Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

АҚШда давлат бюджети қисқариши мумкин


АҚШ президенти Барак Обама 2011 йилги давлат бюджети лойиҳасини Конгресс муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжатда келаси молия йилида давлат сарф-харажатлари 1,56 триллион доллар бўлиши назарда тутилган.

Ўтган йили Конгрессга тақдим этилган АҚШ бюджети 3,7 триллион долларни ташкил этган. Жорж Буш президентлигининг охирги йилида эса АҚШ бюджети 3,5 триллион доллар бўлганди.

Барак Обама журналистларга “одатдаги вақт” бўлганда сарф-харажатни қисқартириб, камомад миқдорини камайтирган бўлишини, аммо АҚШ икки давлатда уруш олиб бораётгани ва мамлакат иқтисодиёти инқирозни бошдан кечираётгани туфайли, шунингдек, кўп йиллар давомида назоратсиз сарф-харажат бўлгани учун вазият кескин чоралар кўришни талаб қилаётганини айтди.

- Бу бюджет мамлакат жиддий қийинчиликларга дуч келаётганини акс эттиради. Биз уруш олиб бораяпмиз. Сўнгги икки йил давомида иқтисодиётимиз 7 миллион иш ўрнини йўқотди. Ўн йил давомида меъёрдан ортиқ қилинган сарф-харажатлар боис ҳукуматимиз катта қарзга ботган, деди АҚШ президенти.

Барак Обама рекорд даражада қарзга ботганлик учун собиқ президент Жорж Буш ва аввалги Конгресс масъул эканини айтди.

- Ўтган 10 йил мобайнида аввалги маъмурият ва Конгресс жуда қиммат бўлган янги дастурларни ишлаб чиқди. Бойлар учун солиқларни кескин камайтирди ва иккита урушни молия билан таъминлади. Ўз навбатида бу иқтисодий инқирозга ва соғлиқни сақлаш хизматлари нархининг ошиб кетишига сабаб бўлди, деди АҚШ раҳбари.

Обама Конгрессга тақдим қилган янги бюджет лойиҳасида ҳозирда 10 фоиздан ошган ишсизлар сонини камайтириш учун 100 миллиард доллар ажратилган. Бу маблағ янги ишчилар ёллайдиган корхоналарга бериладиган солиқ имтиёзлари ўрнини қоплашга, экологик тоза энергия ишлаб чиқариш технологияларини яратиш лойиҳаларига, шунингдек, автомобил йўллари ва кўприкларини таъмирлаш ишларига янги одамлар ёллашга учун сарфланиши назарда тутилган.

Бюджет лойиҳасида 120 та федерал дастурга сарфланадиган маблағни қисқартириш назарда тутилган. АҚШ президенти бу чоралар миллионлаб америкалик оилалар каби Вашингтон ҳам иқтисодий воқеликка жавобан белбоғни маҳкамроқ боғлаётганини кўрсатишини айтди.

- Вашингтон ҳам оилалар ва корхоналар яшаётган принцплар асосида яшайдиган вақт келди. Биз маблағни имкон қадар тежайдиган, зарур нарсалар учун пул сарфлайдиган ва боримизга яшайдиган вақт келди, деди АҚШ раҳбари.

Обама тақдим этган 2011 йилги давлат бюджети лойиҳасида хавфсизлик билан боғлиқ бўлмаган уч йилга мўлжалланган ички харажатларни музлатиш, шунингдек, АҚШ Фазо тадқиқотлар маркази амалга ошираётган Ойга қўниш дастуридан воз кечиш назарда тутилган.

Обама уруш ҳаражатлари учун Конгресс томонидан 192 миллиард доллар ажратилишини сўраган. Собиқ президент Жорж Буш эса 2007 йилда уруш харажатлари учун Конгрессдан 245 миллиард доллар сўраган эди.

Айни пайтда янги бюджет лойиҳасида Давлат департаменти ёки Мудофаа вазирлиги сарф-харажатларини қисқартириш кўзда тутилмаган. Ўтган йил давомида Мудофаа вазирлигига ажратилган маблағ 3,4 фоизга, яъни 18 миллиард долларга кўпайган. Эслатиш жоизки, Ироқ ва Афғонистонда олиб борилаётган уруш учун 2001 йилдан бери АҚШ 1 триллион доллар сарфлади.

Конгрессга тақдим этилган янги бюджет лойиҳасида бу йил 51 миллиард доллар бўлган Давлат департаментининг бюджети келаси йилда 57 миллиард долларни ташкил этиши назарда тутилган.
XS
SM
MD
LG