Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

30-йиллар қатағонини эслатувчи тақриз


2009 йил охирида очилган жиноий ишга Умида Аҳмедованинг 2006 йили чоп этилган "Аëл ва эркак:саҳардан шомга қадар" деб номланган суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми асос қилиб олинмоқда.
2009 йил охирида очилган жиноий ишга Умида Аҳмедованинг 2006 йили чоп этилган "Аëл ва эркак:саҳардан шомга қадар" деб номланган суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми асос қилиб олинмоқда.

Ўзбек аëллари орасидан чиққан илк оператор ва фототасвирчи Умида Аҳмедовани жиноятчига чиқаришга уринаëтган хавфсизлик идоралари НКВД дан қолган усулни қайта ишга солдилар ва "эксперт" деб аталган одамларга Аҳмедовага қарши коллектив тақриз ëздирдилар.

Горбачëв ҳуррияти даврида Ўзбекистондаги КГБ архивлари очилиб юрт ойдинлари¸ шоир ва ëзувчилари устидан ëзилган чақувлар ошкор бўлган эди.

КГБ ҳужжатлари асосида ëзувчи Набижон Боқий ўзининг “Қатлнома” китобида Қодирий¸ Фитрат ва Мунаввар қорилар устидан ëзилган коллектив тақризни келтиради.

С.Ҳусаинов¸ Н.Охундий¸ Олим Шарофутдинов, Ғ.Ғулом имзо чеккан бу тақриз асосида Қодирий ва Фитратлар отувга ҳукм қилинди.

Орадан 70 йилдан кўп вақт ўтди. Қодирийлар оқланди¸Тошкентдаги бир кўча номи Фитрат деб аталди.

Бугун айнан ана шу Фитрат кўчасидаги Ички ишлар терговхонасида худди 70 йил олдингидай сўроқ-савол давом этмоқда.

Терговчи столи устида эса айбланувчига қарши ëзилган коллектив тақриз турибди.

Сен ўз фотоларингда ўзбек халқини ваҳший қилиб кўрсатдинг¸ деб ўшқирмоқда терговчи.

Ўзбек халқини ҳақорат қилди¸ дея тергов қилинаëтган айбланувчи ўзбек аëллари ичидан етишиб чиққан илк кинотасвирчи Умида Аҳмедовадир.

Прокуратура учун жиноий иш очишга асос бўлган тақриз муаллифлари номи унинг сўнгги бетида келтирилган.
Ўзбек жамиятининг турли қатлами вакиллари имзо чеккан бу тақриз нусхаси Озодлик радиосига етиб келди

Бу ҳужжат комплекс экпертиза юзасидан хулоса деб аталган.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятлар бўйича терговчиси Мусаев 2009 йилнинг 5 август куни кинотасвирчи Умида Аҳмедовага оид филм ва фотосуратларга тақриз ëзиш қарорига имзо чекади.

Ана шундан экспертиза хулосаси деб айтилган ҳужжат яратилади.

Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ)нинг руҳшунос олимлари Расулева Р.¸ Ҳикматуллаева Р.¸ Дин ишлари қўмитасидан Шарипов С. ва Шковородюк О.¸ Маънавият марказидан эса Гафарова З.¸ Тарғибот ва маънавият марказидан Нарзуллаев Г. ҳамда Акмалов А. имзо чеккан бу ҳужжат асосида кинотасвирчи Умида Аҳмедовага Ўзбекистон жазо қонунининг 139 ва 140-моддалари (туҳмат ва ҳақорат) бўйича жиноят иши очилди.

Терговнинг илк палласида Аҳмедовани сўроқ қилган Нодир Аҳмаджонов учун бу асосли ҳужжат бўлди.

Коллектив тақризда қораланган суратлардан бири.
Бу ҳужжатдан иқтибос келтирамиз.

“Фотоларнинг 95 фоизи чекка қолоқ қишлоқларда олинган ва уларда ҳаëтнинг фақат оғир машаққатли жиҳатлари акс этади. Жумладан юзини бекитиб йиғлаëтган¸ тоғорада хашак кўтариб олган¸ томга чиқиб супураëтган қишлоқлик аëллар портретини кўриб шунга тўлиқ ишонч ҳосил қиламиз”.

Хулоса муаллифларига кўра¸ Аҳмедова ўзбек халқининг тўқ ва фаровон турмушини эмас балки фақат ëмон тарафларини суратга олади. Яна иқтибос.

“Муаллиф фаррошларни суратга олишни севади. Гўëки шаҳарларда аëллар фаррошликдан бошқа ишга ярамайди. Боши хам бўлиб мижоз кутаëтган гилам сотувчи¸ ҳайкалга суяниб ухлаб қолган кўча дайдиси¸ пинакка кетган кўча дайдиси¸ тиламчилик қилаëтган кампир расмини кўрган киши ўзбек халқи машаққатдан бошқа нарсани кўрмабди деган фикрга келади”.

Тақризчиларга фаррош аëлнинг бу сурати ҳам ҳақорат туюлибди.
Хуллас¸ етти киши имзо чеккан саккиз варақлик ҳужжатдан чиқадиган хулоса ягона -Умида Аҳмедова ўз халқини ваҳший қилиб кўрсатган.

Наҳотки фотоаппарат ойнаси йўқни бор қила олса?

Ҳужжатга имзо чеккан олимлар ишлайдиган Низомий номли ТДПУ психология факултети декани Нуриддин Сафаевнинг айтишича¸ бу икки олима мунтазам тарзда бундай хулосалар бериб боришади. Киноларнинг идрок остига таъсирини улар таҳлил қилишади¸ дейди Сафаев.

- Бор шунақа нарсалар. 25-кадр дейди¸ бошқа дейди. У асосан одамларнинг онгига таъсир қилади¸ дейди Сафаев.

Сафаев хулоса берган психологлар фикрига таъсир қила олмаслигини билдирди.

Ўзбекистонлик журналист Шароф Убайдуллаевга кўра¸ улар ҳужжатга ўз ихтиëрлари билан қўл қўйишмаган.

- Бунақа хулосаларга одамлар ўқимай ҳам қўл қўяди. Чунки хулоса ясаш керак бўлса¸ тепадан “Танишиб чиқиб фикрингизни айтинг” деган гап эмас¸ “Бунга қўл қўйгин” деган топшириқ бўлади. Кўпи асосан СНБдан чиқади. СНБ нинг махсус бир бўлими борку¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Аммо Ўзбекистон маънавият марказидаги мулозим бундай фотосурат ва киноларга нисбатан ўз нуқтаи-назарини яширмади.

- Менинг фикрим¸ бунақа филмнинг салбий таъсири ҳам борда.

Озодлик: Кимларга? Ëшларга салбий таъсири борми?

- Ëшларга салбий таъсири борда буни. Бокира чиқса¸ бокира чиқмаса¸ эртага бу миясига ўрнашиб қолиб¸ бокира қизлар тўғрисида ҳам бошқа маънога кетиб қолиши мумкин. Эртага уйланишдан олдин қизларни бебурд қилиб ташлаб кетиш деган нарсаларга ҳам олиб келадида¸ дейди Ўзбекистон маънавият марказидаги мулозим.

Хулоса остига жимжимадор имзо чеккан дин қўмитаси вакили эса саволимизни эшитдию уни инобатга олмасликни маъқул кўрди.

Умида Аҳмедова асарларини яхши биладиган тошкентлик рассом Бобур Исмоилов назарида фотоаппарат ойнасида акс этган борлиқни туҳмат деб баҳолаш абсурд ҳолатдир.

- Мен Умиданинг ижодини биламан. Мен ўз кўзим билан кўрган ишларнинг орасида унақа нарсани ҳеч кўрмаганман. Ишлари менга ëқади. Ижодкор одам. Репортажный фотография дегани бор. Қўлингизда фотоаппарат билан бозорга тушасиз. Бор нарсани расмга оласиз¸ дейди Бобур Исмоилов.

Ëзувчи Олим Отахон эса бундай хулоса ëзилишини шармандалик деб атади.

- Мен авваламбор бу жиноят иши очилишининг ўзини бутун инсониятга¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш¸ демократияга¸ келажаги буюк деб ҳисобланган ўзбек халқининг кейинги фаолиятларига ҳақорат деб биламан. Чунки санъат асари ҳеч қачон жиноий ишлар учун дастур¸ жиноий иш қўзғатиш учун манба бўла олмаган ва бўла олмайди. Абдулла Қодирийни бир вақтлари миллатчи дейиш учун қанақадир Тошкентдаги ва Фарғона вилоятидаги боëнлар¸ савдогар типидаги оилалар ҳаëтини кўрсатиш асос қилинган¸ аслида бу миллатчилик эмас эди. Худди шунга ўхшаб Умида Аҳемдова шундай бир ишга қўл урибди¸ буни табриклаш керак. Бадиий асарда сўзда ифодалаб бериш мумкин бўлмаган¸ куйда ифодалаб бериш мумкин бўлмаган нарсалар бор. Рассомчиликда мўйқалам билан ифода этиш мумкин бўлмаган ҳаëт лаҳзаларини фото техникаси воситаси ëрдамида суратга олиб¸ санъат асари яратиш мумкин ва яратилиши керак. Дунëдаги қолоқ давлатларда ҳам бу ривожланиш фазасига кирган.

Бунга жиноий иш очилишига дастур бўладиган хат ëзганлар психолог Ҳикматуллаева¸ Расуловалар санъат нималигини¸ санъатда инсонпарварлик¸ одамийлик нималигини умуман билмайди. Бутун халқ уларни қарғаши керак. Улар¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ қарғашга лойиқ ишларни қилишибди. Диний ишлар қўмитасида Шарипов деган одамлар борми ëки йўқми билмайман. Ўзбекнинг маънавияти учун ким жавоб беради? Бунга Диний ишлар қўмитасидаги иккита одам жавоб бермайди. Халқ жавоб беради. Бу чизилган бўлса¸ чизиб алдаган бўлса¸ унақа одамлар бўлмаса¸ унда бошқа масала эди. Мен ҳам санъатнинг шу тури ривожланишини хоҳлардим. Шу лаҳзаларда халқнинг ҳаëтини қанақа ëмон томондан кўраëтган бўлса¸ яхши томондан кўрсатадиганлари марҳамат. Бир пайтлар 1937 йилда яхши томонидан кўрсатадиганлари кўкракларини кериб¸ калта труси¸ оқ майкада байроқ кўтариб юрган олимпиада қаҳрамонлари саналган аëлларни документацияда кўп кўрганмиз. Шуларга ўхшаб байроқ кўтариб чиқиб аëлларимиз спорт билан шуғулланаяпти¸ аëлларимиз Зулфия мукофотини олаяпти. Шуни ифода этадиган рассомлар чиқсин. Чиқсин фотографлар¸ олсин. Нима айби бор бунинг? Фото билан олибдику. Бу санъат асарига айланган ҳаëтнинг лаҳзаларику.

Мен ўзим ҳар куни Эски шаҳарга бораман. Эски шаҳарликман ўзим. Бозорда юрган кир-чир кампирлар¸ эзилаëтган¸ йиғлаëтган¸ 1792 йилда Францияда қандай аҳволда бўлган бўлса аëллар¸ худди шундай аҳволда тишлари тушиб кетган¸ сочлари тўкилган¸ ëш қариб қолган қизлар¸ тиланчилик қилаëтган кампирлар¸ масжиднинг¸ қабристоннинг олдидаги аëллар¸ эҳҳеее. Улар нафақалар тилаб эмас¸ улар меҳнат қилиб¸ сигарет сотиб кун кўриб юришибди. Шундай гўзал аëллар. Мен уларнинг жуда кўпи билан суҳбат қилганман.

Ўзбек урф-одатларидаги чимилдиқ¸ гўшанга сири. Ҳеч қанақа сир йўқ. Ҳар битта эркак чимилдиқ кўради. Қанақасига бу сир бўлади? Ҳаммага аëн сир бўлиши мумкинми? Ҳаммамиз чимилдиқни кўрганмиз ва бундан кейин ҳам кўрадилар. Мана шу Шарипов деганнинг ўзи чимилдиқ кўрмаганми? Демак¸ чимилдиқда бўлмаган. Чимилдиқни кўрмаган булар. Чимилдиқни ҳамма кўради¸ ҳамма кўрган нарса сир бўлмайди.

Менталитет. Нима қилибди менталитет? Суратга олаяпти. Халқимизда ҳар кун 50-1000 талаб бўладиган тўй-ҳашам қанақасига сир бўлиши мумкин? Битта муштипар аëл суратга олиб¸ бадиий асар даражасига кўтариш учун фотография билан шуғулланаяптику. Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий “Бой ила хизматчи” да айтгани каби “Қачонгача бойларга зулм пичоғини қайраб берамиз?” Булар зулм пичоғини қайраб бераяптику.

Мен аниқ биламан прокуратурадан¸ бошқа органлардан ҳеч ким санъат асарини анализ қилиб бера олмайди. Абсолют тушунмайди десам хато бўлади¸ лекин улар таҳлил қилиб бера олмайди. Ўзинг фотоаппаратни қўлингга олиб бор¸ халқнинг ичидаги ëрқин лаҳзаларни бизга шундай кўрсатгинки¸ биз шунга эргашиб кетайлик. Ҳеч қанақа жиноий иш йўқ Умида Аҳмедова олган расмларда. Мен буни келажаги буюк ўзбек халқининг обрўсини туширишга уриниш деб биламан. Демократия учун кетаëтган жамиятда яшаëтган халқни шу жамиятга қарши ғазабини қўзғашга уриниш деб биламан. Провокация бу¸ дейди Олим Отахон.

Олим Отахон назарида бу хулоса Ўзбекистондаги ўзгармаган сиëсий вазиятни фош қилувчи ҳужжатдир.
XS
SM
MD
LG