Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:00

Тожикистон ўзбек гази импортини камайтиради


Тожикистон 2010 йилда Ўзбекистондан 250 миллион куб метр табиий газ импорт қилади. Тожикистон оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ҳали Душанбе ва Тошкент газ нархи бўйича бир қарорга келмаган.

“Тожиктрансгаз” ширкати масъули Шавкат Шоимовга кўра, янги йилда ўзбек газини Тожикистонга импорт қилиш ҳақидаги шартнома 2009 йилнинг 30 декабр куни Тошкентда имзоланди.

- Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, газ нархи жаҳон бозорида энергия манбалари қиймати қанча бўлишига боғлиқ бўлади. Кейинги йилнинг биринчи чорагида учун нарх эса январ ойининг бошида маълум бўлади, деди Шоимов.

Аввалроқ, аниқроғи, ўтган йилнинг 21-23 декабр кунлари Тошкентда 2010 йил учун табиий газ экспорти бўйича борилган ўзбек-тожик музокаралари натижасиз якунланганди. Ўшанда томонлар газ нархи бўйича келиша олмагандилар.

- Улар табиий газнинг ҳар минг куб метрини 170 доллардан этиб белгилашимизни сўрашди. Табиийки, биз бу нархга рози бўлмадик. Шартнома имзоланмади, деганди 24 декабр куни Озодликка интервю берган “Ўзтрансгаз”ширкат расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Ўзбекистон Тожикистонга экспорт қилинажак газ учун 240 доллар миқдорида нарх белгилаганди.

Айни пайтда, Қирғизистон бош вазири Данияр Усеновга кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга газ нархини бошқа қўшниларга нисбатан арзонроқ нархда беришга рози бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, Тошкент Бишкекка бу йил табиий газнинг ҳар минг куб метрини 220 АҚШ долларидан сотмоқчи. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг 2010 йилда Тожикистонга беражак гази ўтган йилдагидан кам бўлмаслиги тахмин қилиш мумкин.

2009 йилда Тожикистон Ўзбекистондан 550 миллион куб метр табиий газ олиш ҳақида шартнома имзолаганди. Бу йил мазкур кўрсаткичнинг 250 миллион куб метрга тушиб кетишини кузатувчилар икки давлат расмийлари ўртасида давом этаётган совуқ муносабатлар ҳосиласи ўлароқ баҳоламоқдалар.

Айни пайтда тожик расмийлари янги йилда импорт қилинажак ўзбек гази асосан мамлакатдаги стратегик объектларга берилишини айтмоқдалар.

- 2010 йил учун Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газ асосий қисми “Талко” алюминий ишлаб чиқариш ва маҳсулотининг катта қисмини Роғун тўғонига етказиб бераётган “Тожикцемент” корхоналарига тақсимлаб берилади, деганди аввалроқ “Тожиктрансгаз” ширкати расмийси Фаридун Муҳиддинов.

XS
SM
MD
LG