Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Ўттиз беш одамнинг бири муҳожир


Меҳнат муҳожирлари пул топиш учун Россия бозорларида арава тортмоқдалар.
Меҳнат муҳожирлари пул топиш учун Россия бозорларида арава тортмоқдалар.

18 декабр-Халқаро муҳожирлар куни. 1990 йилнинг 18 декабрида БМТ Бош ассамблеяси барча меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияни қабул қилган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, бу мамлакатда ҳам муҳожирлар армияси пайдо бўлди.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “муҳожир” деган сўзга шундай таъриф берилган: “Ўз ватанидан кетиб, бошқа юртда яшовчи киши.”

Бошқа юртда яшашга сабаб бўладиган бир қанча омиллар бор. Биринчиси, мамлакатдаги ишсизлик, иқтисодий бўҳронлар, иккинчиси фуқаролик урушлари, учинчиси экологик фалокатлар ва тўртинчиси сиёсий ва диний қарашлари учун маҳаллий ҳукумат томонидан қилинадиган таъқиблар.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирлари саналади. Хўш, уларнинг сони қанча? Биз бу ҳақда маълумот олиш учун Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан боғландик. Вазирликнинг матбуот хизмати раҳбари Равшан Ибрагимовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг Жанубий Корея, Россия ҳукуматлари билан иш ўринлари яратиш ҳақида шартномалари бор ва айни пайтда Полшадаги йирик бир қурилиш компанияси билан ҳам шартнома имзоланган бўлиши мумкин.

Равшан Ибрагимов меҳнат муҳожирларининг сони қанча эканлиги ҳақида аниқ бир маълумот беролмаслигини, бу саволларга жавоб олиш учун мактуб орқали мурожаат қилишимиз мумкинлигини таъкидлади.

Москвадаги инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларни шундай тоифаларга бўлиш мумкин.

- Уларнинг кўпчилиги мажбуран иш ахтариб келганлар бўлса¸ иккинчиси бу Ўзбекистон ҳукуматидан тазйиқларга учраб¸ мажбуран чиқиб келганлар¸- дейди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти қурилишларда ва хусусий иш берувчилар қўлида ишлашади. Оила аъзоси билан кўчиб келиб ишлаётганлар ҳам анча. Россиядаги меҳнат муҳожирларининг сони бир неча миллионларни ташкил этади.

Баҳром Ҳамроев: Ҳозирги иқтисодий инқирозлардан кейин мутахассислар ҳам бунинг аниқ ҳисоб-китобига етмаяпти. Айтишимиз мумкинки¸ Ўзбекистон фуқаролари бошқа мамлакатлар фуқароларига нисбатан кўпчиликни ташкил қилади. Оғир ишларда асосан Ўзбекистон фуқаролари. Бу яққол кўзга ташланиб туради. Тахминан айтиш мумкин¸ тўрт миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари бор. Инқироз туфайли ишсиз қолиб Ўзбекистонга қайтганлар ҳам оз эмас.

Озодлик: Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари Россия қонунчилиги ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан қанчалик ҳимоя қилинмоқда?

- Қонунлар бор¸ бир нечта қонунлар бор. Лекин мен уларнинг Россия тарафидан ҳимоя қилинишини кўрмаганман. Ўзбекистон ҳукумати томонидан Россия ҳудудида юрган Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоя қилинганини ҳам кўрмаганман. Ўзбекистон фуқаролари оғир¸ мушкул ҳолатга тушиб қолганда ҳам Ўзбекистон элчихоналарига мурожаат қилганда уларнинг мурожаатлари жавобсиз қолиши аниқ¸ - дейди Баҳром Ҳамроев.

Москвада ишлаётган қўқонлик Муроджон ака 60 ёшга кирган. У ҳам ўз юртида ишсиз қолганидан меҳнат муҳожири бўлганлигини айтади.

Муроджон ака: Ноилож чиқиб кетдик бизлар. Нима қилайлик энди¸ иложимиз йўқ. Ҳамма ëқ етарли бўлса¸ ким чиқиб кетиб, сарсон бўлиб юради? Худога шукур қимирлаб турибмиз. Кўп бўлмаса ҳам оз бўлиб турибди.

Озодлик: Муҳожирлик қисмати қандай экан? Муҳожир бўлиш қийинми осонми?

Муроджон ака: Муҳожир бўлиш ҳозирги замонда қийинку. Ҳаракат қилмаса ҳеч нарса бўлмайди-да. Ҳамма нарса ҳаракатга боғлиқ. Қоринга дейсиз¸ уйга жўнатай дейсиз¸ камчилик дейсиз. Етишмовчиликлар кўп.

Озодлик: Қишда қоласизларми ëки қайтасизларми?

- Мен яқинда бориб келдим. Уйга бориб ўйлаб кўрсам¸ иложи йўқ. Яна қайтиб келдим. Хонадондагилар қўлимизга қараган. Бу ерда уч-тўрт танга жўнатиб ўшалар кунини ўтказиб турибди-да. Яхши ҳам шу ерлар бор экан. Шу ерларда саргардон бўлиб юрибмиз¸ - дейди Муроджон ака.

Муҳожирларнинг яна бир кўриниши бор. Булар сиёсий, диний қарашлари учун ўз мамлакатида таъқибга учраб, бошқа давлатлардан сиёсий бошпана олган муҳожирлар. Ўзбекистонлик шоир Холдор Вулқон ҳам шундай қисматни танлаганлардан бири.

- Менинг ҳижратга чиқишимга Ўзбекистонда олиб борилаëтган нодемократик¸ ғирром сиëсат сабаб бўлди, десам тўғрироқ бўлади. Каримов ҳукумати мухолифат билан муроса қилса¸ бугунги қаттол режим яратилмаган¸ минг-минглаб одамлар сиëсий ва диний радикализм айби билан қамоқда азоб-уқубатларга гирифтор бўлмаган бўларди. Ўшанда Каримовга ҳеч иим диктатор демаган бўларди. Мен шу йўлда индивидуал кураш олиб бориб¸ охири ватанда яшай олмай қолдим ва ҳижрат қилишга мажбур бўлдим¸ - дейди шоир Холдор Вулқон.

БМТнинг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар 35-одам муҳожир ҳисобланади, яъни у ўз мамлакатида яшамайди ва ишламайди.
XS
SM
MD
LG