Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:47

Гуантанамодаги ўзбек тутқунига бошпана берилди


Ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида 210 маҳбус сақланмоқда.
Ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида 210 маҳбус сақланмоқда.

Швейцария ҳукумати Американинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган ўзбекистонлик маҳбусга бошпана берадиган бўлди. “Швейцария инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда Гуантанамо қамоқхонасида ушлаб турилган ўзбек фуқаросини қабул қилишга қарор қилди”, дейилган Ташқи ишлар вазирлиги расмий баённомасида.

Швейцария Федерал Адлия вазирилиги матбуот котиби Бригит Хаузер-Сюисс Озодлик саволларига жавоб берар экан, Швейцария ҳукумати Гуантанамодаги ўзбекистонлик маҳбусни гуманитар мақсадда ўз ҳимоясига олишга қарор қилганини айтди.

- Биз гуманитар анъаналарга эгамиз. Шу боис ҳимоямизга муҳтож бўлган қочқинлар ва шахсларни биз доим ўз ҳимоямизга оламиз, - деди Бригит Хаузер-Сюисс.

Адлия вазири Эвелин Видмер-Шлампфга кўра, Швейцария ўз ҳимоясига олишга қарор қилган Гуантанамодаги ўзбек маҳбуси терроризмга алоқадорликда гумон қилиниб, 2002 йилда Афғонистонда қўлга олинган.

Швейцария расмийлари август ойида у билан учрашиб суҳбат ўтказган. Мулоқот давомида унинг террор гуруҳларига алоқадорлиги аниқланмаган. Ўз навбатида АҚШ вакиллари ҳам у кенг жамоатчиликка таҳдид солмаслигини айтган.

Бригит Хаузер-Сюисс Швейцария ҳукумати Гуантанамо маҳбусларидан тўрт нафарининг ишини кўриб чиққани ва фақат ўзбекистонлик маҳбусни қабул қилишни афзал кўрганини айтди.

- Тўрт маҳбуснинг иши муҳокама қилинганида Женева расмийлари фақат ўзбекистонлик маҳбусни қабул қилишга қарор қилди,- дейди Швейцария Адлия вазирлиги расмийси.

Швейцария ҳукумати ўзбек маҳбусининг манфаатини кўзлаб унинг исми, ёши ва Ўзбекистоннинг қайси вилоятидан экани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмади. Бироқ Бригит Хаузер-Сюисс у бўйдоқ эканини айтди.

Гуантанамодаги ўзбек маҳбуси Швейцарияга қачон келади деган саволга Адлия вазирлиги расмийси, бу АҚШ Конгрессияга боғлиқ эканини айтди.

- Қачон келишини айта олмаймиз. Боиси АҚШ Конгресси унинг Швейцарияга келишига рухсат бериши керак. Конгресс қачон қарор қабул қилишини билмаймиз.

"Гуантанамодаги ўзбек маҳбуси Швейцарияга келса, у қайси шаҳарда яшайди ва нима билан шуғулланади?" деган саволга Бригит Хаузер-Сюисс уни Женева минтақасига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинганини айтди.

- Дастлаб, менимча, у француз тилини ўрганади. Чунки Женевада француз тилида сўзлашилади. Кейин у Швейцариядаги интеграциялашиш ташкилотига қатнайди. Шундан сўнг ўзига иш излаши мумкин. Маълумотларга кўра, у таом пиширишни яхши кўрар экан. Шу боис ошпаз бўлиш истагини билдирган, - дейди Швейцария Адлия вазирлиги расмийси Бригит Хаузер-Сюисс Озодликка берган интервюсида.

АҚШ 2001 йил охирида Афғонистонда ҳарбий амалиётлар бошлаганидан кейин ташкил этилган Гуантанамо қамоқхонаси инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан "ноқонуний", дея танқид қилиб келинди. Европа давлатлари Вашингтон расмийларини Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга чақирган.

АҚШ президенти Барак Обама ўзининг сайловолди кампанияси давомида Гуантанамо қамоқхонасини 2010 йил январигача ёпишни ваъда қилган. Яқинда Гуантанамони ёпиш муддати айрим сабабларга кўра 22 январга кечиктирилди.

Гуантанамони ёпишда Ғарб давлатлари Обамага ёрдам бериш учун маҳбусларга бошпана бермоқда. Швецариядан олдин Ирландия ҳукумати Гуантанамо қамоғида сақланган икки нафар ўзбек маҳбусига бошпана берган.

Америкалик адвокат Майкл Монга кўра, Гуантанамода ҳаммаси бўлиб тўрт нафар ўзбекистонлик маҳбус сақланган.

Улар Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шохрух Ҳамидовлардир. Америкалик адвокатга кўра, улардан терроризм билан боғлиқ барча айблов олиб ташланган.

Ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида 210 нафар маҳбус сақланмоқда. Айни пайтда, АҚШнинг Колорадо ва Монтана штатларидаги қамоқхоналар ҳам Гуантанамонинг айрим тутқинларини қабул қилиб олиш истагини билдирган.


XS
SM
MD
LG