фактларининг яширилгани хусусида гап бораётгани йўқ.

Бироқ қоидабузарликлар WADA мувофиқлик қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. Қўмита Украина агентлигига нисбатан санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин, у ҳолда спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштироки чекланиши эҳтимолдан холи эмас.

Жапаровнинг Пекинга сафари чоғида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича қарор олиниши мумкин

Иллюстратив сурат

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 27 октябрь куни парламент йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига доир зарур ҳужжатлар тайёрланганини маълум қилди.

“Ўзбекистон томони билан сўнгги музокаралар якунланди. Вазирлар вертолётда ҳудудни айланиб чиқишди, зарур ҳужжатларни тайёрлашди. Биз президент Садир Жапаровнинг Хитойга расмий ташрифини кутяпмиз, аммо коронавирус муносабати билан Пекин ҳозирча ёпиқ. У очилганидан сўнг, президент ташрифи чоғида лойиҳа тақдири ҳал этилишини кутяпмиз. Қирғизистон ичидаги сўнгги йўналишлар белгиланган, темир йўлнинг 280 километр қисми бизнинг ҳудуддан ўтади, шундан 57 километри туннеллар бўлади”, деган А. Жапаров депутатларга.

У ҳозирда лойиҳани молиялашнинг турли моделлари ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда. 2002 йилда Пекин лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаштириб, йўналишни белгилаган. Ўша мўлжалга кўра, йўл Тўруғарт довони орқали Арпа яйлови бўйлаб ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб, у ердан Ўзбекистон томонга тортилиши керак эди. Темир йўлнинг умумий узунлиги 268 километр бўлиши белгиланган.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.

“Газпром” 8 ноябрдан сўнг Европага етказиб берилаётган газ ҳажмини ошириши мумкин

Россиянинг “Газпром” концерни шу йил 8 ноябридан Австрия ва Германиядаги омборларига газ етказиб бериш ҳажмини оширади. 27 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин “Газпром” раҳбари Алексей Миллерга ана шундай топшириқ берган.

Путинга кўра, бу Россия ширкатига европалик истеъмолчилар олдидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш ва “Европа энергетика бозорида бирмунча ижобий муҳит” яратиш имконини беради.

Аввалроқ Миллер Европа ерости омборларидаги Россия гази ҳажми “жуда оз”лигини айтган. Европа газ ширкатларига кўра, ЕИ газ омборларидаги газ ҳажми сўнгги 10 йил ичида энг кам даражага тушиб кетган. Юзага келган вазият биржада газ нархининг рекорд кўтарилишига олиб келган.

Ғарб агентликлари урғулашича, Россия давлат медиаси Путинни “Европанинг халоскори” ўлароқ таърифлаб, уни мадҳ этмоқда.

Путин ва Миллернинг сўзларидан Россия гази қўшимча ҳажмлари ЕИга айнан қайси йўналишдан етказиб берилиши англашилмайди. Олдинроқ Украина президенти Зеленский Киев Европага етказиб берилажак қўшимча газ ҳажмлари учун 50 фоизгача чегирма беришга тайёрлигини маълум қилган.

Шу билан бирга, Зеленский Россияни ЕИга қарши “газ агрессияси” ва шантажда айблаган. Украина раҳбарининг фикрича, Россия Украинани четлаб ўтган ҳолда Болтиқ денгизи тубидан ўтган “Шимолий оқим-2” қувурини тезроқ сертификатлашга ЕИни мажбур этиш мақсадида атайлаб Европада газ танқислигини келтириб чиқармоқда.

Россия Зеленскийнинг Украина орқали газ етказиб бериш ҳажмини ошириш таклифига жавоб берганича йўқ.

Тожикистон ўз ҳудудида Хитой ҳарбий базасини ташкил этишга рухсат берди

Тожикистон ва Хитой 2019 йилда ўтказган қўшма ҳарбий машғулот пайтида олинган фотосурат.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси 27 октябрь куни Хитойга мамлакат ҳудудида ҳарбий база ташкил этишга рухсат берувчи қарорни қабул қилди.

Расман билдирилишича, Хитой ҳарбий базаси Тоғли Бадахшон мухториятининг Тожикистон-Афғонистон чегараси яқинидаги Вахон қишлоғида барпо этилади.

Мазкур база Ички ишалр вазирлигининг махсус отряди ихтиёрида бўлади.

Тожикистон ҳукумати ҳарбий база устидан назоратни тўлиғича Хитойга топшириш ва ҳарбий ёрдам эвазига Пекиндан ижра ҳақи олишдан воз кечиш таклифини киритган.

Германияни 16 йил бошқарган Ангела Меркелнинг канцлерлик ваколати расман якунланди

Меркель 2005 йилдан бери Германия канцлери лавозимини эгаллаб келган эди.

Германия Федератив Республикаси канцлери лавозимини 2005 йилдан бери бошқариб келаётган Ангела Меркелнинг ваколатлари расман якунланди.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 26 октябрь куни 20- чақириқдаги янги парламентнинг таъсис мажлиси арафасида Меркель ва унинг кабинети аъзоларига ваколатлари тугагани тўғрисидаги расмий ёрлиқларни топширди.

Президент Штайнмайер Меркель Германия тарихидаги энг аҳамиятли канцлерлардан бири бўлганини эътироф этди.

Эндиликда Меркель ва унинг кабинети янги сайланган парламент ҳукумат аъзолари таркибини аниқламагунича ўз вазифаларини вақтинча бажарувчилар мақомида бўлади.

Германияда парламент сайловлари 26 сентябрь куни ўтказилган. Унда Олаф Шольц раҳбарлигидаги Социал-демократик партия биринчи ўринни эгаллади. Ангела Меркелнинг Христиан демократик иттифоқи сайловда иккинчи ўринда қайд этилди.

Айни пайтда Германия янги ҳукуматини шакллантириш борасида Социал-демократик партия “Яшиллар” ва Германия эркин демократик партияси билан музокаралар олиб бормоқда.

Бишкекда пиццадан заҳарланганлар сони 290 кишига етди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва Чуй вилоятида 27 октябрь куни пиццадан заҳарланганлар сони 290 кишига етди. Улардан 39 нафари ёш бола. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига давлат санитария назорати маркази вакили Маҳамат Мурзашев маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, заҳарланганлар орасида ўлганлар йўқ. Барча беморларнинг аҳволи ўртача оғир.

Касалхонага ётқизилганларнинг барчаси Бишкекдаги “Пицца Империяси” умумий овқатланиш тармоғи хўррандалари экани билдирилди. Мазкур воқеа ортидан тармоқ кафелари вақтинча ёпилди. Ҳукумат назорат органлари эса пойтахтдаги барча умумий овқатланиш жойларида текширув ўтказмоқда.

Қирғизистонда 2018 йилда назорат органларининг бизнес тузилмаларда текширув ўтказишини кескин чекловчи қарор қабул қилинган эди.

Ўшандан бери хўррандаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолатлари бир неча марта қайд этилди. Жумладан, март ойида Ахси туманида овқатдан заҳарланган 6 киши вафот этган. Октябрь ойида Сузоқ туманида ўтган тўйда 130 киши заҳарланган. Икки йил аввал эса Бишкекдаги “Ала Тоо” тўйхонасида юз киши заҳарланиб, касалхонага ётқизилган.

АҚШ чегарасида мамлакатга кирмоқчи бўлган россиялик мигрантлар сони 10 баробарга ошди

Америкалик чегарачи ҳаитилик муҳожирни тутиб қолишга уринмоқда, Техас штати, 2020 йил сентябри

Жорий йилда Қўшма Штатларнинг жанубий чегарасида Россиядан келган 4103 ноқонуний муҳожир америкалик чегарачилар билан алоқада бўлган. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичга (467 та ҳолат) нисбатан қарийб ўн баробарга кўпдир. Бу ҳақда Foxnews телекомпанияси АҚШ федерал божхона-чегара хизмати (CBP) маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Россияликлар Мексика-АҚШ чегарасидан ўтмоқчи бўлаётган муҳожирларнинг жуда оз қисмини ташкил этади. CBP маълумотига кўра, жорий йилда чегарада 1 миллион 700 минг мигрант қайд этилган. Уларнинг ярмидан кўпини Мексика, Гватемала, Гондурас ва Сальвадор фуқаролари ташкил қилади. Мигрантларнинг чорак қисми чегарадан ноқонуний ўтишга қайтадан уринган пайтда тутиб қолинган. Чегарада ушланганлар орасида украиналик, ҳиндистонлик, хитойлик ва туркияликлар бор.

АҚШга мигрантлар оқими ўтган йили Оқ уйга Жо Байден маъмурияти келганидан кейин кескин кучайган. Байден маъмурияти бунинг сабабини мигрантлар келаётган мамлакатларда жиноятчилик ва коррупциянинг кучайгани билан изоҳламоқда, бироқ танқидчиларга кўра, бунинг асосий сабаби Дональд Трамп маъмурияти томонидан жорий қилинган айрим чекловларнинг бекор қилинганидир.

Қўшма Штатларда ўтказилган сўровларга кўра, жанубий чегарада юзага келган инқирозли вазият президент Байден учун сиёсий муаммога айланиб бормоқда.

Европа ва АҚШда “даркнет”да ноқонуний товарлар савдосига алоқадор кўрилган 150 киши ҳибсга олинди

АҚШ ва Европа ҳуқуқ-тартибот органлари “даркнет”даги ноқонуний савдога қарши ўтказилган йирик амалиётлардан бири доирасида нолегал товарларни онлайн сотиб олиш ёки сотишга алоқадор 150 кишини ҳибсга олганлар.

Даркнет Интернетнинг назорат қилинмайдиган ва оддий қидирув тизимларига кўринмайдиган махфий қисми бўлиб, унинг сайтларига кириш шифрланган ахборотни бир нечта серверлар орқали ўтказиб, фойдаланувчининг манзилини беркитадиган махсус браузерлар орқали амалга оширилади.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳамда Европол томонидан 26 октябрь куни алоҳида-алоҳида тарқатилган баёнотларда қайд этилишича, Dark HunTOR амалиёти доирасида нақд ва виртуал валюта ҳисобида 26,7 миллион евродан зиёд маблағ, 234 килограмм наркотик ва 45 та ўқотар қурол мусодара қилинган.

Қўлга олинганлардан 65 нафари АҚШда, 47 нафари Германияда, 24 нафари Британияда, тўрт нафари Италияда, яна тўрт нафари Ҳолландияда, уч нафари Францияда, икки нафари Швейцарияда ва бир нафари Болгарияда ушланган. Улардан айримлари Европол томонидан “ўта қийматли нишон” ўлароқ тавсифланган.

АҚШ баёнотига мувофиқ, амалиёт чоғида контрафакт дори-дармон воситалари, опиоид ҳапдорилар, 152 килограммдан зиёд амфетамин, 21 килограмм кокаин ва 32,5 килограмм экстази мусодара қилинган.

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари бошчилигида ўтказилган халқаро тергов 10 ой давом этган.

Қозоғистон афғонистонликларга транзит йўлаги очиб берди

Қозоғистон судья ва депутат бўлиб ишлаган афғонистонлик аёллар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун транзит йўлаги тақдим қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Қозоғистоннинг гуманитар соҳадаги халқаро мажбуриятларига содиқ қолган ҳолда, давлат раҳбари томонидан афғонистонлик аёллар (судьялар ва депутатлар) ҳамда уларнинг оила аъзоларига транзит йўлаги очиб бериш қарори қабул қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Маҳаллий Informburo сайтининг хабар қилишича, транзит йўлаги орқали жами 99 киши хорижга учиб кетиши лозим бўлган.

ТИВ матбуот хизмати транзит Олмаота аэропорти орқали халқаро ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Украина армияси илк бор душманга Bayraktar TB2 дрони орқали зарба берди

Bayraktar TB2 дрони Киевда ўтказилган ҳарбий парад репетициясида, 2021 йил 18 августи

Украина қуролли кучлари мамлакат шарқида Туркияда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратини илк бор амалда қўллаган. Эълон қилинган кадрларда дрон ёрдамида артиллерия батареясига зарба берилгани акс этган.

ТАСС агентлигининг Киевдан хабар қилишича, 26 октябрь куни Украина ОАВлари туркларнинг “Байрактар” дрони Донбассда жанговар шароитда қўллангани тасвирланган видеороликни намойиш этган. Россия агентлиги Украинанинг “Цензор.нет” нашри муҳаррири Юрий Бутусовга таяниб хабар тарқатган. “У ўз манбаларига асосланган ҳолда дроннинг амалда қўлланиши тафсилотларини келтирди”, дейилган хабарда.

Украина ҳарбийлари Туркияда ишлаб чиқарилган “Байрактар” дронларини илк бор қўллаганига Би-би-си ҳам эътибор қаратган. Британия медиакорпорацияси маълумотига кўра, “Байрактар”дан йўлланган ракета зарбаси натижасида душманнинг битта артиллерия қуроли йўқ қилинган.

Украина Қуролли кучларининг “Восток” тезкор қўмондонлиги айирмачилар ўққа тутиши оқибатида бир украин жангчиси ҳалок бўлгани ва яна бири жароҳат олганини маълум қилган. Жанговар дрон бунга жавобан қўлланган бўлиши мумкин, дейилган Би-би-си хабарида.

Bayraktar TB2 Туркиянинг зарба берувчи оператив-тактик жанговар дронидир. У осмаларига маҳкамланган тўртта ракета билан ҳавода 12 дан 24 соатгача бўлиши мумкин. Дрон 8 километргача масофада жойлашган нишонларни ура олади. Учувчисиз учқич Baykar Makina хусусий ширкатида ишлаб чиқарилади.

Эрдўғон ва Алиев Тоғли Қорабоғ яқинидаги янги халқаро аэропорт очилишида иштирок этишди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Фузулийдаги халқаро аэропортнинг очилиш маросимида, 2021 йил 26 октябри

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 26 октябрь куни баҳсли Тоғли Қорабоғ минтақаси яқинида жойлашган Фузулий шаҳридаги халқаро аэропортни расман очиб беришди. Аэропорт рекорд даражада қисқа муддатда – саккиз ойда қуриб битказилган.

Фузулий шаҳри Тоғли Қорабоғ ҳудудига туташ номдош туман маркази бўлиб, ўтган йилнинг ноябрь ойида, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кечган 44 кунлик урушдан сўнг имзоланган сулҳ битими доирасида Боку назорати остига ўтган.

Ҳаво қўналғасида фақат битта учиш-қўниш йўлаги мавжуд, терминал эса 200 йўловчига мўлжалланган.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) аэропортни ўз аэропортлари рўйхатига киритиб, FZL дея кодлаган.

Фузулий ўтган йилги урушда Озарбайжон этник арманлардан қайтариб олган биринчи шаҳардир.

Аэропорт Тоғли Қорабоғнинг энг муҳим шаҳри бўлмиш Шушадан жануби-шарққа томон тахминан 100 чақирим нарида жойлашган. Шуша ҳам бошқа аҳоли масканлари қатори 2020 йил сентябрь ойида бошланиб, олти ҳафта давом этган уруш чоғида жанг билан қайтариб олинган эди.

Миграцион инқироз манзарасида Германия ва Польша чегараларини мустаҳкамламоқда

Беларусь-Польша чегарасида полициячи ва чегарачилар қуршовида турган эронлик муҳожирлар

Польша нолегал муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун Беларусь билан чегарадаги ўз ҳарбийлари сонини 10 минг нафаргача оширади. Европа Иттифоқи юзага келган инқирозда Александр Лукашенко айбдор, деб ҳисоблайди. ЕИ вакиллари фикрича, Лукашенко шу тариқа ўзига қарши жорий қилинган санкциялар учун ўч олмоқда.

Келиб чиқиши Эрон, Сурия, Яман ва Ироқдан бўлган муҳожирлар Польшага Беларусь орқали кириб келмоқда. Шу важдан чегараолди ҳудудида фавқулодда вазият тартибини эълон қилган.

Аввалроқ Германия қўшнисига муҳожир оқимини тўхтатишда кўмак кўрсатиш учун Польшага юзлаб полициячисини йўллаган. Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер Bild am Sonntag нашрига зарурат туғилган тақдирда Польшага дастак кучайтирилишини билдирган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси немис полицияси “Учинчи йўл” (Der III. Weg) ультраўнгчи гуруҳнинг қуролланган аъзоларини қўлга олган. Улар Польша орқали Германияга келаётган муҳожирларнинг мамлакат ҳудудига киришига халақит бериш ниятида бўлганлар.

Польша ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун Беларусь билан чегарада қиймати 410 миллион долларга тенг бўлган девор қуришни таклиф қилган. Шу каби муаммога дуч келган Латвия ҳам ана шундай чорани кўришга тайёр.

Жорий йилда Германияга Польша ва Беларусдан 6 минг 162 нафар ҳужжатсиз қочқин кириб келган. Ноқонуний муҳожирларни тақсимлаш иши ноябрь ойи бошида бошланиши кутилмоқда.

Аввалроқ Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер ўз мамлакатининг Польша билан чегарани ёпиш нияти йўқлигини билдирган эди, аммо у 24 октябрь куни чегарадаги назорат қайта тикланиши мумкинлигини истисно қилган эмас.

Туркияда қўлга олинган туркман фаоли очлик эълон қилди

Туркман фаоллари томонидан президент Бердимуҳамедов сиёсатига қарши Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган норозилик чиқишидан лавҳа, 2021 йил сентябри

Туркия расмийлари томонидан қўлга олинган туркманистонлик фаол Аҳмет Раҳмонов 22 октябрь куни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиёсатига қарши норозилик сифатида очлик эълон қилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки фонди маълумот тарқатди.

“Халқаро ҳамжамият Туркманистондаги ва хориждаги туркманлар муаммоларига эътибор қаратади, деган умиддаман”, деган Раҳмонов Туркманистон Хельсинки фондидаги манбага.

Маълумотларга кўра, 47 ёшли А. Раҳмоновга очликнинг илк кунида Истанбул яқинидаги “Тузла” депортация марказидаги бошқа туркманлар ҳам қўшилган. Мазкур марказда асосан ҳужжатининг муддати ўтиб кетган туркманистонликлар бор. Улар ҳар бири саккиз киши сиғадиган юк контейнерларини эслатувчи жойларда сақланмоқда.

“Кун охирига бориб марказ раҳбарияти қўлга олинганларнинг муаммосини ой охиригача ҳал қилишга ваъда берган. Шундан сўнг акцияни Аҳмет Раҳмоновнинг бир ўзи давом эттирган, бугун тўрт кун бўлди. Атрофидагилар уни ҳеч бўлмаганда сув ичишга кўндиришга уринишмоқда”, дейилган гуруҳ баёнотида.

А. Раҳмонов 18 октябрь куни Анталияда қўлга олинганди. У “Туркманистон демократик танлови” (DWT) ҳаракатининг ижтимоий тармоқлардаги ҳисоблари маъмури бўлган. Авваллари у ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукуматини очиқдан-очиқ танқид қилиб келган. Февраль ойида А. Раҳмонов Озодликнинг туркман хизматига видеоинтервью бериб, унда хориждаги, шу жумладан Туркиядаги туркманистонликларнинг паспорт билан боғлиқ муаммолари ҳақида сўзлаб берган эди.

Сўнгги пайтларда Туркияда туркманистонлик фаолларга ҳужумлар кўпайган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмий Ашхободни мамлакатда инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузаётгани ва ўзгача фикрдагиларга босим ўтказаётгани учун танқид қилиб келади.

Саудиялик собиқ разведкачи валиаҳд шаҳзоданинг суиқасдга ҳозирлик кўрганини иддао қилди

Россия президенти Владимир Путин (ч) ва Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон (ў) Буэнос-Айресда ўтказилган G20 саммитида, 2018 йил 30 ноябри

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ҳозирда марҳум қирол Абдуллани Россиядан келтирилган заҳарли узук ёрдамида ўлдирмоқчи бўлган бўлиши мумкин. Саудиялик юқори мартабали разведкачи Американинг Си-би-эс каналидаги чиқишида шундай тахминни илгари сурган.

Ўз вақтида Саудия разведкасида муҳим шахс саналган Саад ал-Жабрий “60 дақиқа” дастурига берган интервьюсида қирол Салмоннинг ўғли ва мамлакатнинг феълан ҳукмдори бўлган шаҳзода Муҳаммад ибн Салмонни “Яқин Шарқда чекланмаган имкониятларга эга савдойи ва қотил” деб атаган.

Жабрийга кўра, “шаҳзода ўз халқига, америкаликларга ва бутун сайёрамизга хавф солади”.

Би-би-сининг ёзишича, Жабрий икки йил аввал Канадага қочган. Ўтган йили у АҚШ судига Муҳаммад ибн Салмонга қарши даъво киритиб, унда шаҳзодани ўз ҳаётига суиқасд қилишга уринганликда айблаган. Валиаҳд шаҳзода барча айбловларни инкор этган.

Саудия идоралари Жабрийга нисбатан коррупцияга оид айбловларни тергов қилмоқда, Канада судьяси эса унга тегишли активларни музлатишга буйруқ берган.

2020 йил мартида Саудия Арабистони ҳукумати Жабрийнинг ўғли Умар ва қизи Сорани қўлга олган. Ҳуқуқбонлар бу ҳаракатларни Жабрийни Саудияга қайтишга мажбур қилишга уриниш, дея баҳолаган.

Ўтган йили, собиқ разведкачи валиаҳд шаҳзодага қарши даъво қўзғатганидан сўнг Саудия суди унинг қизи ва ўғлини пул “ювиш”да ва мамлакатдан чиқиб кетишга уринганликда айблаб, уларни тўққиз ва олти ярим йилга қамаган.

АҚШ Судандаги ҳарбий тўнтаришни қоралади, путч демократияга ўтишни барбод қилиши мумкин

Судан пойтахти Хартум кўчаларидан лавҳа, 2021 йил 25 октябри

Қўшма Штатлар Судан Қуролли кучларининг хатти-ҳаракатларини “кескин қоралайди”, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. 25 октябрь эълон қилинган баёнотда Вашингтон Судан бош вазири ва бошқа фуқаровий раҳбарларни ҳибсдан озод этишга чақирган.

Блинкен суданлик ҳарбийларнинг хатти-ҳаракатлари мамлакатнинг демократияга ўтиши жараёнини барбод қилиши мумкинлигини ва “Судандаги тинч инқилобга хиёнат” эканлигини айтган.

АҚШ давлат котиби бош вазир Ҳамдок ва ўзга фуқаровий раҳбарларнинг ҳибс қилинишини “номаъқул иш” деб атаган ҳамда Судан ҳарбийлари маҳбусларнинг хавфсизлигини таъминлаши ва уларни дарҳол озод этиши кераклигини айтган.

Судан Суверен кенгаши раиси генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ҳукумат аъзолари қўлга олинганидан бир неча соат ўтиб, икки йил муқаддам авторитар президент Умар ал-Башир ағдарилганидан сўнг ҳарбийлар ва фуқаровий сиёсатчилар иштирокида тузилган кенгаш тарқатилиши ҳақида баёнот берган.

У ҳукумат ҳам тарқатилишини ва ўтиш даври конституцион декларациясининг қатор моддалари бекор қилинишини билдирган. Ал-Бурҳон ҳарбийларнинг хатти-ҳаракатларини ҳокимият идораларидаги турли фракцияларнинг ўзаро низолари натижасида келиб чиққан сиёсий инқироз билан изоҳлаган.

Судандаги давлат тўнтариши Бурҳон томонидан Суверен кенгаш раҳбарлиги фуқаровий сиёсатчилардан бирига топширилишига бир ой қолганида рўй берган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 26 октябрь куни ёпиқ мажлисда Судан масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда. БМТнинг Судандаги элчиси Волкер Пертес мамлакатда юз бераётган воқеалар ҳақида Хавфсизлик кенгашига ахборот бермоқчи эканини маълум қилган.

Аннексия қилинган Қримда COVID-19 қурбонлари сони ошгани туфайли ўликхоналар тўлиб кетди

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда коронавирусдан ўлганлар сони кўпайиб кетгани туфайли ўликхоналар тўлиб кетган. Яриморол расмийлари мурдаларни сақлаш учун мобил музхоналар сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Қрим соғлиқни сақлаш вазири лавозимини вақтинча бажариб турган Константин Скорупскийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимга кўра, симферополликлар ўликхоналардан яқинларининг жасадлари ёмон ҳолатда берилганидан шикоят қилганлар. Қрим расмийлари музхоналар ўликхоналар юкини камайтиришга ёрдам беришига умид қилишмоқда.

Севастополда маҳаллий расмийлар шаҳарга киришда блокпостлар ўрнатишга қарор қилишган, у ерларда ўтувчилардан COVID-19 га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат ёки кишининг коронавирус юқтириб олмаганини тасдиқловчи ҳужжат сўралади. Хасталикка чалинмагани ПЗР-тест орқали тасдиқланган ёки кишининг коронавирусдан соғайганига оид маълумотнома шифокорнинг оригинал муҳри бўлганидагина қабул қилиниши айтилмоқда.

Ўтган кеча-кундузда аннексия қилинган Қримда коронавирусга чалиниш бўйича 655 та ҳолат қайд этилган, бу эса пандемия бошидан бери кузатилган рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Яриморолда 30 октябрдан 7 ноябргача таътил эълон қилинган. 25 октябрдан эътиборан меҳмонхоналарга фақат QR-кодга эга кишиларгина қабул қилинмоқда. Бундай чора кафе, кинотеатр ва савдо марказларига киришда ҳам қўлланиляпти.

Пикассонинг 11 та сурати Лас-Вегас аукционида деярли 109 миллион долларга сотилди

Пабло Пикассо. 1971 йилнинг 13 октябрида олинган фотосурат.

Пабло Пикассонинг 140 йиллиги муносабати билан АҚШнинг Лас -Вегас шаҳрида уюштирилган кимошди савдосида машҳур рассом мўйқаламига мансуб 11 асар 108 миллион 900 минг долларга сотилди.

23 октябрда ўтган кимошдида энг қиммат сотилган сурат Femme au Beret Rouge-Orange (Алвон-норанж бош киймли аёл) бўлди. Мазкур асарнинг бошланғич нархи 20 миллион долларга баҳоланган эди. Аукционда у 40,5 миллион долларга сотилди.

1938 йилда ёзилган бу картинада таниқли рассом Мари Тереза Вальтер тасвирланган. Пикассо 17 ёшли Мари билан ишқий муносабатда бўлган.

Бундан аввал картина 1980 йилда ўтган аукционда 900 минг долларга сотилган эди. Уни бир нечта казино хўжайини бўлган Стив Винн харид қилган ва 1998 йилда картина MGM Resorts ширкатининг мулкига айланганди.

1959 йилда ёзилган икки метрли Homme Et Enfant картинаси эса 24 миллион 400 минг долларга сотилди. Мазкур картина Пикассо ижодидаги муҳим асарлардан бири ҳисобланади.

1881 йилнинг 25 октябрида Испаниянинг Малага шаҳрида туғилиб, 1973 йилнинг 8 апрелида Франциянинг Муженида 91 ёшида вафот этган Пабло Пикассо ХХ асрнинг энг машҳур рассомларидан биридир.

Татаристон депутатлари Москва ишлаб чиққан қонун лойиҳасига қарши овоз берди

Татаристон президенти Рустам Минниханов.

Татаристон парламенти Россия Давлат думаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Мазкур қонунда Татаристонда президент лавозимини бекор қилиш назарда тутилган.

Ўтган ойнинг охирида Давлат думаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида Россия таркибига кирувчи ҳудудларда президент ва маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг мақомини ўзгартириш ҳамда уларни “бошлиқ” деб аташ белгиланган.

2010 йилда қабул қилинган ҳудди шунга ўхшаш қонунга асосан Россия таркибига кирувчи миллий республикаларда президент лавозимлари бекор қилинган эди. Фақат Татаристондагина президент лавозими сақлаб қолинган.

Татаристон Давлат кенгаши аъзоси Альберт Хабибуллин 25 октябрда мазкур қонунга қарши парламентнинг 82 депутати овоз берганини билдирди. Депутатларга кўра, мазкур қонун лойиҳаси Россия Конституциясига зид келади.

Кобулда очликдан ўлган 8 нафар боланинг жасади топилди

Кобул манзараси.

Афғонистондаги этник ҳазарлар лидери ва парламентнинг собиқ депутати Муҳаммад Мўҳақиқ ўзининг Facebook саҳифасида Кобул ғарбидаги 13-округда 8 нафар чин етим бола очликдан ўлгани тўғрисида маълум қилди.

Унга кўра, очликдан ўлган болаларнинг жасадлари бундан уч ҳафта олдин топилган. Улар ўша ҳудуддаги қабристонга маҳаллий аҳоли томонидан дафн этилган.

Маҳаллий имом Муҳаммад Али Бамиани очликдан ўлган болалар ҳақида батафсил гапириб берди. Имомнинг айтишича, ўлган болаларнинг энг каттаси 8 ёшда, энг кичиги эса 1,5 ёшда бўлган.

“Улар чин етим бўлганлар. Уларнинг ота-онаси ўлиб кетган, яқин қариндошлари ҳам йўқ эди”,- деди етимларнинг жасадини топган имом.

Толибон ҳукумати ҳозирча мазкур хабар юзасидан муносабат билдирмади. Аввалроқ БМТ халқаро ҳамжамиятни Афғонистон жиддий гуманитар инқирозга юз тутаётгани ва оч қолаётган аҳоли сони кўпайиб бораётганидан огоҳлантирган эди.

Таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг отиб кетилганига 14 йил бўлди

Қирғизистонлик таниқли ўзбек журналисти Алишер Соипов Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум шахс томонидан намойишкорона отиб ўлдирилганига 14 йил тўлди.

26 ёшли Алишер Соиповга 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳрининг Масалиев кўчасида ўқ отилган эди. Орадан 14 йил ўтган бўлса-да, жиноятчилар ҳамон топилган эмас. Гувоҳлар Алишер Соиповга ўқ отган шахсни мобил телефонга суратга олишга улгуришган. Расмийлар Алишерга ўқ узган шахс Қирғизистон фуқароси бўлмаганини айтиб келади.

Тергов ҳужжатларида Алишер Сойипов журналистик фаолияти ортидан отиб ўлдирилгани тўғрисидаги таҳминлар қайд этилган.

2009 йилда собиқ ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўғантиев журналистга ўқ отган шахснинг кимлиги аниқлангани ва у террор гуруҳи аъзоси эканини билдирган. Бироқ 2010 йилда Алишернинг ўлимида айбланиб 20 йилга қамалган фуқаро айбсиз экани аниқланиб, озод этилган.

2019 йилда Алишер Соиповнинг қотилини излаб топиш бўйича жиноят иши қайта қўзғатилди. Бироқ шу кунгача ҳеч қандай натижаларга эришилмади.

Алишер Соипов Америка Овози, Озодлик, ВВС, Maшҳад радиолари, “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиб, Фарғона водийсидаги сиёсий, диний, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари мавзусидаги воқеаларни ёритиб келган.

Таҳлилчилар Алишернинг ўлимини унинг касбий фаолияти билан боғлашади. Буюртма қотиллик изи қўшни Ўзбекистонга бориб тақалиши мумкинлигини Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам рад этган эмас.

Суданда яна давлат тўнтариши юз берди, бир неча вазир ҳибсга олинди

Суданда жорий йил октябрида бўлиб ўтган норозилик чиқишларидан лавҳа

Судан ахборот вазирлиги бир неча вазир ҳамда иқтидордаги Суверен кенгаш аъзолари ҳибсга олинганини тасдиқлади. Уларнинг қаердалиги номаълум. Reuters агентлиги Суданда юз бераётган воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” деб атаган.

Судандаги ҳарбийлар ҳокимиятига мухолиф бўлмиш “Касаба уюшмалари иттифоқи” мамлакат аҳолисини кўчаларга чиқишга ва “ҳарбий тўнтариш”га қаршилик кўрсатишга чақирган.

Турли ОАВ хабарларига кўра, Судан бош вазири Абдулла Ҳамдок, шунингдек тўрт вазир ҳамда Суверен кенгашнинг фуқаровий вакили Муҳаммад Фекилар ҳибсга олинган, бош вазир уй қамоғида сақланмоқда.

Судан пойтахти Хартумнинг айрим туманларида интернет ўчирилган.

Суданда бундан олдинги ҳарбий тўнтариш 2019 йил апрель ойида юз берган: ўшанда ҳарбийлар мамлакатда ҳокимият улар тузган Кенгаш қўлига ўтганини, президент ал-Башир қамоққа олинганини маълум қилишган.

Шундан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, Конституциянинг амал қилиши тўхтатилган, ҳаво ҳудуди ва аэропортлар, чегаралар ёпилган. Ҳарбийлар икки йиллик ўтиш даврида Суданни улар тузган Кенгаш идора қилишини, сўнгра сайлов ўтказилишини эълон қилишган.

Суданликлар дастлаб давлат тўнтаришини ижобий қабул қилишган эди. Бироқ, икки ярим йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, ҳарбийлар ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга қайтаришга шошилмаяпти. Судан ўтиш даври Суверен кенгашининг ваколатлари тугаганидан сўнг ҳокимият ҳарбийлардан фуқаровий сиёсатчиларга берилишини талаб қилиб, қатор шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказилган.

Судан 1956 йилда мустақиллик эълон қилган бўлса, ўшандан бери мамлакатда олти марта ҳокимият ҳарбий тўнтариш натижасида алмашган. Шундан фақат икки мартасида ҳокимият тинч йўл билан топширилган. Ҳар бир тўнтариш чуқур иқтисодий таназзул ва сиёсий гуруҳларнинг ўзаро ихтилофлари манзарасида рўй берган.

АҚШ Давлат департаменти россияликларни “уйсиз миллатлар” тоифасига киритди

АҚШ Давлат департаменти иммиграция визаси олишга ариза берувчи россияликларни “уйсиз миллатлар” (homeless nations) сирасига қўшди. Ушбу тоифага Қўшма Штатлар билан консуллик алоқаларига эга бўлмаган, сиёсий вазият унчалик барқарор бўлмаган ёки IV тоифали виза бериш учун етарли консуллик таркиби бўлмаган мамлакатлар киради.

Мазкур рўйхатда Куба, Эритрея, Венесуэла, Эрон, Ливия, Сомали, Жанубий Судан, Сурия ва Ямандан иммиграция қилувчилар ҳам бор.

АҚШ россияликларни “уйсиз миллатлар” рўйхатига тиркаш билан бирга, Россиядан иммиграцияга кетишни хоҳловчиларга ҳужжатларни Польшадаги консуллик бўлими орқали беришни тавсия этган.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ўз телеграм-каналида АҚШ Давлат департаменти қарорини “Американинг ўз озодлик идеалларини яксон қилиши” деб атаган.

2021 йил баҳорида Россия АҚШ ва Чехияни Россияга нисбатан “дўстона бўлмаган хатти-ҳаракатлар”ни амалга оширувчи мамлакатлар рўйхатига киритиб, уларга ўз дипломатик миссияларида ишлаш учун россияликларни ёллашни таъқиқлаган эди. Бунинг ортидан АҚШнинг Россиядаги консулхонаси ходимлари сони қарийб 200 кишига қисқарган.

Американинг Россиядаги элчиси Жон Салливан ходимлар сони кескин камайгани туфайли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни батамом тўхтатиши мумкинлигини айтган.

Россия ўз фуқаролари ва учинчи мамлакатлар фуқароларини консуллик хизматларига ёллашни тақиқлашидан олдин ўн нафар америкалик дипломатни бадарға қилган ва саккиз нафар олий мартабали мулозимга РФга келишни ман этган. Бу АҚШнинг киберҳужумлар учун Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтиришига қарши жавоб чораси сифатида қўлланган.

Элчи: АҚШдан Ўзбекистонга яна қарийб 274 минг доза Pfizer вакцинаси олиб келиниши кутиляпти

Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 25 октябрь куни Pfizer вакцинасидан яна 273 минг 780 доза етказиб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мазкур вакцина партияси Кентуккидан йўлга чиқажагини билдирган ўзбек дипломати июль ойидан бери АҚШ Ўзбекистонга беғараз ёрдам ўлароқ 5 миллион доза вакцина йўллаганини қайд этган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда Ўзбекистонда вакцина захираси қарийб 35 миллион дозага етгани, бунинг 25 миллион дозадан кўпроғи эмлаш жараёнида қўллаб бўлингани ҳақида маълумот тарқатган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни жорий йилнинг апрель ойидан бошланган. Эмлаш жараёнида олти хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ), Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) ҳамда Sinovac (Хитой) вакциналаридир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG