Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:06

Каримов АҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи


АҚШ-Ўзбекистон муносабатларидаги оҳангни¸ энди Оқ уй эмас¸ балки Оқсарой хўжайини белгиламоқда.
АҚШ-Ўзбекистон муносабатларидаги оҳангни¸ энди Оқ уй эмас¸ балки Оқсарой хўжайини белгиламоқда.

Ўзбекистон президентининг "2010 йилда Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ҳаракатлар режасини амалга ошириш чоралари тўғрисида"ги қарори 11 январ куни имзолангани 28 январ куни маълум бўлди.

Қарор муқаддимасида айтилишича, у “Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида 2002 йилнинг 12 мартида имзоланган стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ва ҳукуматлараро ҳамда идоралараро келишувларни амалга ошириш мақсадида” имзоланган.

Президент қарорига 5 бобдан иборат Ҳаракатлар режаси ҳам илова қилинган.

Режага кўра, Тошкент Вашингтон билан сиёсий, хавфсизлик, иқтисодиёт, гуманитар ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш соҳаларида ҳамкорлик қилмоқчи.

Режанинг 5 бобида ҳаммаси бўлиб 31 чора белгилаб қўйилган. Уларни амалга ошириш масъулияти турли вазирлик ва идоралар зиммасига юклатилган.

Мана, режалаштирилган 31 чорадан баъзилари:

Тошкент сиёсий соҳада - Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда ўтадиган саммитида АҚШ вакиллари иштирокини таъминлашга ҳаракат қилади;

хавфсизлик соҳасида – ўзбекистонлик зобитларни АҚШ ҳарбий ўқув юртларида ўқитишни уюштиради;

гуманитар соҳада – АҚШ олий ўқув юртларидан бирининг филиалини Ўзбекистонда очади;

ва ҳоказо.

Биз таҳлилчилардан Ўзбекистон президенти қарори ва унга илова қилинган Ҳаракат режаси юзасидан фикрларини сўрадик.

Ҳар қандай давлат у ёки бу давлат билан алоқаларини муайян режа билан ривожлантириши табиий ва шундай режа қандайдир кўринишда бўлиши мумкин.

Лекин Ўзбекистон президентининг Тошкент – Вашингтон алоқалари юзасидан махсус қарор қабул қилгани сал ғалатироқ туюлди.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов бу хусусдаги саволимизга жавобан бундай деди:

- Аслида Ўзбекистон бирор бир катта давлатга умид боғлаëтганда ëки у билан муносабатларни чиндан ҳам юқори даражага кўтармоқчи бўлганлиги тўғрисида сигнал бераëтган пайтда мана шундай ҳаракат дастури қабул қилади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Озод Европа/Озодлик радиоси шарҳловчиси Брюс Панниэр давлатлараро муносабатларда Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга ўхшаш ҳужжатга кўзи тушмаганини айтар экан, мана бундай деди:

-Бундай ҳужжатни чиндан ҳам биринчи бор кўриб туришим. Ўзбекистон президентининг қарорини Вашингтон билан тузилган бир томонлама шартнома, деб қабул қилиш мумкин¸ дейди Брюс Панниэр.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг ҳам шу пайтгача бундай ҳужжат кўрмагани маълум бўлди.

- У ёки бу давлат билан ёки ҳукуматнинг бошқа давлатдаги катта ширкатлари билан муносабатлари акс этадиган ҳужжатлар бўлади, бироқ бирон бир давлат билан ўзаро мулоқотнинг барча йўналишлари махсус белгилаб қўйилган ҳужжатни биринчи кўришим, деди Санобар Шерматова.

Бас, шундай экан, Тошкент-Вашингтон алоқалари юзасидан бундай “беназир” ҳужжатнинг пайдо бўлиши ортида қандай сабаблар ётибди?

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, президент қарори Тошкентнинг ўз ташқи сиёсатида яна бир бор бурилиш ясаётгани белгисидир.

- Бу Ўзбекистоннинг ички эҳтиëжлари билан боғлиқ бўлган бурилиш дейишимиз мумкин. Маълумки¸ Ўзбекистонда ижтимоий ва иқтисодий вазият ҳаддан ташқари мураккаб аҳволда. Ўзбекистон бюджетида пул йўқ. Ҳаттоки Тошкентда ҳам уч-беш ойлаб пенсияларни бера олмаëтгани кузатилиб турилибди. Мана шундай пайтда Ўзбекистон ҳукумати ноиолож АҚШга умид боғлаяпти. Минтақада¸ Афғонистонда шаклланган вазият орқали ўзининг эҳтиëжларини қондиришга ҳараакт қилаяпти¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Брюс Панниэр фикрича, Тошкентнинг Вашингтон билан алоқаларини мустаҳкамлашга интилиши Афғонистондаги вазият билан боғлиқ.

- Менимча, Каримовни Афғонистондаги вазият ташвишга солмоқда. Бу мамлакатда барқарорлик қайта тикланиши учун Вашингтонга ҳар қандай кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини кўрсатиб қўймоқчи¸ дейди Брюс Панниэр.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, президент қарорига геосиёсий ўйинлар призмаси орқали қараш ярамайди.

"Тошкентнинг ташқи сиёсатидаги янги вектордан мақсади битта¸- дейди таҳлилчи, - у ҳам бўлса, иқтисодий фойда олишдир".

Хўш, Тошкентнинг мақсади чиндан ҳам таҳлилчи айтаётгандай бўлса, унга етказувчи омиллар борми?

Тошкентнинг режасидан Вашингтоннинг хабари борми? Бўлса, унинг муносабати қандай бўлади? Таҳлилчилардан бири айтганидай "бир томонлама шартнома" икки томонламага айланиши мумкинми?

Тошкентнинг Вашингтонга яна интила бошлаши унинг Москва ва Пекин билан муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?

Булар Ўзбекистон президентининг бугун ўрганишни бошлаганимиз қарори пайдо қилган саволларнинг баъзилари холос.

Демак, бу мавзуга яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG