Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:03

Тожикистонда сайлов ташвиқотига старт берилди


Тожикистондаги сайлов участкаларидан бири.
Тожикистондаги сайлов участкаларидан бири.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат сиёсий партияларига парламент сайловлари олдидан тарғибот ишларини бошлашга расман рухсат берди.

Марказий сайлов комиссияси расмийси Муҳибулло Додожонов партиялар ва мустақил номзодлар сайловолди тарғибот ишларида мамлакат жорий қонунларига биноан радио, телевидение ва газеталаридан текин фойдаланишлари мумкинлигини билдирди.

- Мустақил номзодларга радио ва телевидение орқали тарғиботга 15 дақиқа берилади, сиёсий партияларга эса ярим соат ўз дастурларини тарғиб қилиш ҳуқуқи берилган. Расмий нашрлар саҳифаларида эса улар 8-ўлчамдаги шрифт билан 8 саҳифа мақола чоп қилишлари мумкин. Шунингдек, плакатлар, расмлар ва видеолавҳалар, роликлар учун ҳар бир партияга давлат бюджетидан 6 минг сомоний (тахминан 1370 АҚШ доллари - таҳр.) ва ҳар бир мустақил номзод учун эса 1000 сомоний( 227 доллар – таҳр.) миқдорида маблағ ажратилади, деди Тожикистон Марказий сайлов комиссияси вакили Муҳибулло Додожонов.

Тожикистонда сайловолди тарғибот ишларини бошлаш учун 21 январдан расман рухсат берилган бўлса-да, ҳозирча сайловолди тарғиботи бошлангани кузатилмаяпти. Чунки Тожикистон давлат телевидение ва радиолари ҳамда расмий матбуот кеча-кундуз Роғун акцияларини тарғиб қилиш билан банд бўлиб қолмоқда.

- Телевизорда фақат Роғун ва Роғун акциялари реклама қилинаяпти. Ҳозиргача бирорта депутат бўлмишни кўрганимиз йўқ, улардан бирортасини ҳам танимаймиз. Улар кимлар, нима ишлар қилишмоқчи - бизга қоронғу, дейди Шаҳринав туманида яшовчи Холдона.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - Ваҳдат туманида истиқомат қиладиган Саодат бу гапларни қувватлар экан, сайловолди ташвиқот ишларидан аҳолининг хабарсиз қолишига бир томондан республикада электрга белгиланган чеклов ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

- Ҳозир энди аввалгига қараганда кўпроқ свет беришаяпти, масалан, аввалги икки соат ўрнига уч , баъзида уч ярим соат свет берилаяпти-ю, лекин улгурмаяпмиз. Шунинг учун ҳозирча сайлов рекламаларини кўрганимиз йўқ, дейди Саодат.

Шу тариқа сайловчилар 28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловларига тайёргарлик ишлари, унда илгари сурилган номзодлар кимлар эканидан деярли хабарсиз қолишмоқда экан.

Аснода депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар вакиллари тарғибот ишларини етарлича олиб боришларида айрим тўсиқлар бўлаётганидан норозилик билдиришмоқда.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси ўринбосари ва шу партиядан депутатликка номзод Исмоил Талбаков тарғибот ва ташвиқот ишларининг кўнгилдагидек йўлга қўйилишига кўпроқ молиявий масала монеълик қилаётганини айтади.

- Республикадаги 3600 сайлов участкасини айланиб чиқиш учун камида 5-10 тонна бензин керак бўлади. Плакат, ролик ва видеолавҳалар тайёрлаш учун эса камида 15 минг сомоний (тақрибан 3417 доллар – таҳр.) керак. Давлат бюджетидан тарғибот ишлари учун ажратилган маблағлар сайловолди тарғибот ишлари учун умуман етмайди, дейди Коммунистик партия расмийси.

Айни пайтда айрим сиёсий партиялар вакиллари бу йилги сиёсий тадбирда тарғибот ишларининг замонавий усулларини йўлга қўймоқчи бўлаётганларини айтмоқдалар.

- Бу галги сайловда партиямиз ва биз томондан илгари сурилган номзодлар дастурларини сайловчилар орасида тарғиб қилиш учун мингдан ортиқ кўнгиллилар тайёрлаганмиз. Улар шаҳар ва туман кўчаларида омма орасида тарғибот ишлари олиб боришмоқда, дер экан Ислом уйғониш партиясининг сайлов штаби раиси Шамсиддин Саидов тарғибот ишларининг янги усулларига батафсил тўхталмади.

Шунингдек, мухолиф партия саналмиш Тожикистон Социал-демократик партияси вакиллари ҳам ўз дастурларини тарғиб қилишнинг янги усулларини ишлаб чиққанини айтмоқдалар. Бироқ мазкур партия расмийлари ҳам ташвиқотнинг янги усуллари ҳақида тафсилотларга тўхталишдан тийилдилар.

Тожикистонда парламент сайловлари шу йилнинг 28 февралида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, тарғибот ишлари сайловдан бир кун аввал, яъни 27 феврал куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG