Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

Тошкент ва Ашхобод маҳбус алмашади


5 декабр куни ўзбек сенаторлари “Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни маъқулладилар.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрида яшовчи Шавкат оға 2002 йилда Туркманистон қамоқхоналарида етти ойлик қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Шавкат оғанинг айтишича, агар Туркманистонда қўлга олинган ўзбекистонликлар ўз ватанларига қайтарилса, бу маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари учун айни муддао бўлади.

- Мени чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик айби билан ҳибсга олишди. Туркман қамоқхоналари жуда даҳшат... Чегара муаммоси туфайли қариндошларимдан бирортаси ҳам мендан хабар олиш учун Туркманистонга ўта олмаган. Агар Ўзбекистон фуқароси Туркманистонда қўлга олинса-ю, уни жазони ўташ учун ўз ватанига юборишса, бу албатта яхши. Жилла қурса, қариндош-уруғларинг қамоқхонага бориб, ҳолингдан хабар олиб туриш имконига эга бўлишади, дейди тўрткўллик Шавкат оға.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтказган мониторинг натижаларига кўра, кейинги бир йил мобайнида биргина Хоразм вилоятидан 36 нафар фуқаро туркман чегарачилари томонидан ҳибсга олиниб, узоқ муддатлb қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

“Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, агар Тошкент билан Ашхобод маҳбусларни алмашиш борасидаги қонунни амалга оширса, Туркманистон ҳибсхоналарида қолаётган юзлаб ўзбекистонликлар учун фойдали томонлари кўп бўлиши мумкин.

- Бу қонун қабул қилингани жуда яхши. Қонун йўлга қўйилса¸ ҳеч бўлмаса маҳбусларнинг қариндошлари¸ яқинлари бориб кўриши мумкин деб ўйлайман. Чунки ҳозирда Туркманистон давлатида ўз жазосини ўтаëтган фуқароларни на оила аъзолари кўриб билади¸ на яқинлари хабар олиши мумкин, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” мониторинги натижаларига кўра, Туркманистонда қўлга олинган ўзбекистонликларнинг асосий қисми, асосан, чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, Туркманистон қонунлари бўйича маъмурий жазога тортилиши лозим бўлган ҳолатларда ҳам Ўзбекистон фуқаролари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинаяпти.

- Масалан, хоразмлик Машарипов Ғулом билан Журъат Ҳасановлар наркотиклар билан айбланиб¸ 22 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин шундай жазога лойиқ Туркманистон фуқароси 10 йилга жазоланаяпти. Ўзбекистон фуқаросига 12 йил кўп бераяпти. Туркманистонда “Ўзбекларни фақат қамаш керак” деган нарса бор. Ўзбекларга улар 10-15-20 йиллаб қамоқ жазоси бериб юбораяпти. Шундай жиноятни содир қилган Туркманистон фуқаролари тезлик билан амнистияга тушаяпти. Ўзбекистонлик фуқароларни эса ҳимоя қилишга ҳеч кимнинг қурби етмай қолаяпти. Уларга нисбатан “дежурний” адвокатлар ёлланаяпти. Бу каби адвокатлар судяларнинг, полиция ходимларининг босими остида ҳеч қачон айбланувчи томоннинг ёнини олишмайди. Шунингдек, ўзбек фуқаролари туркман тилини билмаса-да, улар учун таржимонлар ёлланмайди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳайитбой Ёқубов расмий Тошкент хорижда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам йўлга қўйиши шарт, деб ҳисоблайди.

Туркманистон парламентининг собиқ депутати Холмурод Суюнов Тошкент ва Ашхободнинг маҳбусларни алмашиш борасида амалга ошираётган тадбирлари самарасиз, деган фикрни билдиради.

- Озодликда яшаётган одамларнинг ҳуқуқлари топталаётган мамлакатларда қамоқхоналардаги аҳволни яхшилашни талаб қилиш мутлақо ўринсиз. Мен бу қонунни умуман бирор фойдаси тегади, деб ўйламайман. Боиси бошқа мамлакатда ушланган маҳбусни аввал ўша жойда қийноққа тутишади. Кейин маҳбус иккинчи мамлакатга берилса, у ерда яна унга нисбатан қийноқ қўлланилади. Маҳбус алмашиш ҳақидаги қонунни қабул қилишдан аввал давлат чегаралари бўйича мукаммал қонун қабул қилиш шарт. Чунки қўшни мамлакатнинг фуқаролари, асосан, чегара билан боғлиқ ҳолатларда қўлга олинади. Шунинг учун аввало чегара масалаларини тартибга солиш лозим, дейди Холмурод Суюнов.

Ўзбекистон қамоқхоналарида Туркманистоннинг қанча фуқароси жазо муддатини ўтаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Шунингдек, Туркманистон ҳибсхоналаридаги ўзбекистонликлар сони ҳам аниқ эмас.

Туркманистон ҳукумати шу пайтгача мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар сонини ошкор қилмаган ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакилларининг бу қамоқхоналарга киришига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Жорий йилнинг 2 декабр куни Туркманистон президенти мамлакатда нишонланаётган миллий байрам “Бетарафлик” куни муносабати билан 4 мингга яқин маҳбусни амнистия қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Туркманистон телевидениесига кўра, амнистияга тушган маҳбуслар орасида хорижлик 19 шахс ҳам бор.

Жорий йилнинг сентябр ойида Қадр кечаси муносабати билан 1284 нафар туркман маҳбуси озод қилинган эди.

Жорий йилнинг 25 май куни эса туркман шоири Маҳтумқули таваллуди муносабати билан Туркманистон қамоқхоналаридан 1600 нафар маҳбус озод қилинди.

Бироқ бу амнистияларга узоқ муддатларга қамалган Ўзбекистон фуқаролари тушмади.
XS
SM
MD
LG