Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:10

Бир саволга 5 жавоб - Нега айнан бугун?


2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мустақил журналистларга тоқат қилинмаслигини аниқ-тиниқ билдирган эса-да¸ ҳозиргача мамлакатда саноқли мустақил журналист "жон сақлаб" келаëтган эди. Аммо ўтган ҳафта режим диққати уларга бурилди.

Ўтган ва жорий ҳафта давомида Ўзбекистондаги бир гуруҳ мустақил журналистлар Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, улардан тушунтириш хатлари ёздириб олинди. Уларнинг прокуратурага чақиртирилишига эса¸айтилишича¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматидан тушган материаллар асос бўлган.

Тошкентдаги аксарият мустақил журналистларнинг ҳар бирига Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Баҳром Нурматовдан деярли бир хил мазмунда қўнғироқ бўлган ва улар бирма-бир жаноб Нурматов билан суҳбатга "таклиф этилган". Прокурор Нурматов эса¸ журналистлар билан алоҳида ўтказган хушмуомала суҳбат давомида¸ асосан уларнинг журналистик фаолияти билан боғлиқ саволлар билан қизиққан.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеаларни бир гуруҳ террорчиларнинг ҳокимиятни ағдариш уриниши¸ дея баҳолаган Ўзбекистон ҳукумати¸ ўша кезларда мамлакатда фаолият олиб борган хориж оммавий ахборот воситалари мухбирларини ушбу террорчилик ҳаракатига бевосита дастак берганликда айблаган эди.

Бу айблов ортидан¸ Ўзбекистондаги барча хориж оммавий ахборот воситалари мухбирлик бюролари бирин-кетин ëпилди¸ мустақил журналистлар ë сургун қилинди¸ ëки улар овози ўчирилди. 2005 йил сўнггида қабул қилинган ҳукумат фармойиши эса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтмасдан туриб журналистик фаолият билан шуғулланишни жиноятга чиқарди.

Ўзбекистон конституцияси ва Тошкент қўл қўйган халқаро конвенцияларга тамоман зид бўлган бу фармойишдан сўнг¸ мамлакатда бармоқ билан санарли мустақил журналист қолди ва ўз фаолиятини у ëки бу кўринишда давом эттириб келди.

Аммо кутилмаганда ўтган ҳафта Мустақил журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши 2005 йилги ялпи "қирғин"дан беш йилча ўтиб¸ Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қолган саноқли мустақил журналистларни бирваракайига "эслаб" қолди ва улар билан махсус шуғулланишга киришди.

Хўш¸ Ўзбекистон МХХ си ва бошқа хавфсизлик идоралари Ўзбекистондаги сўнгги мустақил журналистлар фаолияти билан нега айнан бугун "яқиндан" қизиқиб қолди?

Бу савол билан ўтган ҳафта давомида Тошкент шаҳар прокуратурасига алоҳида суҳбатга чақиртирилиб¸ ўз фаолияти ҳақида тушунтириш ëзиб бериш сўралган журналистлардан тўрттаси ва улар фаолиятини Париждан туриб ҳимоя қилишга уринаëтган ташкилот вакилига мурожаат қилдик.

Сид Янишев
, мустақил журналист:

Сид Янишев
Мен бу ҳақда фақат тахмин қилишим мумкин. Менимча¸ ҳозир Ўзбекистон қонунчилигини мамлакатдаги мустақил журналистлар фаолиятини янада сиқувга олиш мақсадида кескинлаштириш жараëни бошланиш арафасида турибди. Бу ерда гап¸ албатта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аккредитациясисиз фаолиятини давом эттираëтган мустақил журналистлар ҳақда бормоқда. Шу мақсадда¸ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш амалиëти бўлгани каби¸ мамлакатдаги мустақил журналистлар ҳам айни шундай рўйхатга олинмоқда. Хавфсизлик хизматларида кимнинг устида қандай ишлаш¸ кимни қачон қаерга чақириш кераклиги ҳақида уларнинг ҳар бирига ҳужжатлар папкаси тўпланмоқда. Бу менинг кўз қарашим.

Аммо бу ҳақда бошқача изоҳ ҳам бор. Айрим ҳамкасбларимнинг тахминича¸ хориж матбуотида Ўзбекистондаги Россия ва АҚШ элчихоналари йил якунлари бўйича журналистларни тақдирлаганига оид хабар тарқагач¸ Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қолган сўнгги мустақил журналистларни эслаб қолди. Бу хабарларда¸ хусусан АҚШ элчихонаси томонидан Ўзбекистондаги айнан мустақил журналистларнинг тақдирлангани айтилди. Афтидан ¸"Бу қанақаси¸ ҳалиям Ўзбекистонда мустақил журналист борми¸ улар бизнинг рухсатимизсиз ҳалиям бемалол ишини давом эттираяптими¸ яъни мамлакатимизни бемалол қоралаб юрибдими¸ бунисиям етмагандек¸ улар ҳали бу иши учун мукофот ҳам олаяптими?"¸ деган маънода бу хабар ҳукуматдорлар нафсониятига қаттиқ теккан кўринад. Аммо бу менинг эмас¸ баъзи ҳамкасбларим тахмини.


Алексей Волосевич¸Москвадаги мустақил Фергана.ру ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири:

Алексей Волосевич
Ҳар сафар¸ нимадир бошланар экан¸ ўша вақт нуқтаи назаридан бу ҳамиша бугун содир бўлади. Яъники¸ мустақил журналистларнинг бугун сўроққа чақиртирилиши билан¸ масалан Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилиниши ўртасида бевосита алоқадорлик бўлмаслиги мумкин. Айни пайтда¸ бундай алоқадорликни инкор ҳам этиб бўлмайди. Зотан 2009 йил октябрида санкцияларнинг бекор қилиниши Европа иттифоқи Ўзбекистонда бўлаëтган жараëнларнинг барига нисбатан кўзини маҳкам юмади¸ деганидир.

Мен шу ўринда Ўзбекистондаги мустақил журналистларга нисбатан босим кўрсатишнинг 2005 йилдан бери сурункали ва фаол давом этиб келаëтганини таъкидламоқчиман. 2005 йилдан бери мамлакатдаги мустақил журналистлар сони секин-аста камайиб борди. Ўзбекистон ҳукумати бу жараëнни айнан секин-аста¸ бирданига кўп сонли мустақил журналистларга босим қилиш билан халқаро ҳамжамият назарига тушмаслик учун¸ кўздан панада амалга ошириб келди. Бир-икки мустақил журналист қамалиб¸ яна бир-иккитаси хорижга кетишга мажбур қилинса¸ яна шунчасининг оғзи ëпилса¸ бу халқаро майдонда жуда катта шов-шувга сабаб бўлмаслигини тошкентдагилар яхши билади. Шу маънода¸ халқаро жамоатчилик кўзидан панада мустақил журналистларни сиқувга олиш жараëни Ўзбекистонда тўхтовсиз давом этиб келаëтган эди.

Энди тўсатдан қолган журналистлар барининг бирваракайига прокуратурага чақиртирилиши ортида нима борлигига келсак¸ бунга ҳеч ақлим етмай турибди. Зотан¸ Ўзбекистондаги ҳукмрон тизимлар ҳатти-ҳаракатларидан қандайдир мантиқ қидиришнинг ўзи¸ баъзан мантиқсиздек туюлади менга. Мен ўзим кўп дуч келганим бундай тизимларда ахмоқгарчилик¸ малакасизлик ва маразм ҳукм сураяпти¸ деб айтишдан қўрқмайман. Бу тизимлардаги кадрлар даражасини ҳалокатли¸ дейишдан бошқа сўз тополмайман. Масалан¸ фото ва видеотасвирчи Умида Аҳмедова суратлари ва ҳужжатли филмларини ўзбек аëли¸ ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат деб баҳолаган экспертиза хулосаси ахмоқгарчиликдан ўзга нарса эмас. Шунга қарамай¸ бориб турган ахмоқчилик кенг тарғиб қилинаяпти ва ҳатто жиноий ишга асос қилиб олиняпти. Ҳозир биз билан ҳам айни шундай жараëн бораяпти шекилли¸ деб тахмин қилаяпман.


Малик Бобоев¸ "Америка овози" радиосининг Ўзбекистондаги мухбири:

Малик Бобоев
Нимага айнан бугун? Масалан¸биз шу кунгача ҳуқуқ ҳимоячилари бўйича биринчи¸ иккинчи¸ учинчисини кузатиб келдик. Секин-аста журналистларга навбат келаяпти. Менинг назаримда¸ шу пайтгача ҳужжат йиғилган. Кейин фуқаровий жамиятини сал-пал босимда ушлаб туриш учун барибир журналистларга навбат келиши керак эди. Айнан мустақил равишда ишлаëтган журналистларга навбат келиши керак эди. Навбат келди. Бу эртами-кечми бўладиган нарса эди¸ демоқчиман. Биринчи навбатда қўрқитиб қўйиш ëки огоҳлантириб қўйиш. Яъни “Биламиз сизлар ишлаяпсизлар. Назоратдан четда эмассизлар. Ҳар ҳолда сизларга дело бор” демоқчими¸ “Фаолиятларингиз назорат остида” демоқчими.

Мен суҳбатга бормадим. Мен борган куни¸ аслида чақирув қоғози келса¸ бораман деб турган эдим. Хуллас бир четида турар экан. Ишга ҳам қўл бормайди. Шу бирданига ҳаммасини узил-кесил қилиш учун борган эдим. Афсус¸ ҳалиги одам йўқ экан. Норматов йўқ экан. “Мен нима учун аккредитациясиз ишлаяпман” деган маънода тушунтириш хати ташлаб келдим. “Америка овози”да ишлаëтганим ҳақида ëздим. Аккредитация учун ариза берганимизни ëздим. Аммо ҳеч қанақа жавоб бўлмагани учун ишлашда давом этаëтганимни ëздим.



Ҳусниддин Қутбиддинов, мустақил журналист:

Ҳусниддин Қутбиддинов
Аслида прокуратурада бўлиб ўтган суҳбат давомида ва у ерда прокурор бизга ўзининг олдида ушлаб турган қоғозларга қараб ўқиб-ўқиб берган айрим саволларга келиб чиқиб жавоб берадиган бўлсак¸ аслида бугун эмас у қизиқиш анча аввалроқ бошланган ва анчадан бери олиб борилган кузатувларнинг ëки изланишларнинг якуни ўлароқ бугун бизни чақиртиришган. Бугун айнан сиз билан гаплашиш учун ëки сиз ҳақингизда ниманидир сизга кўрсатиш учун етарли маълумотга эгамиз¸ деган хулосага суяниб бугун гаплашаяпти¸ деб ўйлайман. Чунки у ерда келтирилган жуда кўп важлар¸ иддаолардан шундай хулоса бўлаяптики¸ кузатув кечаги¸ бугунги ëки бир-икки соат аввалги эмас. Бу чақирув бир ярим-икки йиллик кузатувларга таянган ҳолда қилинаяпти.

Нима учун айнан бугунлиги биз учун ҳам қоронғи. Ўша кузатув¸ дейлик¸ яна бирор йил ëки бирор ой давом этмади. Янги йилнинг биринчи кунида бизга қизиқиш пайдо бўлгани ëки бизни суҳбатга чақиргани биз учун ҳам қоронғи. Афтидан¸ тепароқдами ëки ўртароқдами¸ кимдир ëки кимлардир “Бўлди¸ бу нарсага нуқта қўйиш вақти келди” деган хулосага келгандир ëки “Қачондир бу нарсага нуқта қўйиш керак. Шу нуқта учун замин яратинглар” дегандир. Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Бу ўзимиз учун ҳам кутилмаганда рўй берган нарса. Ўша куни ўзимиз ҳам маълум маънода саросимада бўлдик. Нимага айнан ҳозир битта-битталаб эмас¸ ҳаммамизни бирданига чақирди ва суҳбатни бундай даражада эркин тарзда олиб бориб юмшоқлик билан гаплашиш назарда тутилди? Нима учун шунча нарсаларга эга бўлиб туриб¸ аввалроқ бу нарса қилинмадида¸ айнан шу пайт қилинди? Биз учун ҳам қоронғи бу нарса. Афтидан бу Ўзбекистондаги бошқарувнинг кайфияти билан боғлиқда. Яъни кўнгли тусаб қолса¸ бугун шу нарсани қилиб юборди¸ кўнгли тусаса¸ бугун эмас эртага қилади шу нарсани. Улар истаган дақиқа¸ истаган давр¸ истаган соатда одамни чақириб¸ унга истаган айбловни қўйиш имкониятини яратиб берадиган давр бўлиб қолди шекиллида. Шунақа хулосага эгаман мен.


Элза Видал¸ қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси:

Элза Видал
Ўзбекистонда одатан журналистларга нисбатан таъқиб, уларни прокуратурага чақиртиришдан бошланади ва шу билан тўхтаб қолмайди.

Бизнинг фикримизча, бу дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан қўллаётган муросавий қарорларининг ва бу ҳукумат билан олиб борилаётган мулоқотнинг маҳсулидир. Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда бўлаётган воқеаларни ёритаётган сўнгги журналистларнинг таъқиб этилиши жазосиз қолишини англаб етмоқда ва сўнгги мустақил журналистларнинг оғзини ёпишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан қандай сиёсат юритаётгани борасида яна бир бор ўйлаб кўриши керак.

Менинг фикримча, ўтган йилги ПиАр акциялари натижасида Ўзбекистонга ишончли ҳамкор сифатида қарай бошлаган ҳалқаро ҳамжамият вакиллари бу режимнинг Марказий Осиёдаги энг қаттиққўл диктатура эканини англаши керак. Биз тобора кучайиб бораётган бу жараённинг тўхтатилишини хоҳлаймиз. Лекин бу борада мен некбин фикр билдиролмайман.

Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз:

Хўш¸ Ўзбекистон МХХ си ва бошқа хавфсизлик идоралари Ўзбекистондаги сўнгги мустақил журналистлар фаолияти билан нега айнан бугун "яқиндан" қизиқиб қолди?

Бу борадаги мулоҳазаларингизни бизга йўлланг.

XS
SM
MD
LG